Хуш келибсиз, жаноб Секейра! Бу ер - Ўзбекистон…

Хабарингиз бор, кеча Ўзбекистон Суперлигасининг 2021 йилги мавсумига старт берилди. Илк кунданоқ, футболимиз ихлосмандлари супер қарама-қаршилик ва шиддатли беллашув гувоҳига айланди. Жорий мавсум халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган Олмалиқнинг АГМК жамоаси мавсум оралиғида буткул янгиланган ва ўз олдига улкан мақсадлар қўйган “Локомотив”ни қабул қилди. 

Ўйин картинаси хусусида, ҳамкасбим Яҳёхўжа Улуғхўжаев анча тўлиқ маълумот берди ва унинг қарашларига кўп жиҳатдан қўшилиш мумкин. Қуйида ушбу мақола линкини қолдирамиз ва ўзингиз баҳо беришингиз мумкин бўлади:

Олмалиқни «ёндирган» Фортес ёҳуд Қосимов Секейрани «уйғотиб юборди»!

Микаэль Секейра аввал бошиданоқ, португалча жозибали ўйинни тарғиб қилиши кутилганди ва мавсум аввалидаги интервьюлари орқали ҳам ўзбек футболига янгича услуб билан кириб келмоқчилигини билдириб ўтди. Яхши, футболимиз ранг-баранглиги учун мана шу каби турфа ғоя эгаларининг бўлиши фойдали. Аммо масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Микаэль Секейра ўз футболини қисқа паслар устига қуришни режа қилганини кўрдик. “Темирйўлчилар” кеча бўлиб ўтган беллашувда ҳадеганда тўпни тепиб юборишмади. Қанотларда ўйнаган футболчилар ўз позицияларида турган кўйи, марказий ҳужумчиларга тўп узатишдан ўзини тийди. Жавоҳир Сидиқов ўзи ҳаракат қилган чап қанотда тўпни эгаллар экан, максимал равишда жарима майдони ичигача кириб борди. Аммо футболимизда ижрочиларнинг етишмовчилиги кундек равшан бўлган муаммоку, тўғрими?! 

IMG_0306

Учрашув аввалидаги 3 дақиқада “Локомотив” футболчиларининг камида 4 таси майдон сирпанчиғлигидан йиқилиб тушди. Дастлабки дақиқадан кичик узатмалар билан ўйинни назорат қилишни мақсад қилган клуб футболчилари учун бу ўта кутилмаган ҳолат бўлди. Эътиборлиси, Секейра шогирдлари баҳс стартидаёқ, айнан узун пас туфайли гол ўтказиб юборди. Ўша вазиятда олмалиқликларнинг нидерландиялик футболчиси Элвин Фортес танасининг қайси қисми билан тўпга зарба берганини тўлиқ англамай ҳам қолдик.

Бироқ муҳими, тўп дарвоза тўридан ўрин олди ва Фортес янги мавсумимизни очиб берган голга муаллифлик қилди. Ўша вазиятда “Локо”га дарвозабоннинг жой танлашда амалга оширган хатоси ҳам панд берди. Фортесга узатиб берилган тўп анча узоқдан оширилганди ва легионер ҳам унга тўлиқ мослаша билмади. Жавоҳир Илёсов эса, шу куни ўзига умуман ўхшамади. Секейра энг сўнгги ҳимоя чизиғида ҳам футболчиларидан тўпни тепиб юбормасликни ва биринчи пасни айнан дарвозабон беришини талаб қилаётган кўринади. Бир эмас, бир нечта вазиятда Илёсов очиқ шеригини ахтариб, тўпни йўқотишга яқин келди. АГМК футболчилари дарвозабоннинг беқарор ўйинини ўз вақтида фаҳмлаб, узоқ масофадан кетма-кет зарбалар йўллай бошлади. Бу самара берди, деб айта оламиз. Сабаби, жуда кўплаб оддий ва дарвозабон ушлаб олиши мумкин бўлган вазиятларда Жавоҳир тўпни қўлидан чиқариб юборди ва кераксиз бурчак зарбаларига сабабчи бўлиб қолди. Илёсовнинг тўпга чиқишдаги ишончсиз ҳаракатларини ҳам таъкидлаб ўтишга мажбурмиз, бир нечта вазиятда “кончилар” марказий ҳужумчиси Александр Касьян голга яқин келди. Фақатгина омад “Локомотив”ни қўшимча голлардан сақлаб қолди. 

IMG_0364

Кимдир айтиши мумкин, футболимизга айнан кичик квадратлардаги комбинациялар етмаётганди, Секейра ушбу футболни давом эттириши керак. Ҳа, тўғри фикр - бизга шундай чиройли, жозибали футбол керак. Бироқ, кеча “темирйўлчилар” чим сифати бўйича Суперлигада анча юқори ўринда турадиган ОКМК стадионида ўйин ўтказди. Ваҳоланки, мамлакатимиздаги барча майдонларда ҳам майса сифати Олмалиқдагидек эмас. Бундай майдонларда португалча юқори ижро маҳоратига эҳтиёж сезадиган комбинацион ўйинни шакллантириш оғир. Демак, хорижлик мутахассис футболимизга мослашишга мажбур. 

IMG_0372

“Локомотив” ўйинининг камчиликлари ҳақида кўп гапирдик, аммо аслида жамоадаги ўзгаришларни анча ижобий баҳолаш мумкин. Боиси, биринчи ўйиндаёқ, Ўзбекистоннинг байроқдорларидан бирига нисбатан бу қадар шиддатли қарама-қаршиликни юзага келтириш юксак салоҳиятни талаб этади. 

Ёдингиздами, Шота Арвеладзе ҳам “Пахтакор” бош мураббийлигига келган дастлабки даврларда қандай қийинчиликларни бошдан кечирганди. Якуний мавсумида ОЧЛда кўрсатган ўйини эса кўпйиллик меҳнат нима учун олиб борилганини кўрсатиб қўйди. Биз жуда тартибли ва чиройли футбол намойиш этадиган “Пахтакор”нинг ўйинидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдик. 

Микаэль Секейранинг мураббий сифатида кучли шахс эканлиги шогирдларининг у берган кўрсатмаларни оғишмай бажаришга интилганидан кўриниб турибди. Ҳа, ҳозирча кичик хатолар мавжуд. Бироқ, бу вақт ўтиши билан тўғриланиши мумкин бўлган жиҳат. Бундан ташқари, португалиялик мураббий қўл остида етарли захира имкониятлари мавжуд. Улардан оқилона фойдалана олган тақдирда, “Локомотив” узоққа боради. Айниқса, испаниялик ҳимоячининг таркибга жалб этилиши мураббийнинг мақсадлари анча жиддий эканини билдиради. Кечаги беллашувда Диего Барданканинг яққол хатоларига гувоҳ бўлмадик. Аммо у билан мудофаа ишларида ҳаракат қилган Ислом Қобилов ва Шуҳрат Муҳаммадиев жуда кўплаб вазиятларда испаниялик футболчини тушунмай қолди. Иккинчи голда сунъий офсайд ҳосил қилишда Ислом Қобиловнинг орқада қолиб кетгани панд берди, Муҳаммадиев эса қанотидан ўтиб кетаётган футболчини тўхтатиб қолишга ожиз эди. Балки, тил масаласида футболчилар қийинчиликка учрагандир. Ўйин вақтида мулоқот бўлмас экан, ўзаро тушунмовчилик оқибатида голлар қўйиб юборилаверади. Беллашув мобайнида Барданка мунтазам равишда қўл ҳаракатлари билан ҳимоя линиясини бошқариб турди. Сунъий офсайд ҳолатларини юзага келтиришда эса, бизнинг футболчиларимиздан бири орқада қолиб кетмоқда. 

IMG_0275

Яна бир жиҳат эътиборимни тортди: ўйиндан кейинги матбуот анжуманида журналистлар томонидан берилган саволларнинг аксариятига португалиялик мураббий мавҳум жавоблар тақдим этди, қайсидир маънода, жавоб бермади, десак ҳам бўлади. Бу биз, журналистларни ранжитиши табиий. Бироқ, Секейра ўз режаларига эга эканлиги кўзларидаги ишонч ва қатъиятдан кўриниб турганди. Юқоридаги фикрларимиз орқали унинг танлаган йўли мутлақ нотўғри, дейишдан йироқмиз. Бу шунчаки, биринчи ўйиндан кейинги фикрлар. Ҳар ҳолда, “Локомотив” мавсумолди ўртоқлик учрашувларининг барчасини ёпиқ тарзда ўтказди ва уларнинг услуби ҳақида маълумотга эга эмасдик. Олдинда кутиб турган беллашувларда жамоага омад тилаймиз ва уларни диққат билан кузатишда давом этамиз. 


Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
10/03/2021 12:38
Pas uynash buyicha. Nasafka ting keladigani yuq.