Хитой клубларининг трансфер рекордлари ТОП-10
Ads

Хитой клублари охирги икки йилда супер трансферларни амалга ошириб, бутун дунё эътиборини ушбу чемпионатга қаратишга ҳаракат қилмоқдалар. Шу боис, биз сизнинг эътиборингизга Хитой клубларининг энг қиммат трансферлари ўнлигини ҳавола қилишни жоиз деб топдик.

10. Паулиньо
Йўналиш: "Тоттенхэм" - "Гуанжоу Эвангард"
Нархи: 11,9 млн.евро

Ўтган мавсумда бразилиялик 26 ёшли ярим ҳимоячи Хитойга кўчиб ўтишга қарор қилди. "Гуанжоу" Паулиньони Лондон клубидан деярли 12 миллион еврога сотиб олди.

9. Рикардо Гуларт
Йўналиш: "Крузейро" - "Гуанжоу Эвангард"
Нархи: 12,75 млн.евро

2014/15 йилги мавсумда Гуларт Хитой чемпионатидаги энг қимматбаҳо футболчига айланган эди. "Гуанжоу Эвангард" ўшанда Рикардо учун 12,75 миллион евро тўлаган эди.

8. Грациано Пелле
Йўналиш: "Саутгемптон" - "Шанден Луненг"
Нархи: 12,97 млн.евро

Бу йилги мавсумда италиялик футболчи "Шанден Луненг" жамоаси билан шартнома имзолади. Пелле учун Хитой жамоаси 13 миллионга яқин пул сарфлади. 31 ёшли футболчи клуб сафидаги энг қимматбаҳо футболчига айланди.

7. Жервиньо
Йўналиш: "Рома" - "Хебей Чина Фортуна"
Нархи: 15,3 млн.евро

Жервиньо Хитой чемпионатидаги энг қиммат африкалик ўйинчига айланди. 28 ёшли ҳужумчи фаолиятининг айни гуллаган даврида "Рома"дек жамоани Осиё қитъаси клубига алмаштиргани кўпчиликни ажаблантирган эди.

6. Элкесон
Йўналиш: "Гуанжоу Эвангард" - "Шанхай СПИГ"
Нархи: 15,73 млн.евро

Бразилиялик 26 ёшли футболчи Хитой клублари ўртасидаги энг қиммат ўйинчига айланди. "Шанхай СПИГ" жамоаси "Гуанжоу Эвенгард"га ўтган мавсумда Элкесон учун 15 миллион евродан ортиқ маблағни аяб ўтирмади.

5. Рамирес
Йўналиш: "Челси" - "Жиангсу Шунинг"
Нархи: 23,8 млн.евро

Ўтган йили Рамирес кўпчиликни хайрат кўчасига етаклаб, "Челси"дан Хитой чемпионатига кўчиб ўтган эди. "Жиангсу Шунинг" бразилиялик ярим ҳимоячи учун Лондон клубига рад этиб бўлмас даражадаги таклифни жўнатди. Табиийки бу таклиф Абрамовични қониқтирди. Натижада Рамирес сариқ қитъага йўл олди.

4. Жексон Мартинес
Йўналиш: "Атлетико" - "Гуанжоу Эвенгард"
Нархи: 35,7 млн.евро

Колумбиялик 29 ёшли ҳужумчи 2015/16 йилги мавсумдан сўнг "Гуанжоу Эвенгард" сафига бориб қўшилди. Мартинес учун ушбу жамоа "Атлетико"га 35 млн.евродан кўп маблағ сарфлади. Жексондан ҳам бундай йўналишни кутганлар кам эди.

3. Алекс Тейшейра
Йўналиш: "Шахтёр" - "Жиангсу Шунинг"
Нархи: 42,5 млн.евро

Тейшейра ўтган йили Хитой футболидаги энг қиммат ўйинчига айланди. Бразилиялик 26 ёшли ҳужумчи Европадаги ёрқин фаолият ва совринлардан, Хитойдаги пулларни афзал кўрди

2. Халк
Йўналиш: "Зенит" - "Шанхай СПИГ"
Нархи: 47,43 млн.евро

Халк "Порту"дан "Зенит"га кўчиб ўтгани сингари, Петербургдан Хитойга қараб йўл олишини ҳам кутишмаганди. Бразилиялик 29 ёшли ҳужумчи учун "Шанхай СПИГ" сал кам 50 млн.евро сарфлади.

1. Оскар
Йўналиш: "Челси" - "Шанхай СПИГ"
Нархи: 60 млн.евро

Хитой клубларининг энг қиммат футболчилари ўнлигидан жой олган 10 футболчининг 7 таси бразилияликлардир. "Шанхай СПИГ" ушбу мавсумнинг ўзида иккита фантастик трансферни амалга оширди. Клуб Халкдан сўнг Оскарни ҳам харид қилди. Шанхайликлар Оскар учун Лондон жамоасига 60 миллион тўлашди.

Фурқат Юсупов тайёрлади