Хитой футбол лойиҳаси нега “ухлади”? Ëҳуд футболсевар Си Цзиньпиннинг уч орзуси ҳақида

Сўнгги вақтларда Саудия Арабистони жамоаларининг футболда сарфлаётган миллиардлари тез-тез муҳокама марказида бўлмоқда. Айримлар бу вақтинчалик жараён эканлигини, яқин ўтмишда Хитой билан содир бўлган воқеа саудлар билан ҳам юз беришини башорат қилишмоқда. Хўш, катта трансферлари билан шарқий Осиёда "шовқин кўтарган" хитойликларга нима бўлди? Аслида бу "шовқин"нинг мақсади нима эди-ю, нима учун барчаси тўхтаб қолгани ҳақида бироз таҳлил қилишга қарор қилдик.

"АПЛ хавотирга тушиши керак. Хитойликларда уларни ортда қолдириш учун катта молиявий ресурс бор"

Арсен Венгер 2016 йилнинг 4 февралида берган ўз интервьюсида айнан шундай жумлалар бор эди: "Хитой барча Европа лигаларини ортда қолдириш учун етарли молиявий кучга эга". Венгернинг бу сўзлари айтилгунга қадар Паулиньо, Робиньо, Демба Ба, Асамоа Гян, Рамирес, Жервиньо, Жексон Мартинес ва Фредди Гуарин каби Европада кўзга кўринган футболчилар аллақачон "сариқ ўлка"га йўл олган эди. Интервьюдан бир кун ўтгач, "Цзянсу Цунин" жамоаси Алекс Тейшейрани "Шахтёр" (Донецк)дан 50 млн евро эвазига сотиб олди. Франциялик мутахассис ҳақ бўлиб чиқди: айнан ўша йилги қишки трансферлар ойнасида Хитой ҳақиқатдан ҳам харидларга сарфланган маблағлар бўйича Европанинг барча чемпионатларини ортда қолдира олди.

rank5-sports

Аслида Хитой каби иқтисодий тараққий этган мамлакатларда футбол ҳам ривожланиши табиий жараён. Аммо, эволюцион ривожланиш ўрнига революцион сакрашнинг ўзига яраша сабаблари бор эди.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин мамлакат номини жаҳонга танитишда ва ривожланган дунё билан интеграция қилишда спортнинг ўрнини юқори, деб ҳисоблайди.

Тушунарли бўлиши учун барчасини бироз узоқроқдан бошлаймиз. Ўтган асрнинг ўрталарида Тайван ороли билан юзага келган сиёсий сабабларга кўра, хитойлик спортчилар деярли 30 йил давомида Олимпиада ўйинларида қатнаша олишмади. 1980 йилдан сўнг, Хитой яна МОҚ ва ФИФАга қайтди ва "дзюго тижи" лойиҳасини ишлаб чиқишни бошлади. Лойиҳага кўра, ҳукумат мамлакат бўйлаб барча спорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш устида жиддий ишлаши, Олимпиада ўйинларида ғалаба қозониб, мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаши керак бўлган (1956-1976 йилларда жаҳон ҳамжамияти томонидан Тайван ороли ҳудудида жойлашган мамлакат Хитой Республикаси, дея тан олинган ва Олимпиадада қатнашиш ҳуқуқи берилган, биз билган Хитой Халқ Республикаси эса деярли ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган эди).

ХХР раиси - Си Цзиньпиннинг орзулари. . .

Узоқ тайёргарлик ва курашлардан сўнг, Хитой 2008 йилги Олимпиада мезбонлигини қўлга киритади. Мусобақа юқори савияда ўтади, олтин медаллар сони бўйича хитойлик спортчилар биринчи ўринни эгаллашади. Аммо, футболсевар Си Цзиньпин бу натижалардан ҳали кўнгли тўлмаганлигини маълум қилади ва ўзининг уч орзуси ҳақида айтади:

  • Хитойнинг Жаҳон чемпионатига чиқиши?
  • Хитойнинг Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши?
  • Хитойнинг Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлиши.

9ca1b7712028c8a1529cb

Ўз тарихида фақат бир маротаба мундиалда (2002 йил) ўйнаган хитойликлар олдида яна бир катта миссия турган эди. Ҳукумат лойиҳасига кўра, барча инвесторларга Хитой футбол клубларини молиялаштириш тавсия қилинади ва бунинг эвазига уларнинг компанияларига солиқ имтиёзлари берилиши айтилади. Натижада, мультимиллионер корпорациялар футболга катта сармоя билан кириб келади.

