Ёрқин Назаров: "Ким билан ўйнашимизнинг фарқи йўқ"
Cоcа-Cоlа Суперлига 21-туридан ўрин олган «Турон» – «Металлург» (1:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Ёрқин Назаров ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Ғалаба қозониш учун бор кучимизни ишга солдик. Биринчи бўлим тўлиқ бизнинг режа асосида кечди. Иккинчи таймда эса эътиборсизлик натижасида тўп ўтказиб юбордик. Афсуски, ғалабани қўлдан чиқардик. Сўнгги баҳсларда мағлубиятлар серияси ичида қолган эдик. Бугун дуранг ўйнадик. Футболчиларга ва оғир вазиятга қарамай, бизни қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорчилигмни билдираман.
Биринчи даврадан сўнг 9 футболчи жамоамизни тарк этди ва таркибни ёшартирдик. Жуманқўзиев «Навбаҳор» билан учрашувда жароҳат олганди ва ўша жароҳатини даволатмоқда. Норбеков оёғини қайириб олган. Камолов ва Хурсандовда ҳам жароҳат мавжуд. Шу сабабли бошқа ёш футболчиларга таянишга мажбурмиз. Бугун улар ёмон ўйнашмади. ОКМК, «Андижон» ва «Сўғдиёна»ни мағлуб этган «Металлург»га муносиб қаршилик кўрсатишди.
Ким билан ўйнашимизнининг фарқи йўқ. «Пахтакор» ёки «Навбаҳор»га қарши баҳсда ҳам ғалаба учун интиламиз. Олдинда ҳали 6 тур мавжуд. Кучимиз тенг жамоалардан очко олсак, балки лигада қолишимиз ҳам мумкин. Бугун ғалаба қозонганимизда, «Қизилқум»га яқинлашардик ва интрига кучаяр эди. Жамоага келганимда, 5 очко ва ғалабасиз серия мавжуд эди. Шундай бўлса ҳам, ишлашда давом этамиз.
Келгуси мавсумда ҳам жамоада олиб қолиш мумкин бўлган футболчилар мавжуд. Олдиндаги олти учрашувда улар янада кўзга ташланиб қолса ажаб эмас. Келажаги бор футболчиларни жамоада сақлаб қолишга интиламиз. Кеча U19 жамоамизнинг «Насаф»га қарши беллашувида яхши ўйин кўрсатган футболчилар бўлди. Ҳозир уларни безовта қилмаймиз. Аммо йиғинларда албатта U19 жамоасидан 6-7 футболчини жалб қилишни режалаштирганмиз”, – деди Назаров.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар