Ёш болаларга рақобатда ютқазган футболчи қишдаёқ "Барса"ни тарк этмоқчи

"Барселона" ярим ҳимоячиси Филиппе Коутиньо жамоани тарк этиши кераклигини тушуниб етди. 

"Mundo Deportivo" нашри тарқатган хабарга кўра, бразилиялик клубдаги мавқеи ўзгармаслигини билади. Шу сабабли, у "Барса"ни тарк этишни тўғри қарор, деб ҳисоблайди. 

Филиппе Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этмоқчи ва бунинг учун унга кўпроқ ўйин амалиёти бера оладиган жамоа керак. 

Гави ва Никога нисбатан "Барса" мураббийлар штабининг ишончи ортиб бораётганини кўриб, у ўз агентларига зудлик билан янги клуб топиш вазифасини юклади. У қишдаёқ "кўк-анор ранглилар" билан хайрлашиш ниятида. 

Айни вақтда 29 ёшли плеймейкернинг агентлари "Эвертон", "Арсенал" ва "Тоттенхэм" каби клублар билан алоқа ўрнатмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ унга "Ньюкасл"дан таклиф бўлганди, бироқ футболчи бу клубга ўтиб таваккал қилмоқчи эмас. 

Жорий мавсумда Коутиньо каталонияликлар сафида умумий 16 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 2 та гол ёздириб қўйди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!