  • Alibaba (AliExpress ва Taobao электрон тижорат платформалари эгаси) "Гуанжоу Эвергранд"нинг 50% акцияларини сотиб олади. Бу жамоада Робиньо, Паулиньо ва Жексон Мартинеслар ўйнашади.
  • Greenland (Хитойдаги йирик қурилиш компанияси, жаҳоннинг топ-500 энг йирик компанияларидан бири) эса "Шанхай Шенхуа"ни сотиб олади. Кейинроқ Демба Ба, Гуарин, Тевес ва Эль-Шааравилар шу ерда тўп тепади.
  • Suning (йирик хўжалик техникалари дўкони) "Цзянсу Цунин"ни тўлиқ харид қилиб, Алекс Тейшейра, Рамирес ва Жо каби футболчиларни олиб келади.
  • China Fortune Land Development (қурилиш компанияси, компания раҳбарининг ўзида 4 млрд доллар борлиги айтилади) "Ҳебей"ни сотиб олади. Клубга Жервиньо, Лавесси, Маскерано ва Эрнанеслар олиб келинади.
  • SIPG (Шанхай халқаро порти) "Шанхай Порт" клубини харид қилиб, ўз номини беради. Оскар, Ҳалк, Марко Арнаутович, Асамоа Гян ва ҳамюртимиз Одил Аҳмедовлар шу жамоада тўпланишади.

rank4-sports

2010 йиллардан бошлаб жаҳон футболидаги энг кучли мутахассислар Хитойдан янги таклифлар ола бошлайди. Нафақат номдор футболчи ёки мураббийлар, балки, энг яхши болалар мураббийлари, массажчилар ва ҳатто, витаминологлар ҳам хориждан чақирилади. Энг асосий мақсадлардан бири - 2050 йилгача Хитой жаҳон чемпионатини ютиш керак эди... Умуман мақсадлар рўйхати жуда кенг бўлган:

  • 2020 йилгача - 20 мингта футбол мактаби ва 70 мингта футбол майдончаларини қуриш, уларда 30-50 млн ўқувчиларнинг шуғулланиши;
  • 2030 йилгача - 50 мингта мактаб қуриш, Хитой терма жамоасини Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бирига айлантириш;
  • 2050 йилгача - Хитой терма жамоасини ФИФА рейтингида ТОП-20 таликка олиб кириш ва албатта, жаҳон чемпионати олтин медаллари!

2012 йил Хитой футболининг фахри - "Гуанжоу" академияси очилди. Академия қурилиши учун 185 млн доллар сарфланган. Бу жаҳондаги энг катта футбол академияси ҳисобланади: "Реал Мадрид"да ишлаган 24 испаниялик мураббий 2 577 ўқувчи билан шуғулланади.

42d229cc6b779c89c828d

Катта харидлар ўз натижасини бериб, хитойликлар Осиё Чемпионлар Лигасида кетма-кет зафарли юришларни амалга оширишади. 2016-2017 йилларда Хитой футболи ўзининг энг юқори "пик" нуқтасига чиқади. Лойиҳа натижасини кўра бошлаган кўпгина нисбатан ёш иқтидорли футболчилар ҳам секин-аста Хитойга отланишади: Карраско, Эль-Шаарави, Талиска, Витсел ва ҳоказо. Аммо, умидлар ўзини оқламайди. Ҳукуматнинг яхши нияти билан қилган ҳар бири иши акстаъсир кўрсата бошлайди.

Инқироз сабаблари: легионерлар учун лимит, ўзгарувчан регламент ва расмиятчиликка айланган футбол

Ҳаммаси тушунарсиз лимитлаш сиёсатидан бошланган эди. Хитой чемпионати регламентига кўра, жамоалар 4 нафар хорижлик, 1 нафар осиёлик футболчини рўйхатдан ўтказа олишар эди. Натижада, осиёлик 1 та футболчи позициясига тўғри келадиган футболчилар учун кураш жуда жиддий тус оларди, маҳаллий хитойлик футболчиларнинг нархлари ҳам кескин ошишни бошлади. 35 ёшида "Шанхай Шенхуа"га келган австралиялик Тим Кэхилл барчасини кескин қоралайди: "Одамлар бу ерга аввалгидек футбол учун келишмаяпти. Бу ерда пул ҳукмронлик қилади. Бу мамлакатга ёрдам беради, лекин футболчиларнинг карьерасига эмас. Бу ўта кетган аҳмоқлик, тез орада Хитойнинг ўзида 100 милионлик трансферлар бўлса ҳам ажабланманг".

62568a9c62f378357031a

Хитойликлар ҳар йили лига регламентига ўзгартириш киритишга одатланиб қолишганди. Мамлакат футбол федерацияси раҳбарияти 2017 йилдан бошлаб клублар олдига янги талаблар қўя бошлади: "4+1" легионер лимитидан ташқари, ўйин қайдномасида 23 ёшдан кичик бўлган камида иккита ўйинчи бўлиши, биттаси эса асосий таркибда бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Кейинги лимит бу - клубларнинг харажатларини чеклаш эди. Трансферлар учун 100% солиқ жорий этилди. Агар жамоа янги легионер учун 7 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфлаган бўлса, жамоа худди шу маблағни ёшлар футболини ривожлантириш жамғармасига ҳам тўлаши керак эди.

Янги тизим иш бермади. Хорижликларнинг келиши кескин камайди, борлари ҳам норози кайфиятда эди. 23 ёшдан кичик футболчилар ўйиннинг 2-дақиқасидаёқ алмаштирилган вақтлар ҳам бўлди. Футбол шунчаки расмиятчиликка айланиб бўлган эди.

2019 йил охирида қоидалар яна ўзгартирилди. Энди бутун жамоанинг маош чегараси 142 миллион евро этиб белгиланди. Янги легионерлар лимитига кўра, 5 тагача турли қитъалардан бўлган футболчи харид қилиш мумкин, лекин асосий таркибда фақат 4 таси ўйнаши мумкин эди. Барчаси инқирозга қараб кетаётган эди. Буни ўша вақтда Хитой футбол федерацияси президенти Чен Сююан ҳам таъкидлашга улгурганди: “Агар ўз вақтида чора кўрмасак, кўплаб клублар банкрот бўлишидан қўрқаман”.

Аммо жуда кеч эди. 2020 йилнинг баҳорида "Тианжин Тянхай" банкрот бўлди. Клуб 2019 йил охиридан буён ўзига янги ҳомий қидирмоқда, бироқ уни ҳеч ким текинга ҳам олмади – 145 миллион доллар қарз (100 миллион долларлик активлар) бор эди.

Янги солиқ чекловлари Европа ва Жанубий Америка юлдузларининг қочиши билан тугади: Ҳалк ва Ромуло Бразилияга, Стефан Эль-Шаарави ва Грациано Пелле Италияга, Янник-Феррейра Карраско Испанияга, Саломон Рондон Россияга, Сандро Вагнер ва Обафеми Мартинс ўз фаолиятини якунлашди.

rank6-sports

Умуман олиб қараганда Хитой чемпионати том маънода суперюлдузлар лигасига айлана олмади. Бу ерга худди Саудияда бўлаётгани каби "Олтин тўп" соҳиблари келмади. Хитойликлар ҳатто, ўз вақтида жамоасиз қолиб кетган Бейл, Рибери ёки Фалкао даражасидаги футболчиларни ҳам трансфер қила олишмади. Ëш иқтидорлардан эса фақат Оскарни эслашимиз мумкин. Айни пайтда Хитой чемпионати ОФК коеффициентлари жадвалида еттинчи ўринни эгаллаб турибди (Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Япония, Эрон, Қатар ва Ўзбекистондан кейин) ва ҳозирча янги лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилмаган. Шундай қилиб сершовқин Хитой футболидан фақат "унинг вайроналари" қолди, холос. Саудия-чи? Чин юрти қилолмаган ишни араб диёри қила олармикан?! Буни энди вақт кўрсатади...

Ушбу материални тайёрлашда transfermarkt.com, iffhs.com va sports.ru сайтларидаги маълумотлардан фойдаланилди.

Хусан Собитов

Саудия Арабистонидаги юлдузлар ва уларнинг оила аъзолари яшаш ва ҳордиқ чиқариш учун Баҳрайнни танлашмоқда. Нега айнан Баҳрайн?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!