Хет-трик ҳақида: "Ҳаракат қилдим, баракасини Худо берди, байрамни чўзиб бўлмасди" ёхуд "Андижон" тўпурари Шаҳбоз Эркинов 2-ўрин кимга насиб қилиши ҳақида нима дейди?
“Андижон” про лигада муддатидан олдин 1-ўринни эгаллаб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди ва шу билан бирга Суперлига масаласини нақд қилиб қўйди. Хуллас, “Бургутлар” ўз олдига қўйилган вазифани шараф билан уддаладилар. Айниқса, бунда жамоанинг тажрибали ҳужумчиси Шаҳбоз Эркиновнинг ҳиссаси катта бўлди.
Бу йил 36 ёшни қаршилаган футболчи “Андижон”га келиб ўзининг иккинчи ёшлигини эслаб қолди, ишонаверинг! Ҳужумчи про лигада шу кунгача 12 та, Кубок баҳсларида 3 та гол урди. Демак, умумий ҳисобда ҳозиргача 15 та голни ҳисобига ёздириб қўйди.
Солиштириш учун айтамизки, Эркинов ўтган йили “Бунёдкор” сафида Суперлигада 20 та ўйинда 2 та гол урганди. Бу йил бўлса, тўпурарлик салоҳиятини намойиш этиб, ҳали ҳам аввалгидек голларга чанқоқлигини исботлади.
Про лиганинг 24-турида “Андижон” “Машъал”ни қабул қилиб 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўша ўйинда Шаҳбоз Эркинов хет-трикка эришди. Шундан сўнг ҳужумчи қатор масалаларда муносабатини айтди.
“Машъал” билан учрашувда жамоада босим бормиди?
- Босим бўлгани йўқ, ютишимиз кераклигини билардик. Ундан аввал “Турон”ни мағлуб эта олмадик. Кейин битта турга ғолиблик байрами чўзилди. “Машъал” билан учрашувнинг бошланишида, айниқса дарвозамиздан иккита гол ўтказиб юборганимиз учун озгина саросима бўлди. Байрамни бунчалик чўзиб бўлмасди. Шунинг учун танаффус чоғида футболчилар билан гаплашиб олдик, иккинчи бўлимга хотиржам чиқдик. Худога шукр, мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлди. Ишқибозларимиз анча жиддий тайёргарлик кўришган экан. Майдонда шунга яраша уларга муносиб жавоб бермаганимизда уят бўларди. Ҳис-ҳаяжон ёки босим бўлгани йўқ. Мавсум тугаяпти, мана шундай пайтда шу каби нарсаларни бўлиши менимча уят ҳам бўлса керак. Қолаверса, олдимизга қўйилган вазифани бажариб бўлгандик. Бошқа пайтга нисбатан бу сафар ўйнаш осонроқ бўларди. Олдимиздаги 4 та учрашувдан 1 тасида ютсак кифоя эди. Шунинг ҳисобига ҳеч қанақа босим бўлмади. Фақат уйимизда ютқазишга ҳаққимиз йўқ эди.
Хет-трикка эришишини ўйлаганмиди?
- 3 та гол уришимни кутмагандим. Бироқ ҳар қандай футболчи ва айниқса ҳужумчи гол уришга интилади. Ўйин чоғида бунинг учун бор кучи билан ҳаракат қилади. Хет-трикка эришишимни кутмаганлигимни айтдим. Чунки ўйинни ёмон бошлагандик. Энг асосийси, жамоамга ёрдамим тегса бўлди. Ҳисоб 2:2 ва 3:2 бўлганидан кейин анча енгил тортдик. Айнан шунча гол ураман деб мақсад қилмагандим. Ҳаракат қилдим, баракасини Худо берди.
Виктор Кумиковнинг дисквалификация туфайли майдон четида эмаслиги жамоага қанчалик билиняпти?
- Бош мураббий майдон четида бўлса, ўша онларда жамоага керакли сўзларни айтиб туради. Масалан, стандарт усулларимиз кам эмас. Шу сабабли ана шундай пайтларда мураббий футболчиларга тегишли кўрсатмаларни бериб туради. Шунинг учун стандартлар бажарилишидан олдин ким нима қилиши кераклиги ёки қайси усулни қўллаш лозимлигини айтади. Бош мураббийнинг майдон четида бўлмаётгани катта таъсир қилгани йўқ. Чунки бир йилдан бери деярли бир хил таркиб билан ўйнаяпмиз. Қаерда ва нима қилиш кераклигини биламиз. Барча футболчи майдондаги функциясини билади. Барибир бош мураббийнинг майдон четида тургани бизга, айниқса ёшларга далда бўлиб туради ва кўрсатмалари билан ёрдам беради.
Вазифани бажариб бўлган “Андижон” энди қолган ўйинлар учун қаердан мотивация олади?
- Қолган учта ўйин масаласи бўйича мотивацияни айтмоқчисиз-да, буни биз футболчилар эмас, мураббийлар штаби ҳал қилади. Бизга ҳали дам бериб, таътилга чиқариб юборишгани йўқ. Балки бироз таътилга чиқармиз деб ўйлагандик, аммо Виктор Балютович йўқ деди ва уч кундан кейин “Бухоро” билан учрашувга тайёрланамиз, деб айтди. Шундан билдимки, демак қолган ўйинларда ҳам максимал даражада ўйнаймиз. Энди қандай таркиб билан ўйнаймиз, ёшларга имконият берадими ёки аралаш таркиб биланми, булардан хабаримиз йўқ. Барчасини мураббийлар штаби ҳал қилади. Барибир ўйнаганимизда кейин мотивация бўлади.
Унутилмас ўйин қайси?
- Ҳамма учрашувни ўзига яраша қийинчиликлари бўлди. Про лига бўлгани билан осон ўйинлар бўлгани йўқ. Қайтанга пастдаги жамоалар билан учрашувларда кўпроқ қийналдик. Барибир менимча, бу ҳолат руҳиятга боғлиқ бўлса керак. Шу сабабли руҳий тайёргарлик ҳам балки бошқачароқ бўлгандир. Шунинг эвазига бўлса керак, пастдаги жамоалар билан баҳсларда яхшигина қийналдик. Мақсади бор рақиблар билан учрашувларда табиийки, осон бўлгани йўқ. Ҳамма учрашувнинг ўзига яраша қийинчилиги бўлди. Қизиқарли, эсда қоларли ўйинлар сифатида ҳамма шуни айтса керак, мухлислар ҳам – охирги дақиқаларда гол уриб ютиб кетган ўйинларимиз. Айниқса, кетма-кет учта учрашувда 90-дақиқадан кейин гол уриб ютган беллашувларимизни айта оламан. Шу ўйинлар анча эсда қоларли бўлди.
2-ўрин кимга насиб қилади?
- Менимча, охирги тургача курашишади. 1 ноябрь куни бу клублар Бухорода ўйнашади ва кўп нарса шунга боғлиқ. Айнан “Бухоро” – “Турон” учрашувининг натижасига кўп нарса боғлиқ бўлади. Башорат қилишни ёқтирмайман. Лекин охирги тургача ҳаммани ўзига яраша қайноқ ҳолатда ушлаб туради. Қизиқ бўлади, албатта. “Бухоро” анча пастда эди, энди очколарни жамғариб “Турон”га етиб олди. Ўз ўйинлари билан имкониятини тиклаб олди. Аммо кимни Суперлигага чиқишини айта олмайман. 21 ноябрь куни биламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар