"Хўжанд" устози: "Ўзбекистон чемпионатида маҳоратли ўйинчилар кўп, аммо имкони йўқ, сабаби..."

Фарғонада ташкил қилинаётган анъанавий “Ҳоким Кубоги” турнирида илк бор Тожикистоннинг “Хўжанд” жамоаси ҳам қатнашмоқда.

Ўз мамлакатининг етакчиларидан бири бўлган ушбу клубнинг Фарғонадаги мусобақада қатнашиши унинг нуфузини оширишига хизмат қилса ажаб эмас.

“Хўжанд” бош мураббийи Рустам Ходжаев Sports.uz бир қатор масалаларда ўз фикрларини билдирди.  

Турнирга таклиф ҳақида

- Ҳа, бу биз учун сюрприз бўлмади. Турнирга таклиф қилишди. Жамоамиз учун ушбу мусобақа янги мавсум олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Лекин ҳозир бизда вазият бироз қийинроқ. Сабаби об-ҳаво инжиқликлари боис тайёргарликни кеч бошладик. Шунинг учун ҳозир турнирга тўлиқ таркиб билан кела олмадик. Легионерларимизни виза билан боғлиқ муаммолари борлиги учун ҳали олишмади. Бир қанча футболчиларимиз U-20 терма жамоаси билан Туркия йиғинида юришибди. Бундан фожеа ясамаймиз. Сабабини айтиб ўтдим, бу биз учун мавсумга тайёргарлик ҳисобланади. Барчаси режа бўйича бўлди. Турнирга таклиф қилишгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Муҳими, қандай савиядаги жамоалар борлигига эътибор бердик. Ушбу мусобақа орқали янги мавсумга жиддий тайёргарлик кўрамиз.

рустам3_1

“Ҳоким Кубоги”даги мусобақада вазифа қандай?

- Яна айтиб ўтаман, бу мавсумга тайёргарлик. Лекин биз ҳар битта ўйинга ижобий натижа учун майдонга тушамиз. Ҳар бир баҳсдаги натижа бизни мақсадларимиз сари етаклайди. Омадимиз келиб турнирда ғалаба қозонсак хурсанд бўламиз. Вазифамиз шунчаки яхши тайёргарлик кўриш. Лекин натижа учун майдонга тушамиз.

Рақиблар ҳақида  

- “Ҳоким Кубоги”да олдин бўлмаганман. “Хўжанд” жамоаси ҳам ҳеч қачон қатнашмаган. Биз бу ерга биринчи бор ташриф буюрдик. Рақиблар ҳақида тўлиқ билмайман. Бироқ асосан ёшлар таркиби экан. Ўринбосарлар, фарм-клуб... Бу ҳам қизиқарли, кўрамиз. Ўзбекистонлик ёш футболчиларни кузатиш имкониятимиз бор. Албатта, ўз йигитларимизнинг ҳам имкониятларини яна бир бор кўриб оламиз. Қайси жамоа билан ўйнашнинг фарқи йўқ. Турнирни бошидан кузатиб боряпмиз. Ҳамма жамоаларга чиройли ўйинлар кўрсатиб, асосийси жароҳатларсиз савияли ўтказишларини тилаб, барчага омад ёр бўлишини истаб қоламан.

рустам2_1

Таркибда қандай ўзгаришлар?

- Таркиб бўйича айтадиган бўлсам, Самандар Очилов жамоамизни тарк этди. Эшитишимча, у Ҳиндистон чемпионатига йўл олди. Фирдавс Абдусаломов таркибда қолди. Икки марказий ҳимоячиларимиз ҳам жамоани тарк этишди. Биз уларнинг ўрнини тўлдириш ҳаракатидамиз. Асосий кўплаб ўйинчиларимиз қолди. Ёнига бошқа футболчиларни чақириб, кетганлар ўрнини тўлдирамиз. Ўтган мавсум охирида бир қатор ўйинчилар қолишди. Сабаби вазифа бажарилиб бўлинганди, табиийки, таркибни кучайтирамиз. Ўзбек легионерлари биланми ёки бошқа давлатданми ё маҳаллий ўйинчиларданми, хуллас имкониятимизга қараймиз.

“Хўжанд” устози ўзини Ўзбекистон чемпионатида синаб кўришга тайёрми?

- Ким ҳам савия жиҳатидан ривожланган чемпионатда ишлашни хоҳламайди?! Ҳозир мен Тожикистоннинг яхши бир жамоасини бошқаряпман. Бу эса мен учун ўсишимга ёрдам беради. Тажрибали мураббийлар билан ишлаш ҳам асқотади. Бунинг учун “Хўжанд” жамоаси раҳбарларига миннатдорчилик билдираман.

рустам1_1

Юртимиздан ўйинчиларни таклиф қилмоқчими?

- Ўзбекистон чемпионатидан исталган футболчилар бор, жуда кўп маҳоратли ўйинчилар. Аммо имкони йўқ. Сабаби улар ўз клубларида ўйнашмоқда. Рўйхатимда бир неча футболчилар бор. Лекин номларини айта олмайман. Ўзбек клублари ва футболчиларининг агентлари билан яхши алоқадамиз. Мавжуд имкониятга қараб ўйинчиларни таклиф қиламиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!