Ёрқин Назаров: Абрамовдан ўрганганларимни қаердадир қўллашим керак эди

Ўтган мавсумда Вадим Абрамовнинг ёрдамчиси сифатида «Бунёдкор» клубида фаолият олиб борган Ёрқин Назаров учун янги мавсумда яна ўзгариш кузатилди. Гап шундаки, у энди Вадим Карленовичнинг мураббийлар штабидан ўрин олмайди. Бундан буён «Бунёдкор-2» жамоаси бош мураббий сифатида фаолият олиб боради. Хабарингиз бўлса, ёш «бунёдкор»чилар про-лига мусобақасида иштирок этишмоқда. Назаров эса эндиликда про-лигада «Бунёдкор-2» жамоасини бошқарадиган бўлди.

«Абрамовдан ўрганганларимни амалиётда қўллашим керак эди»

- Тўғрисини айтаман, мени «Бунёдкор-2» жамоасига бош мураббий этиб тайинлашларини  кутмагандим. Биласиз, ўтган мавсумда мен Вадим Абрамовнинг ёрдамчиси бўлиб ишлагандим. Шу сабабли бу йил про-лигада «Бунёдкор-2»га устозлик қиламан деб ўйламагандим. «Бунёдкор» Абу Дабига кетиш олдидан Вадим  Карленович мени олдига чақириб, шу хабарни етказди. Буни тўғри қабул қилдим. Чунки мен Абрамовдан ўрганадиган нарсаларимни ўргандим. Унга бир йил давомида ёрдамчи бўлиб юрдим. Ундан кўп нарсаларни ўрганганимдан хурсандман. Шу боис Вадим Карленович менга агар хоҳласанг ёнимда юравергин, лекин мустақил равишда ишлагин, чунки бунинг фурсати етди деб айтди. Ўтган мавсумдаги самарали фаолият учун бош мураббийга миннатдорчилик билдираман. Нима учун про-лигада ишлашга рози бўлганимнинг боиси шуки, Абрамовдан ўрганган билимларимни энди қаердадир амалиётда қўллашим керак эди. Шунинг учун менга таклиф қилинган ишга дарҳол розилигимни билдириб қўя қолдим.

Абрамов билан ишлаш ва ундан нималарнидир ўрганиш ҳар доим менга қизиқ бўлиб келган. Айниқса, унинг ўз вақтида миллий ҳамда олимпия термаларини бошқарган кезларидаги жамоалари ажойиб ўйинлар кўрсатганди. Мен ҳам шундай ҳужумкор ўйин тарафдориман. Абрамовнинг бундай услубларни қандай йўлга қўя олишини ўз кўзим билан кўриш эса менга ҳам жуда қизиқарли эди. Ўтган бир йил давомида эса унинг иш услубини ўзлаштирдим. Вадим Карленович назарий машғулотларни ҳам кўп ўтказади. У битта услубни футболчиларга 10 марта, керак бўлса 100 марта тушунтираверади. Бу ҳол ўйинчи яхши тушуниб олмагунча давом этаверади. Илгари «Бунёдкор»нинг академиясида ишлаб юрганимда Абрамовнинг услубини қўллашга ҳаракат қилиб юрардим. Албатта, Вадим Карленовичда ҳаммаси янада ёрқинроқ кўринарди. Энди эса ҳаммасини амалиётда қўллайдиган пайтим келди. Абрамов шундай дейди: услубларимни 10 та мураббийга ўргатишим мумкин, лекин улардан фақат биттасигина буни ўрганиши мумкин холос. Шундай экан, унинг иш услубини қанчалик ўзлаштира олганимни про-лигадаги иш фаолиятим орқали синовдан ўтказаман. Футболчиларга ҳаммасини етказиб бера оламанми ёки йўқми, буни албатта амалиётда кўрамиз.

