Йирик мусобақаларга тайёргарлик кўришда Хитой асосий ҳамкорлардан бўлади

Бугун Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг (ХХР) спорт соҳаси мутасаддилари билан онлайн учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Унда Адҳам Икрамов бошчилигидаги Вазирлик мутасаддилари, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этди. ХХР Спорт бўйича Давлат Бош бошқармаси директори жаноб Гао Жи видеоконференц орқали уланди.

Суҳбатда мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни спорт соҳаси орқали янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик йўлида терма жамоалар иштирокида йиғинлар ташкил этиш каби йўналишлар қаторида келаси йил Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида делегациямизнинг иштирокига оид масалалар муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тамал тошини қўйган “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларининг Олимпия шаҳарчаси ва унинг объектлари Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси томонидан қурилади. Суҳбатда ушбу йирик тадбирга тайёргарлик жараёнида Хитой билан ҳамкорлик қилиш, спорт иншоотларини шинам ва замонавий, энергия тежамкор кўринишда барпо этиш каби устувор йўналишларга аҳамият берилди.

Ўз навбатида, Хитой томони ҳам мамлакатимизнинг сўнгги даврда барча соҳалар қатори спорт бўйича ҳам улкан ютуқларга эришаётганини таъкидлаб, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдан мамнун эканини билдирди. Шунингдек, 5 ноябрь куни пойтахтимизда Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари тарғиботига бағишлаб ташкил этилган “Fun Run” оммавий югуриш мусобақасининг юқори даражада ўтказилгани учун миннатдорчилик изҳор қилди.

Учрашув давомида томонлар кун тартибидаги масалалар бўйича атрофлича фикр алмашиб, ўзаро ҳамкорлик йўналишида бир қатор истиқболли келишувларга эришишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!