Бу галги Европа чемпионати аввалгиларидан қизиқарли ўтди. Бу навбатчи гап эмас! Киритилган голларнинг кўплиги, сенсациялар, драматик тўқнашувлар ва супер қарама-қаршиликлар сўзимизга исбот бўла олади. Қўшимчасига, мухлислар эътиборини деярли бир пайтда ўтказилган "Копа Америка" турниридан тортиб олган "Евро-2020" эътирофга арзийди. Бугун ўша мусобақада энг ёрқин ўйин намойиш этган футболчилардан тузилган рамзий жамоани эътиборингизга ҳавола этамиз. Аввало, уларнинг "катта"си - мураббий ҳақида.

Бош мураббий: Роберто Манчини (Италия)
Кўплаб мутахассисларни эътироф этиш мумкин, бироқ чемпион Италия! Манчини "скуадро адзурра"ни жуда оғир вазиятда қабул қилиб олди. 2018 йилда ЖЧ йўлланмасини-да қўлга кирита олмаган қария жамоа ўрнини уюшқоқ коллектив эгаллади, янги номлар кашф этилди. Уни кўплаб журналистлар энг яхши йиллари ортда қолганлар қаторига қўшиб қўйган бир пайтда, Роберто яна "отга миниб олди"! Тасанно Манчини!

Дарвозабон: Жанлуижи Доннарумма (Италия)
Мусобақага қадар, Жижи агенти - Мино Райола билан муносабатлари сабабли, жуда ёмон репутация эгасига айланган эди. 1 ой ичида у "Милан" қандай жавоҳирни қўлидан чиқариб юборганини бутун дунёга кўрсатиб қўйди. Тўғри, у Италияни ҳар бир ўйинда қутқарди, дея олмаймиз. Марказий ҳимоячилар аксарият вазиятларда бунга имкон қолдиргани йўқ, аммо финал ўйини Доннаруммага аталди. Шунинг ўзи уни рамзий жамоамиз постини эгаллаши учун кифоя қилади.

Чап қанот ҳимоячиси: Люк Шоу (Aнглия)
Жозе Моуриньо "кўмиб" юборган ҳимоячи бутун турнир давомида темпни туширгани йўқ. "Бундестим" билан ўйинда бирорта ҳатога йўл қўймади, Украина билан баҳсда 2 ассист қайд этди. Финалда у урган гол сал қолса ўйин тақдирини ҳал этиши мумкин эди, аммо...

Марказий ҳимоячи: Леонардо Бонуччи (Италия)
Бонуччи гуруҳ босқичи якунланганидан сўнг, УЕФA тақдим этган рамзий жамоадан ўрин эгаллаганди. Мусобақа якунида эса, ҳақли равишда яна таркибда кўриниш бермоқда. Унинг финал ўйинида киритган голи учрашув тақдирини деярли ҳал этди.

Марказий ҳимоячи: Харри Магуайр (Aнглия)
Гуруҳ босқичидаги икки ўйинни ўтказиб юборганига қарамай, Магуайр керакли паллада инглизлар жонига оро кирди. Aйниқса, қаҳрамонимиз Германия билан учрашувда "порлади". Украина билан ўйинда гол урди. Данияга қарши баҳсда супер иштирок этди ва финалдаги пенальтидан унумли фойдаланди. Шу важдан Бонуччи билан тандемда Кьеллинини кўриш имконсиз.

Ўнг қанот ҳимоячиси: Йоаким Мелье (Дания)
Aслида, бу позицияда Леонардо Спинаццола бўлиши керак эди, бироқ муҳим ўйинни ўтказиб юборгани учун рўйхатдан тушиб қолди. Ҳимоячи бўлишига қарамай, Мелье Россия ва Уэльс дарвозасини ишғол қилишни уддалади. Ярим финалга етиб келгани учун ҳам айнан Дания ҳимоячисини рамзий жамоага жалб этдик.

Марказий ярим ҳимоячи: Пьер-Эмиль Хёйбьерг (Дания)
Дания дебют учрашувдаёқ энг ёрқин юлдузидан айрилди. "Ярим ҳимоядаги бўшлиқни ким тўлдира олади?", деган савол кун тартибга қўйилган пайт, "Тоттенхэм" аъзоси катта саҳнага чиқиб келди. У тўп учун курашда, ўйин темпи ва бошқа кўплаб аспектларда фаол бўлди.

Марказий ярим ҳимоячи: Жоржиньо (Италия)

"Челси" вакили 0:1 ҳисоби таблода ёниб турган чоғ жароҳат олди. Aгар Жоржиньо майдонни тарк этганида, Италия катта муаммолар бошланиши аниқ эди. Асли бразилиялик бўлган футболчи қайтиш учун ўзида куч топди ва 120 дақиқа "жанг" қилди. Ҳал қилувчи пенальтини ура олмади, аммо Доннарумма вазиятни бартараф этди. У бутун мусобақа давомида Манчини тузган жамоанинг асосий механизмига айланди.

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Кевин Де Брюйне (Бельгия)
Мартинеснинг жамоасини омадсиз иштироки учун айблаш мумкин, лекин Кевин бундан мустасно. Ярим ҳимоячи ЕЧЛ финалидаги жароҳатидан тезлик билан фориғ бўлган ҳолда, Европа чемпионатига ташриф буюрди. Бельгия "Евро"ни эрта тарк этганига қарамай, энг кўп ҳавфли вазият яратиш борасидаги статистикада Кевин биринчи поғонани сақлаб қолди.

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Федерико Кьеза (Италия)
Феде учун турнир ўзгача бошланди. Aввалига асосий таркибдаги ўрнини Берардига бой берди. Aвстрия билан баҳсда заҳирадан ўйинга қўшилди ва унинг "ижодий иши" бошланди. Кьеза Италия учун энг оғир ўтган ўйинларда фаол бўлди: Испания дарвозасини ишғол қилди. Финални ёдга олинг! Aйнан қаҳрамонимиз Италиянинг олдинги чизиғида ҳеч нарса ўхшамаётган пайтда вазиятлар яратишга тиришди. Турнир якунлангач, италиялик "тифозилар" айнан Федени мусобақанинг энг яхши футболчиси, деб эътироф этгани бежиз эмас.

Ҳужумчи: Харри Кейн (Aнглия)
Англия терма жамоаси сардори гуруҳ босқичида бирорта голсиз якунлади. Инглиз журналистлари уни танқидлар билан кўпиб ташлаганига қарамай, Саутгейтнинг кўрсатмасига охиригача амал қилди. Кейин голлар бошланиб кетди. Германия, Украина ва Дания дарвозаси ишғол қилинди. Ҳал қилувчи ўйиндаги пенальтилар сериясида ўзини йўқотиб қўйгани йўқ.

Ҳужумчи: Патрик Шик (Чехия)
Дарров "қани Роналду", дея савол беришга шошилманг! Криш гуруҳ босқичидаги 5 голнинг 3 тасини пенальтидан киритди. Фақат Венгрия билан баҳсдагина унинг ўйиндан киритган голлари ғалаба калити бўлиб хизмат қилди. Ундан фарқли ўлароқ, Шик Чехияни плей-оффга "қулоғидан тортиб чиқди". Ҳал қилувчи баҳсларда Нидерландия ва Дания дарвозасини ишғол қилди. Бундан ташқари, у жамоаси "Евро-2020"да урган 6 голининг 5 тасига муаллифлик қилди. Aгар у бўлмаганида, чехларнинг аҳволи қай даражада оғир бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!