Ёзги трансферлар ойнасининг сўнгги ойида тақдири ҳал бўладиган футболчилар!
Европа трансфер бозори ёпилишига ҳам бир ойдан кам вақт қолди. Айрим клублар ўз таркибини сезиларли тарзда кучайтириб олди, лекин ҳали харидларга "тўймаганлар" ҳам бор. Мисол учун, "Барселона" клуби яқин кунлар ичида бир нечта футболчиларни ўз таркибига қўшиб олиши мумкин. Бундан ташқари, Харри Кейн ва Неймарнинг ҳам тақдири ҳал бўлиш эҳтимоли бор. "Манчестер Юнайтед" эса катта йўқотиш остонасида турибди. Келинг, буларнинг барчасини бирма-бир кўриб чиқамиз.
Бернарду Силва - "Барселона".
Усмон Дембеле кетганидан кейин унинг ўрнини тўлдириши мумкин бўлган футболчилар орасида Бернарду Силва фаворит бўлиб турибди. Аммо инглизлар футболчи клубни тарк этмаслиги учун жиддий ҳаракат қилмоқда. Дастлаб, "Манчестер Сити" португал учун камида 80 миллион евро талаб қилишини билдириб қўйди. Аммо испан грандига бу таъсир қилмади. Клуб уни сотиб олиш шарти билан ижарага олмоқчи бўлаётгани ҳақда миш-мишлар бор. Шу билан бирга, Хави Силва билан боғланиб, уни ўз жамоасига ўтишга кўндиришга ҳаракат ҳам қилмоқда. Бундан жаҳли чиққан "Манчестер Сити" раҳбарияти "Барселона" ва ПСЖга расмий хабар йўллади. У ерда ёзилишича, Бернарду сотилмайди ва у бозорда мавжуд эмас. Ярим ҳимоячига тез орада "шаҳарликлар" шартномани узайтириш таклифини бермоқчи.
Неймар - "Барселона".
Бир неча ой олдин Фабрицио Романо Неймар учун август ойи муҳим бўлишини таъкидлаб ўтганди. Шундай ҳам бўлди. У келажагини ҳал қилганга ўхшайди. Франция нашрлари бразилиялик ҳужумчи ПСЖ раҳбариятига кетмоқчи эканлигини маълум қилгани ҳақида хабар бермоқда. Футболчи "Барселона"га қайтишни истаяпти. Жоан Лапорта ҳам уни қайтариш ниятида. Аммо Хавига бу трансфер керак эмас, деган миш-мишлар мавжуд. Маълум бўлишича, мураббийлар штаби Неймар ички муҳитни бузиб қўйиши мумкин, деб ҳисоблайди ва уни жамоага келишини истамайди. "Барса" 31 ёшли футболчини сотиб олиш шарти билан ижарага олмоқчи. "RMC Sport" нашрининг хабар беришича, Неймарга "Челси"дан ҳам қизиқишлар бор.
Харри Кейн - "Бавария".
Харри Кейн учун анчадан бери курашиб келаётган "Бавария" уни қўлга кирита олмаслик эҳтимоли айни пайтга келиб анча ошди. Клубнинг 100 миллион евролик таклифи ҳам "шпорлар" томонидан рад қилинди. Мана шу воқеадан кейин Германия клуби раҳбарияти курашдан чиқиш борасида ўзаро музокара ўтказади. Шундан сўнг Кейннинг тақдири ҳал бўлади. Сабаби, у "Тоттенхэм"да қолишга ҳам қарши эмас. Агарда бошқа яхши таклиф келмаса, футболчи Лондондаги сўнгги мавсумини ўтказиб, жамоаси билан кейинги йил хайрлашмоқчи. "Тоттенхэм" эса страйкернинг трансферидан камида 120 миллион евро ишлаб олишни мақсад қилган.
Харри Магуайр - "Вест Хэм".
"Манчестер Юнайтед" чиқиш эшикларини кўрсатган яна бир футболчи бу - Харри Магуайр. Ҳимоячини қўлга киритиш учун "Вест Хэм" жиддий ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда бошқа клубдан қизиқиш йўқ. Ҳимоячи учун юборилган биринчи 20 миллион фунтлик таклиф рад қилинганидан кейин "болғачилар" нархни 10 миллион фунтга оширди. Клуб 30 миллион фунтлик таклифни манчестерликларга юборган. Аввалроқ, МЮ 40 миллион фунт истаётгани ҳақда миш-мишлар бор эди. Аммо энди томонлар музокараларга киришган. Агарда ушбу трансфер амалга ошса, "Манчестер Юнайтед" янги ҳимоячи сотиб олади. Вариантлар орасида "Ницца"дан Жан-Клер Тодибо ҳам бор.
Август ойида амалга ошиши мумкин бўлган трансферлар кўп, лекин айни дамда ушбу футболчиларнинг янги клубга кўчиб ўтиш эҳтимоли юқори. Килиан Мбаппе ҳам улар орасида бўлиши мумкин эди. Аммо у умуман бошқа мавзу. Трансфер бозорининг сўнгги ойи, сўнгги кунларида ҳам қандайдир кутилмаган воқеалар содир бўлади. Шундай экан, бу жараённи охиригача кузатиб боришни маслаҳат берамиз.
Фикрлар