Хави дербидаги дурангдан сўнг ҳакамлик ҳақида фикр билдирди

Испания Ла Лигаси 15-туридан ўрин олган "Барселона" - "Эспаньол" учрашувидан (1:1) кейин ташкил этилган матбуот анжуманида каталонияликлар бош мураббийи Хави матбуот анжуманида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

"Темпни туширдик, хатолар қилдик ҳамда вазиятлардан фойдалана олмадик. Бу бизнинг айбимиз. Ўйин тақдирини эртароқ ҳал қилишимиз лозим эди. Бугун икки очко йўқотдик. 

Бош ҳакам Матео Лаос одатда босиқлик билан ишларди, баҳснинг боришини назорат қиларди, лекин бугун у бошқарувни қўлдан чиқарди. Унга бу ҳақда айтдим. Лаос карточкаларни мантиқсизлик билан кўрсатди.

Рефери хотиржам ва совуққон бўлиши лозим. Аслида, у шундай ишларди, аммо бугун эмас. Ўйин тизгини қўлдан чиқиб кетди. Лекин мен очко йўқотганимизда уни айбдор деб ҳисобламайман. Барчаси ўзимизнинг қўлимизда эди",-дея фикр билдирди испаниялик мутахассис.

Маълумот учун, бош ҳакам мазкур тўқнашувда ҳар икки жамоанинг бир нафардан футболисига қизил карточка кўрсатди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!