Ёрқин Назаров: "Навбаҳор"нинг биздан кучли эканлиги аниқ эди"

Сoca Cola Суперлигаси 20-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Турон” (5:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Ёрқин Назаров қатнашиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди.    

Қуйида яйпанликлар устозининг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз. - Ассалому алайкум! Авваламбор, “Навбаҳор”ни ғалаба билан табриклайман ва жамоанинг кейинги ўйинларида омад тилайман.

Беллашув тўғрисида гапирадиган бўлсам, мезбонларнинг биздан кучли эканлиги аён эди. Улар чемпионлик, биз эса Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашяпмиз. Бугун яхши ўйин кўрсата олмадик, рақиб кучлилик қилди. Лекин шуни таъкидлашим жоизки, шу пайтгача ҳеч қачон ҳакамлар борасида гапирмаганман. Аммо бугунги учрашувни бошқарган ҳакам Суперлига даражасидаги ишлайдиган тоифада эмасди.

Суперлигамиз Осиёдаги кучли бешликка киради. Ҳакамларнинг ҳам савияси шунга яраша бўлиши керак.       

Жуманқўзиев жароҳат олди ва шу сабабли уни захирага олдим. Бугун янги футболчиларга ҳам имконият бердик. “Турон”да вазият қийин, аммо умид қиламанки, барчаси ўтиб кетади. Чемпионатнинг охирги туригача курашишга ҳаракат қиламиз.

“Турон” келгусида ёш футболчиларни тарбиялаб, кучли жамоаларга етказиб беришни режа қилмоқда. Ҳозирдан ёш футболчиларни кўриб чиқишни бошлаганмиз.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!