Ёрқин Назаров: "Таркибдаги рақобатни кучайтирмасак бўлмайди"

“Насаф” – “Андижон” (2:0) ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Ёрқин Назаров матбуот анжуманида қатнашди.

- Бугунги учрашув ҳақида қандай фикрдасиз?

- Маҳорат барибир маҳорат. Бизга иккинчи гол ортиқча бўлди. Агар бу голни ўтказиб юбормаганимизда футболчилар янада шижоат билан ўйнашарди. Афсуски, иккинчи голдан кейин имкониятимиз камайди. “Насаф”да бир неча йиллардан бери битта таркиб ва мураббий ишлаяпти. Бу ерда терма жамоаларга номзод ўйинчилар талайгина, бу бекорга эмас. “Андижон” футболчилари қўлларидан келганини қилишди. Тенг ўйин бўлди деб ўйлаймиз. Балки қизил карточка кўрсатилган вазиятда гол урганимизда ўйин бошқача бўлиши мумкин эди.

- Мартин Боакени нега алмаштирдингиз?

- Легионеримизнинг ўрнига ёш футболчимизни туширдик. Унинг иқтидори бор ва яхши очиларди. Боакега ҳимоячилар яқин ўйнашаётганди. Бу тактик ўзгариш эди.

- Жасур Жалолиддинов жамоада ўз ўрнини топяптими?

- Ҳа, ўрнини топяпти. Тактикамизни ўзгартирсак ҳам ҳар жиҳатдан мос тушяпти. Ўйин бўйича Жалолиддиновга эътироз йўқ.

- Унда нега алмаштирдингиз?

- Олдинги машғулотда бироз жароҳат олганди. Бугунги учрашувда майдонга тушириш ёки туширмаслик борасида ўйландик. Шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан уни оёққа турғаздик. Аслида биринчи бўлимдан кейин ҳам унда оғриқ бор эди. Шу сабабли алмаштирдик.

- Трансфер ойнаси пайтида жамоани кучайтириш учун қандай режалар бор?

- Биринчи даврадан кейин кучаймаск бўлмайди. Бизнинг мақсадимиз Суперлигада қолиш. Бизда яна легионерлар олиш имкониятимиз бор. Ўзимизда ким ҳам яхши ўйинчисини берарди? Агар Суперлигадан бўлмаса про-лигадан олармиз. У ерда 3-4 нафар ўйинчиларни кузатиб юрибмиз.

- “Андижон” нега Суперлигада ўз ўрнини топа олмаяпти?

- Бунгача кўп ўзгаришлар бўлди. Ўтган йилги таркибнинг 90 фоизи ўзгарган. Бу йил таркиб ёшартирилган. Раҳбарлар тўғри йўлни танлашган. Ўзбекистон футболида “Андижон”ни ўз ўрни бор. Бу ерда барибир футбол бўлади ва клуб юқори ўринларга чиқади. Бунга балки икки-уч йил керакдир, аммо барибир ўз ўрнини топади. Бу йилдан клуб хусусийлашган. Раҳбарлар футболни тушунади ва севишади.

- Қайси чизиқларни кучайтириш керак деб ҳисоблайсиз?

- Ҳамма чизиқни.

- Иккинчи даврада “Андижон “ янгиланадими?

- Таркибни ёшартирганмиз. Футболчиларимиздан айримларига Суперлигада ўйнашга ҳали вақтли. Уларни ўрнини тўлдириб, рақобатни кучайтирмасак бўлмайди.

- Ҳимояда жиддий йўқотиш бор эди. Бугунги учрашувда бу қай даражада билинди?

- Пламен Димов бизга шу ўйинда жуда ҳам керак эди. Ўрни билинди. У йўқлиги учун ярим ҳимояда ўйнайдиган футболчимизни ҳимояга қўйдик. Лекин Димов бўлса-бўлмаса ҳам рақиб иккита гол урди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!