
"Хоразм" Суперлигага қанчалик тайёр?
7 март куни Ўзбекистон миллий чемпионатининг 2025 йилги мавсумига расман старт берилади. Бу йил Суперлигада жамоалар сони 16 тага етказилганини яхши биласиз. Про лигадан нақд 5 та жамоа Лига йўлланмасини қўлга киритди. Айниқса, про лигада 6-ўринни эгаллаган “Хоразм” ҳам қўшимча имтиёз эвазига Суперлигада қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
“Металлург” клуби плей-офф орқали лигада аранг жон сақлаб қолганига қарамай, жамоа иштирокини давом эттира олмаслиги маълум бўлгач, ПФЛ Регламентга биноан иш тутди. Бекободликларнинг ўрнини эгаллаш учун учта номзод – “Олимпик”, “Хоразм” ва “Локомотив” клублари бор эди. Уларнинг орасида урганчликларга Суперлигада қатнашиш насиб қилди. Натижада 15 йил деганда “Хоразм” яна кучлилар орасига қайтди.
Барчаси жамоа учун ижобий ҳал бўлгач, клуб тайёргарлигини янада кучайтирди. Аввалига Тошкентда, кейин эса Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларини олиб борди. Бош мураббий тожикистонлик Ҳаким Фузайловга раҳбарият яна ишонч билдиришда давом этмоқда ва у ўз постида қолди.
Асосий масалалардан бири таркибни кучайтириш билан боғлиқ эди. Жамоа аслида про лигада қолганида ҳам асосий вазифа Суперлигага қайтиш ҳисобланарди ва селекция шунга яраша олиб борилиши кўзда тутилганди. Бироқ лига масаласи ижобий ҳал бўлгач, “Хоразм” тажрибали ўйинчиларни жалб қила бошлади. Шунингдек, бир қатор клублардан ижарага ҳам ўйинчиларни олди. Клуб биринчилардан бўлиб, янги мавсум учун заявкасини эълон қилди. Рўйхатдан жами 29 нафар футболчи ўрни олган. Шундан 4 нафари дарвозабонлар, 9 таси ҳимоячилар, 11 та ярим ҳимоячилар ва 5 нафари ҳужумчиларни ташкил қилади.
Уларнинг орасида легионерлар ҳам бор. Жумладан, “Андижон”да ўйнаган сербиялик Владимир Бубанья таклиф қилинди. Тожикистонлик Шахром Самиев эса ижарага олинди. Шунингдек, “Хоразм” клуби 2022 йилдан бери чемпионатимизда ўйнаб келаётган ва ўтган йили “Динамо” шарафини ҳимоя қилган ганалик легионер Францис Нарх масаласини трансфер ойнаси ёпилаётган маҳалда ижобий ҳал қила олди.
Бундан ташқари, мухлисларимизга яхши таниш бўлган Дилшод Жўраев, Санжар Шоаҳмедов, Илҳом Алижонов, Суннатилла Абдуллажонов, Хумоюнмирзо Иминов, Сардор Қобулжонов, Достон Турсунов каби ўйинчилар ҳам “Хоразм” аъзосига айландилар ва яна бир қанча иқтидорли футболчилар ҳам таркибдан ўрин олишган.
Айтиш керакки, таркиб Анталияда деярли шакллантирилди. “Хоразм” клуби мавсумолди тайёргарлиги давомида пойтахтда ва Анталияда бир нечта ўртоқлик учрашувларини ўтказди.
Қишки йиғинларда ўтказилган ўртоқлик ўйинлари
Хоразм – Динамо – 0:1
Хоразм - Қўқон-1912 – 0:2
Хоразм – Локомотив – 0:1
Хоразм – Бунёдкор – 0:0
Хоразм – Хўжанд – 0:1
Хоразм - Қизилқум –1:1
(Гол: Данила Ежов)
Хоразм - Олимпик Мобиуз – 3:1
(Голлар: Темур Исмоилов, Ихтиёр Тошпўлатов, Данила Ежов).
Хоразм – Иберия (Грузия) – 3:1
(Голлар: Аброр Хусинов, Шахром Самиев (дубль)
Хоразм – Уфа (Россия) – 0:3
Хоразм – Балтика (Роосия) – 0:1
Хоразм – Холабек (Дания) – 2:4
(Голлар: Дилшод Жўраев, Бобур Собиров)
Бир сўз билан айтганда, Ҳаким Фузайлов бошчилигидаги “Хоразм” яхши селекцияни олиб борди ва мавсумга шай ҳолатда. Урганчликларнинг стадиони таъмирланаётгани боис ўзининг уй учрашувларини Тошкент вилоятидаги “Дўстлик” стадионида ўтказиб туради. Илк турни эса 9 март куни “Шўртан”га қарши ўйин билан бошлайди.
Фикрлар