ёрқин назаров янги

«Шўртан» билан «Бунёдкор-2»даги вазифалар бошқа-бошқа»

- Бунгача мустақил равишда «Шўртан» жамоасини ҳам бошқаргандим. Аммо у пайтда вазият бошқачароқ эди. Масалан, Ғузордаги иш фаолиятимда шундай эдики, у ерда асосан катта футболни кўрган ўйинчилар бор эди. Про-лигадаги «Бунёдкор»да эса асосан ёш болалар бор. Хабарингиз бор, юртимизда U-19 Осиё чемпионати ўтказилади. Биз эса ушбу терма жамоамизга ҳам муносиб ёшларни етказиб беришимиз керак. Шу боис асосий эътиборимизни 2001, 2002 ва 2003 йилларда туғилган футболчиларга қаратамиз. Айтмоқчиманки, «Шўртан»даги ишимда вазифа бошқача эди. «Бунёдкор»да эса умуман бошқа. Боя айтганимдек, ёшларни ўйнатиб, уларнинг ўйин амалиётини меъёрга етказган ҳолда терма жамоаларга ва «Бунёдкор»нинг асосий таркибига етказиб бериш асосий мақсадимиз ҳисобланади. «Шўртан» билан «Бунёдкор-2»даги фаолиятимдаги фарқли томони мана шунда бўлади. Дарвоқе, менга Азиз Ҳошимов ёрдам беради. У бунгача ҳам «Бунёдкор-2»да ёрдамчи мураббий бўлиб ишларди ва яна шу вазифасида қоляпти. Жисмоний тайёргарлик бўйича яхши бир мутахассис бор. Агар клуб раҳбарияти у билан келиша олишса, мураббийлар штабимга ўшани ҳам қабул қиламиз.

«Бу мен учун яхши имконит»

-   Аслида менда бирор-бир режа йўқ эди. Яна «Бунёдкор»нинг асосий жамоасида ишлаб юравераман деб ўйлаётгандим. Лекин, албатта кўрган-кечирганларимни қачондир амалиётга татбиқ эта олишни ҳам истаётгандим. Аммо Вадим Абрамовнинг мени «Бунёдкор-2»га бош мураббий этиб тайинлашда бош-қош бўлаётганини билмагандим. Юқорида айтганимдек, менга бу таклифни билдиришганида ўйланиб ўтирмасдан рози бўлдим. Ўйлайманки, бу қарорим тўғри бўлса керак. Суперлигада ёрдамчи мураббий бўлиб Абрамовнинг ёнида юрганим ҳам яхши эди. Аммо энди ўзим бош мураббий сифатида ўз устимда янада кўпроқ ишлашим, билганларимни майдонда қўллашим борасида ҳам бу мен учун яхши имконият бўлди деб ҳисоблайман. Айниқса, келажагим учун ҳам яхши бўлди.

«Аслида «Бунёдкор»нинг олдига учинчи ўринни эгаллаш вазифаси қўйилмаганди»

- «Бунёдкор» учун мавсум яхши ўтди. Чемпионатни учинчи ўринда якунлаганимиз ажойиб бўлди. Ваҳоланки, бизнинг бундай кўтарилишга эришишимизга ҳеч ким ишонмаётганди. Қолаверса, клуб олдига учинчи ўринни қўлга киритиш вазифаси ҳам қўйилганди. Ўтган йилнинг бошида 12 нафар футболчи «Бунёдкор»ни тарк этганди. Натижада ўринбосарлар таркибидаги ва бошқа клубларда ижарада ўйнаб юрган футболчиларни йиғиб мавсумда иштирок этишни ўйлаганмиз. Ҳозирда эса ўша йигитларимиз Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Осиё чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилишяпти. Асосан академия тарбияланувчилари билан мураббийлар штабининг катта ҳажмда иш олиб борган ҳолда якунда учинчи ўринни эгаллагани ижобий натижа бўлди.

«Ўзимни Суперлигада ҳам синаб кўришга тайёрман деб ҳисоблайман»

- Юртимизда ишлаётган хорижлик мутахассисларни ҳисобга олмаган ҳолда айтадиган бўлсам, менга Вадим Абрамов билан бирга Рўзиқул Бердиевнинг ҳам иши ёқади. Ўсиб келаётган мураббийлар орасида Улуғбек Бақоев ҳам ўзидан ажойиб таассурот қолдирди. Чунки Бақоев лигада қолиш учун курашиб келган жамоани 4-ўринга олиб чиқиб қўйди. Мен эса энди жиддий равишда про-лигада ишга киришаман. Агар Суперлигадан таклиф бўладиган бўлса, буни қабул қилиш бўйича ўйлаб кўраман. Негаки, Суперлигада ишлашга ўзимни тайёр бўлиб қолдим деб ҳисоблайман.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)