"Йигитларни савияси жуда баланд, легионер ҳужумчи оламиз" - "Пахтакор" бош мураббийи яна нималарни айтди?
Ўзбекистон Кубогининг амалдаги соҳиби “Пахтакор” ҳам Анталияда астойдил тайёргарлик жараёнини ўтказмоқда.
Янги мавсумда ҳам “Шерлар” чемпионлик учун асосий даъвогарлар қаторида тилга олинаётгани бежиз эмас. Таркиби кучли ва савияли ижрочилар жалб қилинди.
Sports.uz журналисти “Пахтакор” бош мураббийи Камолиддин Тожиев билан суҳбатлашди.
- Бош мураббий сифатида жамоангизнинг Анталиядаги йиғинидан қай даражада қониқиш ҳосил қиляпсиз? Масалан, плюс ва минуслари...
- Бизда барча футболчилар профессионал. Барча айтган кўрсатмаларимизни тўлиқ бажаришяпти. Қийналаётган жойимиз йўқ. Буни йигитларни савиясидан келиб чиқиб айтяпман. Уларни савияси жуда баланд. Қийинчилик кўрмаяпмиз. Бутун вазифаларни тўлиқ бажаришяпти.
- Ўтказилаётган назорат учрашувларидан ҳам қониқяпсизми?
- Кўрган бўлсанглар, биринчи йиғинда кўпроқ ёшларни ўйнатдик. Бир қатор футболчиларимиз терма жамоада эди. Шунга яраша даражаси юқори клублар билан ўйнамадик. Барибир ёшлар бўлса ҳам қўйилган ҳамма вазифани тўлиқ бажаришди. Уларга имконият бердик, ёмон таассурот қолдиришмади. Иккинчи йиғинда барча кучли рақиблар билан ўйнаяпмиз. Тўлиқ таркибда йиғилганмиз. “Қайрат” ҳамда Молдованинг “Петрокуб” каби жамоаларига қарши ўйнадик. Украина клублари билан ҳам беллашдик ва яна иккита ўйинимиз турибди. Шуларни ўтказиб ортга қайтамиз. Йиғиндан қониқиш ҳосил қиляпмиз. Футболчиларимиз 100 фоиз эмас, 120 фоиз бор кучини бериб ишлашяпти. Йигитларни савияси жуда баланд.
- Селекция борасида ҳам сифатли футболчилар “Пахтакор”га жалб қилинди. Масалан, Насруллаев, Бозоров, Қувватов, Мозговой...Умуман, трансфер сиёсати ўзингиз истаган даражада бўляптими?
- Трансферлардан тўлиқ қониқяпман. Бу бир-икки ойда бўлаётган нарса эмас. 6-7 ой олдин ҳам режа қилганмиз, шунга асосан футболчиларни оляпмиз. Кўряпман, кўникишлари енгил ўтяпти. Ҳамма бир-бирини танийди, терма жамоада бирга ўйнашади. Трансферлардан қониқяпмиз. Олдинги чизиққа ҳужумчи олсак, шу билан кўнглимиз тўлади.
- Айнан қандай футболчи изланяпти? Музокара қайси босқичда?
- Легионер ҳужумчи бўлади. Иккита музокара ўтказяпмиз, бир-икки кун ичида ҳал бўлиб қолиши керак.
- Ўтган йили “Бобур арена”да Кубок финалида “Бухоро”ни ютдинглар, бу сафар “Нефтчи”га қарши Суперкубок ҳам “Бобур арена”да ўтказилади. Буни қандай қабул қилдингиз?
- Локация узоқроқ бўлса ҳам “Бобур арена” жуда яхши стадион, муҳит ҳам яхши бўлади. Чиройли ўйин кўрсатиб, ғалаба қозонмоқчимиз.
- Қуръадан нима кутгандингиз ва дастлабки турдаги рақиб ҳақида нима дея оласиз?
- Қуръадан кутганимиз мавсумни уйда бошлашимиз эди. Қайси рақиблиги аҳамиятсиз эди.
- Янги мавсумда “Пахтакор” учун асосий рақобатчилар кимлар бўлиши мумкин?
- Бизга ҳамма жамоа рақобат кўрсатади. Биласиз, “Пахтакор”га ҳамма 200 фоиз “настрой” қилади. Шунинг учун барча жамоага тўлиқ “настрой” қилмасангиз қийналасиз. “Нефтчи”, “Насаф”, “Қизилқум”, “Машъал” бўлсин, агар тўлиқ “настрой” қилмасангиз қийинчиликка дуч келасиз. Шу боис ҳар қандай рақибга футболчилардан тўлиқ тайёр бўлишларини айтаман.
- Қайси клубдандир сюрприз кутяпсизми?
- Жамоалар савиясини биламиз. Шунга қараб жиддий тайёрланяпмиз.
- Энг зўр чемпионат шу йили бўлиши мумкинми?
- Худо хоҳласа шунақа бўлади, рақобат ҳам жуда кучли бўлади.
Фикрлар