"Янги Зеландияни ҳисобдан чиқармаган бўлардим, Гватемалани билмайман" ёхуд терма жамоамиз мундиалда совриндорлар қаторидан жой оладими? Мутахассис жавоб берди
20 майдан 11 июнга қадар Аргентинада U20 жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда Осиё чемпиони сифатида Ўзбекистон терма жамоамиз ҳам иштирок этади ва куни кеча вакилларимиз мундиал учун жўнаб кетдилар.
Барчамизни U20 терма жамоамиздан умидимиз катта. Гуруҳимизни биласиз, “А” гуруҳида Аргентина, Янги Зеландия ва Гватемала рақибимизга айланишган.
Таниқли мутахассислардан бири Жаъфар Ирисметов терма жамоамиз таркиби, рақиблар ва мундиалдаги имкониятимиз хусусида ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.
“Таркиб масаласи бўйича бош мураббий Равшан Ҳайдаровнинг ўзи ҳал қилади, - дея гап бошлади, Жаъфар Турсунбоевич. - Менимча, муносиб ўйинчиларни олган, деб ўйлайман. Энг кучли йигитлар. Фақат ачинарлиси Шахриёр Жабборовнинг рўйхатдан тушиб қолгани. У жуда керакли ўйинчи эди. Қолганлари ҳаммаси яхши. Ҳозирги кундаги энг кучли футболчилар. Рустам Турдимуродовнинг қўшилганидан хурсандман. “Пахтакор”да ўзим уни кузатганман. Потенциали юқори футболчи. Бироқ ҳужум чизиғимизда кучли ҳужумчилар камроқ. Асосан ўртада ўйнайдиган яхши савияли футболчилар бор. Умуман олганда, Ҳайдаров ўзи яхши билган ўйинчиларни олган. Умид қиламанки, йигитларимиз муносиб ўйин кўрсатишади, деб ҳисоблайман.
Ўзбекистонда ўйнаганимиз билан у ердаги ўйинларни таққослаш қийин бўлади. Осиё чемпионатида бир бош баланд сакрашди. Чунки у ердагилар рақиблар кучли эди. Энди жаҳон чемпионатида гуруҳимиздаги жамоаларга келсак, Аргентина, Янги Зеландия ва Гватемала билан ўйнаймиз. Уларни бўш деб ҳисоблаш керак эмас. Жаҳон чемпионатига чиқишдими, ҳаммаси муносиб. Янги Зеландия менимча кўпроқ Англия футболига таяниб ўйнайди, деб ўйлайман. Ўйинчилари бақувват, стандартларга эътибор қаратишади. Гватемалани тўғриси кўрмаганман, футболини билмайман, ҳеч нимасидан хабарим йўқ. Шунинг учун бирор нима дейишим қийин. Лекин улар жаҳон чемпионатидами, демак ниманидир ҳисобига чиқишган. Аргентина ўзи чиқолмаган, мундиалга. Фақат мундиални ўзида қабул қилаётгани учун қатнашиш имконияти пайдо бўлди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам барибир Аргентина. Бунинг устига акалари жаҳон чемпиони бўлишганидан кейин улар ҳам ҳаракат қилишади. Йигитларимиз гуруҳдан чиқишади, у ёғи лотерея, кимга тушишига боғлиқ. Янги Зеландияни ҳисобдан чиқариб юбормаган бўлардим. Агар Гватемала ҳақида билганимда улар ҳақида ҳам нимадир айта олардим. Назаримда, Ўзбекистон, Аргентина ва Янги Зеландия ўртасида гуруҳдан чиқиш учун жиддий кураш кечади. Қолгани йигитларимизни, Равшан Ҳайдаровни маҳоратига боғлиқ.
Айтилганидек, жаҳон чемпионатига чиқиб, музқаймоқ еб келадиган бўлиб қолмайлик. Нимагадир эришиб қайтишларини истаймиз. Таркибдаги кўп ўйинчиларни яхши биламан, потенциали кучли йигитлар. Масалан, Аббос Файзуллаев.
Албатта, терма жамоамиз жаҳон чемпионатида совринли ўринлар учун курашишса хурсанд бўлардим. Вакилларимизни гуруҳдан чиқишига ишонаман. Қолгани кимлар рақиб бўлишига боғлиқ. Йигитларимиз ўзимизда ўтган Осиё чемпионатида стадион тўла мухлислар қаршисида ўйнашди, қўллаб-қувватлаш ҳам кучли бўлди. Жаҳон чемпионатида бошқача бўлади. Бундай пайтда мураббийларимизни маҳорати биринчи ўринга чиқади. Равшан ака халқаро турнирларни ютган мутахассис. Шунинг учун мураббийимизда тажриба бор. Худо хоҳласа, терма жамоамиз мундиалда узоқроққача боради ва совринли ўринларни олиб келади, деб умид қиламиз”, - дея муносабат билдирди, Ирисметов.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар