"Йўқотганларим ва топганларим" ёхуд Суперлигага чиққан клублар Про-лигага равона бўлганлардан кўпроқ интрига бера оладими?

Бу йил ўзбек футболи тарихида мисли кўрилмаган воқеа кузатилди. Бу жумла жуда ваҳимали эшитилиши мумкин, аммо ҳеч ким шу вақтгача қуйи дивизионнинг бирваракайига 3 жамоаси элитага йўл олганини эслай олмайди. Клубларимизнинг тенг кучли бўлаётгани ижобий ҳолат. Мавсум давомида исталган рақибга мағлуб бўладиган "очко тарқатувчи машина"лар ҳеч кимга керак эмас. Улар сони тобора камайиб бораётгани кишини бироз бўлса-да қувонтиради. Гапни кўп чўзмасдан бугунги мавзуга ўтамиз: Суперлига билан хайрлашган "Машъал", "Андижон" ва "Турон" бера олган интригани Про-лига музаффарлари "Нефтчи", "Динамо" ҳамда "Олимпик" тақдим эта оладими?

Юқоридаги жамоалар ҳақида фикр юритар эканмиз умумий ва турли хил томонлар ҳақида гапиришимизга тўғри келади. Шунинг учун мақолани ҳар бир клубга алоҳида тўхталган ҳолда, давом эттирамиз.

"Машъал"

Клуб ўзбек футболига етиштириб берган истеъдодлари билангина мақтана олади. Муборакликлар ўтган мавсумни жуда бўш ўтказди ва якунда шундай бўлиши ҳақиқатга яқин эди. Аввалига, испаниялик мутахассисни олиб келгани билан "шовқин кўтарган" жамоа орадан бироз ўтиб, уни қўйиб юборишга мажбур бўлди. Сабаб мутахассиснинг оилавий шароити. Бошқа важ ОАВда эълон қилинмади. Ўзи учун қадрдон Муборакка қайтган Александр Хомяков ҳам кутилган натижани кўрсата олмади, 26 турнинг ярмида мағлубият. Жамоа кучлилардан фақат АГМКни ютди, очко олиши шарт бўлган, ўртамиёналарга қарши баҳсларда мухлислар ишончини оқлай олмади. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор-ки, "Машъал" ҳақида илиқ фикрлар айтишга ҳақлимиз. Муборак клуби вице-чемпион "Сўғдиёна"га енгилмади. Ҳар икки беллашув дуранг билан якунланган. Сўнгги турларга қадар "Сурхон" билан Суперлигада қолиш учун курашди, ўтиш ўйинида "Олимпик"нинг фантастик камбэки қурбони бўлди. "Бунёдкор", "Навбаҳор", "Қизилқум" каби яхши даражадаги рақибларга "нишини санчиб турди".

mashal gol

"Андижон"

Гапни позитив статистика билан бошлаймиз: "бургутлар" чемпионни ютган биринчи жамоа бўлди! Айнан "Бобур арена"даги мағлубиятга қадар "Пахтакор" Суперлигада 20 ўйинлик мағлубиятсиз серия қайд этаётганди. Тўғри, олтин медалларни нақд қилиб улгурган пойтахтликлар водийга мотивациясиз ташриф буюрганди, дейдиганлар топилади. Аммо тарихда натижа қолади! Балки Кумиков ўша куни майдонга чиқиш олдидан шогирдларини ҳеч қачон айтилмаган сўзлар билан руҳлантиргандир. Шунингдек, жамоа "Насаф", "Локомотив", "Сўғдиёна"дан очко олди, "Навбаҳор" устидан ғалаба қозонди. Шуниси аниқ-ки, андижонликлар фахрлана оладиган жиҳат бор. Бироқ бу кўкрак кериб мақтаниш учун етарли эмас. Холис фикр юритсак, "Андижон" мавсумни стабил ўтказа олмади. Кетма-кет 7 мағлубият, 9 ўйин давом этган ғалабасиз серия сўзимизга исбот бўла олади. Нима ҳам дер эдик, айнан шу ҳолатлар мавсум сўнгида Суперлигадаги 2 хусусий клубдан бирининг "оёғидан чалди".

andijonn

"Турон"

Йил бошида яйпанликларни сюрприз бўлишига ишонгандик. Кўп жиҳатдан тўғри йўлга қўйилган клуб дастлабки турлардаёқ анча шовқин кўтара олди. Афсуски, сенсацион натижалар билан эмас. Ҳакамнинг қарорига жиддий эътироз билдирган мураббий айнан Яйпан клуби устози эди. Ўз мухлисларига эга яна бир хусусий жамоа мавсумда икки бор 10 ўйинлик ғалабасиз серия ўтказди. Шунда ҳам ишқибозлар футболчиларни стадионда ёлғизлатиб қўймади. Умуман олганда, улардан дебют мавсумдаёқ катта натижалар талаб қилиш бироз нотўғри бўларди. Ҳатто, анча тажрибали Игорь Шквирин ҳам "Турон"ни элитада олиб қола олмади. Юқоридаги 3 клуб ўзбек футболида ўз ишқибозларига эга. Ҳар ҳолда, "мухлиси йўқ жамоа" дейилганда кўз олдимизга бир деганда улар келмайди. Айнан улар ҳурмати учун ҳам "Машъал", "Андижон" ва "Турон" ҳаракатдан тўхтамаслиги, янада кучлироқ бўлиб Суперлигага қайтиши лозим.

