Хомяков "Андижон"га қайтадими? "Бухоро" устози бу масалада ўз муносабатини билдирди
Куни кеча хабар бериб ўтганимиздек, “Андижон” клуби бош мураббийликка Александр Хомяков номзодини ҳам кўриб чиқмоқда. Лекин у собиқ жамоасига қайтармикин?
Айни пайтда эса, “Бухоро”да бош мураббий Жамшид Саидовга яқиндан ёрдам бериб келяпти. Ўз навбатида ушбу мутахассис Хомяковга “Андижон”дан тушган таклиф хусусида шундай деди:
- Биласиз, Хомяков “Бухоро”да мен билан ишлаб юрибди. Унинг учун жавоб бермайман. Лекин биз кўп йиллардан бери биргаликда ишлаб келяпмиз. Албатта, ўзининг фикри ва хоҳиши бўлади.
Аммо мен бир нарсани биламанки, Виктор Кумиков унинг мураббийи. Ўйлайманки, устози кетган жойга бормайди. Чунки Виктор Балютовични жуда ҳурмат қилади. Албатта, бу ҳаёт, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Лекин бунгача Хомяков “Андижон”да ишлаб, нима учун кетганини биласиз.
У билан қийинчилик бўлган даврда ишладик. Шунга қарамай, қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик. Бизга ҳам клубдан-клубга кўчиб ўтиш ҳавас эмас. Ҳаммасини Хомяковнинг ўзи ҳал қилади.
Ҳа, мен у билан “Андижон” масаласи бўйича гаплашдим. “Бухоро”га бош мураббий бўлганимдан кейин уни ёрдамга чақирдим. Бухоро футболига ҳиссаси тегяпти. У билан келишувга эришаётганимизда агар яхши таклиф бўлса, кўриб чиқаман, деган. Аммо Хомяков билан бошлаган ишимизни бирга давом эттиришни хоҳлайман, - деди Жамшид Саидов.
Фикрлар