Яна ўша Негрейра иши! Ла Лига президентининг бунга муносабати ва "Барса"ни кутиб турган қўрқинчили чоралар

Ла Лига президенти Хавьер Тебаснинг фикрича, "Барселона" Негрейра иши тафсилотларига ойдинлик киритиши лозим. 

Аввалроқ, 17 апрель куни "Барселона" матбуот анжумани ўтказишни режалаштираётгани ва унда клуб президенти Жоан Лапорта ҳакамлар қўмитаси собиқ вице-президенти билан биргаликда тўловлар борасида журналистларнинг саволларига жавоб бериши ҳақида айтганди. 

Эслатиб ўтамиз, прокуратура "Барселона" собиқ президентлари Хосеп Бартамеу ҳамда Сандро Россель даврида ҳакамлар қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейра билан тўловлар бўйича коррупцион ҳолатлар бўлиши мумкинлиги юзасидан судга мурожаат қилганди. "Кўк-анорранглилар" раҳбарияти 2001 йилдан 2018 йилга қадар Негрейра томонидан тайёрланган ҳакамлар ҳисоботи учун доимий тарзда пул тўлаб келгани ҳақида маълумотлар бор. 

negreira

Хавьер Тебас: 

"Тушунтириш вақти келди. 19 апрель куни клуб вакиллари қолганлар билан гаплашиб олиши лозим (Негрейра иши бўйича Ла Лиганинг навбатдан ташқари йиғилиши айнан шу санада ўтказилиши режалаштирилган). 

Бу испан футболи обрўсига катта путур етказиши мумкин бўлган ҳолатдир. Орадан икки ойдан кўп вақт ўтди. Улар UEFA ва FIFA'га кўплаб мактублар йўллади. Кўрамиз, улар бизнинг олдимизда ҳам вазиятга ойдинлик кирита олармикан. 

Нега клуб 20 йилдан бери ҳакамлар техник қўмитаси вице-президентига миллионлаб доллар тўлаб келди? Нега бу жаноб солиқ идорасига буларнинг барчаси бетарафликни вужудга келтириш учун қилинган, деб айтди? Нима сабабдан Негрейранинг ўғлига ҳам клуб учун ҳисобот ёзиш вазифаси топширилган? Буларнинг барчасига тушинтириш берш лозим.  

Келинг, булар уни қандай амалга оширишини кўрамиз. Бошқа испан клублари вакиллари ва ОАВ каби мен ҳам ҳаяжондаман", - деди Ла Лига президенти. 

tebas


"Барслеона" ушбу ҳолат бўйича айбдор деб топилса, бу клуб учун оғир зарба бўлиши мумкин. Мазкур воқеа содир бўлган тақдирда, Ла Лига "Барселона"дан очко олиб ташлаши ёки клубни Сегундага тушириб юбориши мумкин. Шунингдек,  UEFA ҳам каталонияликларни 1-2 мавсумга еврокубоклардан четлаштириши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиқди. 

Бу каби чоралар клубнинг молиявий ҳолатига жиддий зарар келтиради. Сабаби, "кўк-анорранглилар" айни вақтда молиявий томондан катта захирага эга эмас ва узоқ муддатли ҳомийлик шартномаларига эга. Клуб еврокубокларда ва Ла Лигада иштирок этмаган тақдирда, ҳомийлик шартномаларининг бекор бўлиши, шунингдек, телетрансляция ва чипта сотувидан келадиган маблағ кескин пасайиб кетиши мумкин. 19 апрель куни барчасига ойдинлик киритилади. "Барселона" билан ҳаммаси яхши давом этиши ёки "кўк-анорранглилар" тарихида  ҳали бўлмаган инқирозли давр бошланиши мумкин. 

lapporta


                                                                                                                      Худайқулов Карим тайёрлади 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!