Юртимизга ишқи тушиб қолган сербиялик мутахассис яна Суперлигамизда ишлаш ниятида
Чемпионатимизда хорижлик бир қатор мураббийлар ишлаб кетган ва ҳозирда ҳам айримлари Суперлигамизда фаолиятини олиб бормоқда. Кимдир эслашга арзигулик ишларни амалга оширган бўлса, яна айримлари ўзидан ҳеч қандай из қолдирмаган.
Мамлакатимизнинг энг номдор клуби – “Пахтакор”да ҳам турли йиллар давомида кўплаб чет эллик мураббийлар ишлаган. Мана, ҳозирда ҳам “шерлар” анъанасига содиқ қолиб, бош мураббийлик лавозимини грузиялик Шота Арвеладзега топширган. У ҳақида ортиқча гапириш шарт эмас, негаки мураббий ўзидан яхши таассурот қолдиряпти.
Агар “Пахтакор”да мураббийлик қилган аввалги хорижликларга эътибор қаратсак, айтишга арзийдиган мутахассислар кўп бўлган. Улардан бири сербиялик Дражен Дукич. 2014 ва 2015 йилги мавсумларда у “Пахтакор” клубида ишлаган. Шунингдек, 2018 йилда “Қўқон-1912”да Нўъмон Ҳасановга ҳам яқиндан ёрдам берган. Куни кеча ушбу мутахассис билан алоқа ўрнатдик. Эътиборлиси, унга Ўзбекистон чемпионатида ишлаш ёқиб қолганди. Дукич эса Sports.uz мухбири билан мулоқотда дастлаб юртимиздаги фаолиятини эслаб қуйидагилар ҳақида гапирди:
- Ўзбекистонда яшаётган барчага алангали салом. Covid-19 пандемияси юз бераётган маҳалда барчага сабр-тоқат тилайман. Ишонаманки, covid-19 албатта даф бўлади!
Ҳа, мен ўзбек футболида уч йил ишладим, икки йил “Пахтакор”да ва бир мавсум “Қўқон-1912”да. Мураббий сифатида Ўзбекистондаги фаолиятим мен учун жуда яхши тажриба мактаби бўлиб хизмат қилди. Шу билан бирга “Пахтакор” билан икки бор – 2014 ва 2015 йилларда Ўзбекистон чемпионига айланганим менга ўзгача фахр бағишлайди.
Ҳозирда эса мен Сербия футбол федерациясида ишлаяпман. “В”, “А” ва “Про” лицензияларини берадиган бўлимнинг раҳбари ва профессори сифатида фаолият кўрсатиб келяпман.
Кўриб турганингиздек, Дукичнинг футболимизга бўлган эътибори доимо юқори. Бизни ушбу мураббий билан боғлиқ яна бир ҳолат ўзига тортди. Футболнинг ичида юрган танишларимизнинг айтишича, чемпионатимизда тўп сураётган аксарият сербияликлар Дражен Дукич орқали келган экан. Яъни, унинг Ўзбекистон клубларига ҳамюртларини юбориш билан ҳам шуғулланиши назарда тутилмоқда.
- Ўзбекистонлик мураббий Нўъмон Ҳасанов билан яхши таниш бўлганим сабабли Сербияда ўзим яхши билган футболчиларни юртингизга юборганман, - дейди Дукич. - Айниқса, Ҳасанов “Қўқон-1912”да ишлаган пайтида сербиялик беш нафар легионернинг тўп суришида менинг ҳиссам бор. Улар ўйин сифати ва тажрибасини намойиш этишган. Аниқроғи, Дарко Гожкович, Филип Райевац, Никола Валентинч, Марко Милич ва Милан Спремо каби футболчиларнинг Қўқонда ўйнашларига ёрдам берганман.
Яна бир гап: Суперлигамизда бугунги кунда ким энг яхши легионер? Бу саволга деярли барча иккиланмасдан “Пахтакор”даги Драган Черанни тилга олмоқда. У ҳам Дукич сингари сербиялик эканлигини мухлислар яхши билади. Мутахассис эса собиқ жамоасида ҳамюртининг қандай кароматлар кўрсатаётганидан хабари борлигини айтган ҳолда шундай деди:
- Черан ҳақида кўп гапириш шарт эмас. Шундоқ ҳам унинг қандай футболчи эканлигини майдонда амалга ошираётган ишлари тасдиқлаб турибди. Мана шундай ўйинчининг “Пахтакор”да тўп сураётганида ҳиссам борлигидан жуда хурсандман. Қолаверса, “Пахтакор” жуда яхши жамоа. Ҳар доим ушбу клубга мухлислик қиламан. Лекин сизларда яна бошқа бир қанча яхши клублар ҳам бор.
Ўзига яраша тажрибали ҳисобланган мураббийнинг яна Ўзбекистонга қайтиб ишлаш нияти борми? Ҳарқалай Дукич юртимизда ишлаган йилларида ўзидан ёмон таассурот қолдирманганди.
- Албатта, яна ўзбек футболида ишлаш ниятим бор. Чунки Ўзбекистондаги фаолиятим давомида юртингизни ёқтириб қолганман. У ерда инсонлар самимий. Менга Ўзбекистон худди ўз уйимдек бўлиб қолган. Халқингиз ниҳоятда меҳмондўст ва таомларингиз жуда мазали. Маданиятингизга эса ишқим тушган. Агар имкон туғилса яна жон деб Ўзбекистонда ишлайман. Ўзбек мухлислари футболни жуда яхши кўришади ва унинг ашаддий ишқибозларидир, - дея муносабат билдирди Дражен Дукич.
Фикрлар