Ёш дзюдочиларимиз олтин медалларни ҳеч кимга бермаяпти

Чирчиқ шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган Учқун Муродов хотирасига бағишланган Осиё кубоги мусобақасида қитъамиздан ташқари Европа ва Шимолий Американинг 10 та мамлакатидан 160 нафарга яқин дзюочи ғолиблик учун куч синашмоқда.

Ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилаётган мусобақанинг дастлабки кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари олтита олтин, тўртта кумуш ва олтита бронза медалга сазовор бўлди.

Ўсмирлар ўртасидаги беллашувларда 60 килограмм вазн тоифасида гиламга чиққан Камрон Нуриллаев финал учрашувида қирғизистонлик Асман Оқилбек ўғлини "Иппон" баҳоси билан мағлуб этди.

Машҳур мураббий - Андрей Штурбабиннинг ўғли Артём 66 килограмм вазни тоифаси финалида россиялик Жавдан Абулхоновдан устун келди.

Вазни 73 килограмм бўлган полвонларнинг финал баҳсида икки ўзбек дзюдочиси - Сардор Каримов ва Мироншоҳ Султонов ўзаро рақобатлашди. Бу баҳсда Сардор кичик ҳисобда устун келиб, терма жамоамизга учинчи олтин медални тақдим этди.

Ўз вазн тоифасида муваффақиятли қатнашган Мироншоҳ Султонов ва Феруз Уклонов кумуш, Элбек Улашев, Мусо Собиров, Манушер Ширинов, Тоҳир Қурбонбоев, Беҳруз Омондавлатов, Қобулжон Аҳмедов бронза медалга лойиқ топилди.

Ўсмирлар ўртасидаги яна бир олтин медаль Эрон терма жамоаси дзюдочиси Суҳайл Жамолободийга тегди.

Қизлар мусобақасида ўз ёши ва вазн тоифасида Осиё чемпиони бўлган Кимё Марасулова, Санобар Султонова ҳамда Гулнур Муродбоева шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Нодира Абдуқаюмова ҳамда Маржона Бобоқандова терма жамоамиз ғазнасига биттадан кумуш медаль қўшди.

Мусобақа давом этмоқда.

SPORTS.uz