Яна бир катта турнир Холандсиз ўтади!
2022 йилнинг ёзида "Манчестер Сити" "Боруссия"дан 60 миллион евро эвазига Эрлинг Холандни сотиб олди. Жамоа у келиши биланоқ Чемпионлар лигаси, АПЛ ва Англия кубогини қўлга киритиб, требль қайд этди. Ҳужумчи эса 53 та ўйинда майдонга тушиб, 61 та голда иштирок этди. Шу билан бирга, Гвардиола футболига мос тушмайди, деган тушунчани йўқ қилиб, асосий ғалабалар калити сифатида кўрилди. Айниқса, "шаҳарликлар"нинг энг катта орзуларидан бири бўлган ЕЧЛни ютишда унинг ҳиссаси катта бўлди. Холанд ажойиб мавсум ўтказганидан кейин "Олтин тўп" учун курашга қўшилди. Айни пайтда дунё иккига бўлинган: Баъзилар бу совринга 23 ёшли ҳужумчини лойиқ кўрса, баъзилар жаҳон чемпионлигини тоши оғирроқ эканлигини айтишмоқда. Аммо бу бошқа мавзу, шуниси аниқки, Эрлингни "Олтин тўп"дан мосуво қилган яна бир омил бу - терма жамоа!
Холанд 2000 йил Англиянинг Лидс шаҳрида туғилган. Ўша пайтда унинг отаси Алфь-Инге Холанд "Лидс" шарафини ҳимоя қиларди. Орадан 3 йил ўтиб, ҳимоячи жиддий жароҳат олади ва футболчилик фаолиятини якунлайди. Шундан сўнг улар Норвегияга кўчиб кетади, яъни кичик Холанд инглиз эмас, балки скандинавиялик бўлиб тарбия топади. Шу сабабли ҳам унда "уч шерлар" сафида тўп тепиш имкони бўлганда, рад жавобини бериб, Норвегияни танлайди. Буни футболчининг ўзи ҳам тасдиқлаган: "Мен Англияда 3, 4 йил ва умримнинг қолган қисмида Норвегияда яшадим. Бу терма жамоани танлашимнинг асосий сабаби ҳам шунда. Агар отам Манчестерда қолганида, балки инглиз бўлардим", - деган Холанд "Goal" нашрига.
2021 йилда Норвегия Қатардаги мундиал саралаши учун курашда "G" гуруҳдан жой олиб, Туркия ва Нидерландиядан кейин 3-ўринни эгаллаб, ЖЧ йўлланмасини қўлдан чиқарди. Биз ўтган йили бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатини Холанднинг голларисиз томоша қилдик. Ундан олдинги "Евро-2020" турнирида ҳам "викинглар" иштирок этмаган. Эрлингнинг терма жамоадаги фаолиятини танқид қилиб бўлмайди. Сабаби, у 27 та ўйинда майдонга тушиб, 27 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлган. Аммо яна бир катта турнир Холандсиз ўтадиган бўлди.
"Евро-2024" саралашидан ўрин олган учрашувлар ўз ниҳоясига етиб, турнирга йўл олаётган жамоалар номи маълум бўляпти. Шу билан бирга, Германияга бормайдиганлар номи ҳам аниқлашиб бормоқда. 10-турга келиб, бўш ўринлар 7 та қолди. Норвегия "B" гуруҳидан жой олган бўлиб, Испания ва Шотландиядан кейин 3-ўринда турибди. "Викинглар" 10 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Улар бу терма жамоаларга қарши ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади. Фақатгина сўнгги ўйинда Шотландия билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади. Қаҳрамонимиз Холанд эса 6 та гол уришга улгурди. Норвегия аллақачон турнирга саралаш орқали чиқа олмаслиги маълум бўлганди. Сольбаккен шогирдлари Миллатлар лигаси орқали "Евро-2024" ўйнаши мумкин эди, лекин Исроил бу ўринни илиб кетди. Хуллас, математик жиҳатдан норвегияликларда имкон қолмади.
Агарда ўшанда футболчининг отаси жиддий жароҳат олиб, фаолиятини якунламаганида, балки Эрлинг Англия терма жамоаси либосида майдонга тушаётган бўларди. Аммо "уч шерлар" таркибида Харри Кейндек страйкернинг бўлиши, муаммога айланиши мумкин бўлар, ёки бунинг акси инглизлар Холанд ва Кейн тандемини яратиб, аллақачон соврин ютган бўларди.
Ҳозир Холанднинг "Евро-2024"да майдонга туша олмаслиги унчалик фожиа бўлиб кўринмас. Аммо тасаввур қилайлик, кейинги "Олтин тўп"ни Мбаппе ютса ва бунга унинг "Евро-2024"даги ўйинлари сабаб бўлса, дунё яна иккига бўлинади. Сўнгги пайтларда "Олтин тўп"ни қўлга киритган футболчиларга эътибор берайлик: Месси, Модрич каби футболчилар айнан терма жамоадаги ўйинлари эвазига ғолиб чиқмадими? Бензема бундан мустасно, лекин 2022 йилда на Евро, на Копа Америка ва на Жаҳон чемпионати ўтказилди.
Фикрлар