Хави терма жамоани қабул қилишга тайёрланяпти

“Барселона” бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилганидан бери ишсиз юрган Хави Эрнандес кейинги пайтда бир неча клублар билан ҳамкорлик масаласида музокара юритди, бироқ улар муваффақиятли якунлангани йўқ.

Шунга қарамай, испаниялик мутахассис олдида янги вариант пайдо бўлди. Хави Марокаш терма жамоаси бош мураббийлигига номзод сифатида кўриб чиқилмоқда.

Бу ҳақда Marca нашри хабар берди.

Марокаш футбол федерацияси раҳбарияти Валид Реграгининг ўрнига Хави Эрнандесни таклиф қилиш масаласини ўрганиб чиқмоқда, аммо расмий музокаралар ҳали бошланмаган.

Манбага кўра, бу масала марокашликларнинг Африка миллатлар кубогидаги муваффақиятсиз иштироки билан боғлиқ. Жорий йилнинг 18 январь куни марокашликлар Африка миллатлар кубоги финалида Сенегалга қўшимча вақтда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлишди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Хави  2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан термани қабул қилмаслиги мумкин, чунки жамоа ўйинини қуриш учун вақт етарли эмас.

У 2030 йилги мундиал циклида ишлаш имкониятини муҳокама қилишга тайёр.

2026 йилнинг 25 февралида Реграги истеъфо беришга қарор қилгани маълум бўлди. У 2022 йилда Марокашни тарихда биринчи бор жаҳон чемпионати ярим финалига олиб чиққан эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!