турон1_2

Юқори дивизионни тарк этганлар ўтган мавсум қандай интрига бера олди, деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилдик. Энди улар ўрнига келаётганлар нима каромат кўрсатар экан, дея фикр юритамиз.

"Нефтчи"

Фарғоналикларни ҳеч иккиланмай, Суперлига даражасида дейиш мумкин. Боиси, клуб Про-лигада таъқибчиларини сезиларли фарқ билан ортда қолдирди. Муддатидан олдин элита йўлланмасини қўлга киритган "Нефтчи" бу дивизионда ҳам ҳеч кимга бўш келмаслиги аниқ. Боз устига, "Истиқлол"га йиғиладиган минглаб томошабинлар ҳар қандай баҳс юқори темпда ўтишини таъминлаши турган гап. Келаси мавсум мазкур майдонда "Пахтакор", "Насаф" ёки "Навбаҳор"ни нималар кутиб турганини бир тасаввур қилиб кўринг! Ва бу ҳали ҳаммаси эмас. Илҳом Мўминжонов бошчилигидаги клуб трансфер бозорида ҳам рақобатчиларига бўш келмаяпти. Лутфулла Тўраев, Ҳусниддин Ғофуров (ҳар иккиси), Суннатилла Абдуллажонов, Дониёр Нарзуллаев, Мирзоҳид Ғофуров ва яна бошқа футболчилар янги мавсумни янги жамоада, янги режалар билан ўтказади. Шахсан мен уларнинг исталган рақибга жиддий қаршилик кўрсата оладиган савияли жамоа бўлишига ишонаман! Фарғоналик мухлислар катта ўйинларни соғинган.

neftchi muxlis

"Динамо"

Ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлган яна бир клуб. Янги мавсум олдидан сербиялик мутахассисни жамоага олиб келган самарқандликлар бу билан ниятлари анча жиддий эканини барчага кўрсатиб қўймоқчидек гўё. Хорижлик мураббий янги иш жойига ватандошини ҳам таклиф этди. Энди "шерлар" дарвозасини катта эҳтимол билан сербиялик посбон Милое Прекович қўриқлайди. Жамоада сезиларли "тозалаш" ишлари олиб борилмоқда. Бу тажриба доим ҳам кутилган натижани беравермайди. Шу боис, "Динамо"ни медаллар учун курашда иштирок эта олади, дейишга шошилмай турамиз. Аммо клуб исталган рақибга кутилмаганда "тарсаки" тушира олиши тайин. Айниқса, Самарқанддаги "шерлар" ҳақиқий йиртқичга айланади.

dinamo team foto

"Олимпик"

Бу мавсум Ўзбекистон Суперлигасидаги энг қизиқарли клуб. Чунки улардан ҳеч ким натижа талаб қилмайди. Аммо ёшлар шижоатга тўла ва энг муҳими, мураббий замонавий футбол тарғиб этмоқда. Олимпиада йўлланмаси учун ташкил этилган лойиҳа энди элитада! Устига устак, "Олимпик" шарафини ҳимоя қилаётган футболчилар бошқа клуб академияларида тарбияланган, якунда асосий таркибга кира олмаган қора кўзлар ҳисобланади. Бу ўша жамоаларга қарши ўйинлар олдидан мотивацияни икки карра ошириши шубҳасиз. Шунга қарамай, Кападзе шогирдлари Суперлига ўртамиёналаридан ҳам бир бош пастда. Ёшлардан тузилган жамоа исталган рақибни қийнаб қўйиши мумкин, аммо ғалаба учун кўпроқ нарса талаб этилади, назаримизда.

olimpik

Юқорида 6 клуб ҳақида ўта субъектив фикрларимизни билдириб ўтдик. Эртага нима бўлишини эса, вақт кўрсатади. Шунчаки, сиз эътибор бермаган бўлишингиз мумкин бўлган кичик ҳолатларга тўхталдик. Суперлигамиздаги интрига барчамиз учун муҳим, айниқса, биз журналистларга. Яхшими ёки ёмон, биз шу ўзбек футболи ичидамиз ва унинг учун қайғуриш бизнинг вазифамиз. Саломат бўлинг, азиз мухлис. Эртага нима бўлишини эртага билиб оламиз!

Жавоҳир Азимов мақоласи

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!