Йован Жокич: "Ҳеч ким бирор нарсага 100 фоиз эришамиз, деб кафолат бера олмайди. Лекин..."
Фарғонанинг “Нефтчи” клуби янги мавсум учун таркибини “даҳшат”ли тарзда кучайтираётганини яхши биласиз.
Энг катта трансферлар ҳозирча “Нефтчи” билан боғлиқ. Ўзбекистондаги энг номдор ва қиммат футболчилар айнан фарғоналиклар жамоасига кўчиб ўтишяпти.
Ана шундай футболчилардан бири сербиялик Йован Жокич ҳисобланади. Бу футболчини ўз сафида кўришни истаган бошқа клублар ҳам бор эди. Бироқ у “Нефтчи”ни танлади.
Sports.uz журналисти эса ҳозирда жамоаси билан Анталияда шуғулланаётган Жокичга айрим саволлар билан мурожаат қилди.
- Йован, сиз олдингизда турган бир қатор вариантлар орасидан “Нефтчи”ни танладингиз. Барчаси пул билан боғлиқми?
- “Нефтчи”ни танлашимдан асосий мақсад шуки, клуб ўз олдига муайян мақсадларни қўйган ва ўйинчилар юқори савиядаги профессионал ҳисобланишади.
- “Навбаҳор”даги фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз?
- Айтиш керак, “Навбаҳор”да эсдан чиқмайдиган уч мавсумни ўтказдим.
- Ҳолбуки, Наманганда юлдузли таркиб йиғилганди. Аммо натижа кутилганидек бўлмади ва ўйлаган ишлар ўхшамади. Шу фикрга қўшиласизми?
- Ҳа, таркибда яхши футболчилар кўп эди, аммо Чемпионлар лигаси клуб учун муваффақият келтирмади деб ҳам айта олайман. Шу билан бирга бизга Кубок ва лигада омад кулиб боқмади.
- Энди “Нефтчи” ҳам юлдузли таркибни шакллантиряпти. Сиз ўша юлдузлардан бирисиз. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Аъло ва мен ҳаммаси юқори даражада бўлган жамоага келдим.
- “Нефтчи” йиғилган бундай таркиб билан чемпион бўлмаса бўлмайди. Бунга 100 фоиз ишончингиз комилми?
- Ҳеч ким бирор нарсага юз фоиз эришамиз, деб кафолат бера олмайди, лекин биз олдимизга қўйиладиган вазифаларни бажариш учун бор кучимизни ишга соламиз.
- Клубга келганингиздан кейин бош мураббий Виталий Левченко билан илк суҳбатингиз қандай ўтди?
- Мураббий билан алоқамиз зўр!
- Қайси рақамни танладингиз?
- Қайси рақамни олишимни ҳозирча билмайман. Кўрамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар