Яна ўша Италияда яна ўша машмаша. Ноқонуний пул тикиш, допинг ва бошқа муаммолар нима сабабдан юзага келмоқда? (катта таҳлилий мақола)

Охирги пайт Италия футболида бир қатор муаммолар яна юзага чиқа бошлади. Дастлаб "Ювентус" билан бошланган пул ювиш масаласи кейинчалик допингга, ундан сўнг эса футболчиларнинг ноқонуний пул тикиш ҳолатларининг пайдо бўлиши билан давом этди. Ҳозир итальян футболи 2000 йиллар бошидаги каби ботқоқлик сари жадал қадам ташламоқда.

Нимага бундай? Балки биз сал ошириб юборгандирмиз. Йўқ, асло ундай эмас. Доим қизиқарли ва сирли бўлиб келган Италия футболи ростан яна булутли кунларни бошдан кечириш арафасида. Қуйида бўлиб ўтаётган вазиятларга батафсил изоҳ беришга ҳаракат қиламиз. Бошлашдан олдин сизга мароқли мутолаа тилаб қоламиз!

fagio

Ноқонуний пул тикиш можароси қандай бошланди?

Ушбу ишлар дастлаб Турин прокуратурасининг ноқонуний онлайн платформалар орқали қимор ўйинларида пул тикиш бўйича тергов ишидан бошланди. Терговчилар маълумотлар базаси, архив ва транзакцияларни сканердан ўтказишди ва унда Николо Фаджолининг исм-фамилияси ҳам чиқиб келди. Шундан сўнг, текширувлар октябрь ойининг биринчи ҳафтасидан кучайтирилди. Фаджоли Турин прокуратураси ва Италия футбол ассоциацияси томонидан сўровларга чақирилди. 

Ўтмишда юз берган шу каби воқеалар билан таққослаганда, буниси тубдан фарқ қиладиган ҳолат экани кўзга ташланади. Италия футболида 1980 йилларда "Олтин Тўп" соҳиби Паоло Росси 2 йилга дисквалификация қилинган. Авваллари ўйинчилар фақат ўйин натижалари учун пул тиккан бўлса, энди замон ривожланиб, улар сариқ карточка, голлар ва шу каби кўп воқеликларнинг содир бўлишига инвестиция киритмоқда. 

Италиянинг Спорт адолати кодекси 24-моддасида профессионал футболчилар Италия футбол ассоциацияси, УЕФА ва ФИФА томонидан ташкил этилган расмий учрашувлар учун бевосита ва билвосита пул тикиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Яъни футболчилар ўзлари иштирок этмаган ўйин бўлсада, улар учун пул тика олмайди. 

Энг қизиғи, тергов жараёнига ҳали клуб расмийлари, агентлар ва мураббийлар чақирилмаган. Агар улар билан ҳам камида шунча нарса чиқадиган бўлса, қолганини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг...

беттинг

Пул тикувчи платформалар ўзи нима ва улар қандай ишлайди?

Ноқонуний пул тикиш платформалари ҳақида сўз очмоқчи бўлганимизда, биз Италия ҳукумати томонидан назорат қилинмайдиган ва тартибга солинмаган платформалар ҳақида гапиришимиз керак бўлади. "La Gazzetta dello Sport" нашрининг хабар беришича, Италияда 10 мингга яқин шунга оид веб-сайтлар мавжуд бўлиб, Италия расмийлари буларнинг барини тахминан 18 МИЛЛИАРД еврога баҳолаган, нақ 18 миллиардга.

Ушбу веб-сайтлардан фойдаланадиган шахслар кўп сабабларга кўра шу усулдан фойдаланади. Энг асосий сабаб - уларни расмийлар ва ҳукумат кузата олмайди. Лекин улар пул тикишингиз мумкин бўлган чекловлари бор баъзи қонуний платформалардан фарқли ўлароқ, хоҳлаганча пул тикиш имкониятини тақдим этади.

Бу платформалар жиноий ташкилотларга тегишли ва улар томонидан назорат қилинади, деган кенг тарқалган фикрлар ҳам йўқ эмас. Яқинда бошланган терговларда ҳам биринчи навбатда шуни исботламоқчи бўлишди. Аммо ҳозирча итальян прокуратураси футболчиларни айблашдан уёғига ўта олганича йўқ...

corona

Фабрицио Корона дегани ким?

Агар сиз пул тикиш можароси ҳақидаги хабарларга кўзингиз тушган бўлса, Италияда жуда машҳур шахс Фабрицио Коронанинг исмини ўқиган бўлишингиз керак. У 2000 йиллар бошида "Vallettopoli" деб номланган яна бир жанжал билан шуғулланганидан кейин таниқли шахсга айланди. Корона "Италия папарацилари қироли" ҳисобланган, футболчи ва телевидение шахсларини компромат фотосуратлари билан "шантаж" қилганликда айбланган. Айрим манбалар уни Италия собиқ бош вазири, "Милан", "Монца" каби жамоалар президенти бўлган марҳум Силвио Берлусконининг энг ишонган медиадаги вакили, деб ҳисоблайди. 

Корона 2023 йил сентябрь ойида 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиқди. Юқорида айтганимиздек, Фабрицио фирибгарлик ва туҳмат қилишда айбланиб, қамоққа олинганди. 

Озодликка чиққан қаҳрамонимиз бир неча кун ичида ўзининг янги веб-сайтини ишга туширади. У ерда Корона Фаджоли, Дзаньоло, Тонали ва бошқа кўплаб Италиянинг ёш ва умидли футболчиларининг кирдикорларини ёзиб боришни йўлга қўяди. Ҳозирда фақат шу уч футболчи бўйича жиддий текширув ишлари кетмоқда. Бироқ Фабриционинг сўзларига кўра, рўйхат ҳали жуда узоқ давом этиши ва ҳатто, таниқли ҳамда жаҳон даражасидаги юлдузлар ҳам шу иллат орқали футбол билан хайрлашиши мумкинлигини қайд этган.

 

Биз бу муаммолар ҳақида батафсил ёзишни истаймиз, албатта. Аммо ҳозирги матннинг узун бўлиб кетганлиги боис мақолани шу ерда тўхтатамиз.

Шунга қарамай, ушбу мақоланинг изоҳлар бўлимида 10 га яқин коммент қолдиринг ва биз сиз учун можаролар ҳақидаги иккинчи қисмни эътиборингизга ҳавола этамиз.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Sobirjon__0080
30/10/2023 10:28
2chi qism xam chiqsin