"Ювентус", "Калчополи" ва Италия мафияси ёхуд итальян футболидаги қинғирликлар сабабчиси ким?
Туриннинг "Ювентус" клуби ўтган мавсум Италия прокуратураси томонидан жиддий қаршиликларга учради. Жамоа сал қолса, узоқ муддатга Еврокубоклардан тушиб қолиши ва Б Серияга "сургун қилиниши" мумкин эди. Бироқ туринликлар нисбатан енгил жазога дучор бўлишди, яъни чемпионатда Аллегри шогирдларидан 10 очко олиб қўйилди. Очколаридан айрилган "зебралар" чемпионлар лигасини конференциялар лигасига алмашди. Бу ўтган мавсумда "Юве" билан юз берган машмашаларнинг қисқача хронолияси эди. Бу воқеалар бу мавсум ҳам давом этади, чоғи. Яқинда чиққан хабар шундан далолат бераётгандек, гўё.
"Ювентус" қандай қилиб бу ишларга аралашиб қолди?
"Кекса сеньора" ўтган мавсум 15 очко олиб ташланиши билан жазоланганди. Бироқ кейин чиқарилган қарорга кўра, Турин клубидан 10 очко олиб ташлаш маъқул вариант сифатида кўрилди.
Жамоанинг молиявий фейр-плей қоидаларини бузгани сабаб УЕФА чора кўришга қарор қилди. Келгуси мавсумлар давомида туринликлар қарзларини камайтириши лозим. Шунингдек, 3 йил давомида молиявий зарар 60 миллион евродан ошмаслиги талаб этилади. Агар "Юве" қарзларини қисқартирмаса ва молиявий масалаларда яна муаммоларга дуч келса, УЕФА жамоани Еврокубокларга қўймасликда давом этиши мумкин. Қолаверса, Европа футбол ассоциацияси Италия футбол иттифоқидан Турин клубига ички мусобақаларда ҳам жазо жорий этилишини сўраши мумкин.
Италияда футболни мафия бошқаради?!
Футбол - Италияда энг оммабоп спорт тури ҳисобланади. Аммо ОАВ олиб борган бир қатор суриштирувлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, бу мамлакат футболида мафия ва коррупция аралашуви одатий ҳолга айланиб қолган.
Масалан, 2019 йил апрель ойида ушбу ўлканинг байроқдор клуби "Ювентус" атрофида қинғир ишлар содир бўлгани мамлакат спорт медиасида катта шов-шувларга сабаб бўлди. Ўша йили Италия Олий судининг маълум қилишича,"Юве" раҳбарлари "ултрас" деб аталувчи мухлислар орқали Калабрия мафияси бўлган "Ндрангета" аъзоларига чипталар сотувини топширган ва шу йўл билан фойда кўришга уринган.
Бу борада фақат "Ювентус" "пул ювиш" ишлари билан шуғулланмайди. 2018 йилда Италияда фақатгина мухлислар ташрифининг ўзидан 2 миллиард 397 миллион евро ишлаб топган. Бу суммага телетрансляциялар, ҳомийлик шартномалари ёки рекламалардан олинган даромад қўшилмаган. Бундан кўринадики, шу каби катта миқдордаги маблағни жалб қиладиган саноат даромад йиғишга ва жиноятдан олинган даромадларни яширишга интилаётган гуруҳлар учун ишончли усулга айланганди.
"Ндрангета" каби жиноий гуруҳлар футбол орқали обрў орттиришга ва қонунларни четлаб ўтишда катта тажрибага эга. Яна бошқа мафиялар эса ёшлар футболига аралашади. Ёш ўйинчиларга ҳомийлик қилади, клубларни сотиб олади ёки жамоаларни ташкил қилади. Ҳатто баъзи гуруҳлар инқироз ёқасидаги клубларни ўз ҳимояси остига олади ва уларни молиялаштиради. Кейинчалик эса ўша жамоа атрофида кам сарфланган харажатларни икки баробар кўпайтириб кўрсатилади ва "пул ювиш" ишлари кенг кўламда олиб борилади.
"Калчополи" - ҳамма кирдикорлар очилишига сабаб бўлган воқеа!
"Калчополи" - Италия олий дивизиони А Серияда юз берган футболга оид йирик можаролардан бири. 2006 йилда рўй берган мазкур жараён клуб раҳбарлари ва ҳакамлар ўртасида келишувлар бўлгани ва аудиоёзувлар эвазига бу нарса бутун жаҳон ОАВга тарқаб кетгани бизга маълум. Бу лига чемпиони бўлган "Ювентус" ҳамда "Фиорентина", "Милан", "Лацио" ва "Режжина" каби клублар атрофида содир бўлган. 2006 йил июль ойида эса Турин клубидан чемпионликни тортиб олишди ва "Интер"га "Скудетто"ни топширишди. Янги мавсумдан "зебралар" Б Серияга тушириб юборилди. Спорт директорлари ва ҳакамларга қамоқ жазоси тайинланди. Бироқ улар қамалмасдан, орадан 10 йил ўтиб, шунчаки оқланганлиги ҳақида қарор билан қутилиб кетишди.
Гарчи барча айбдор сифатида "Ювентус"ни кўрсатган бўлсада, клуб билан боғлиқ келишилган ўйинлар борасида бирорта исбот топилмади. Орадан маълум муддат ўтгач, кўплаб ҳакамлар ва клуб раҳбарлари "сувдан қуруқ чиқишди". Улар яна ўз лавозимларига қайтишди, айримлари футболдан умрбодга четлаштирилди, холос.
Ҳа, айтганча, ўша йили ўтказилган жаҳон чемпионатида Италия терма жамоаси ғолибликни қўлга киритади. "Скуадра Адзурра" таркибидаги 5, французлар сафидаги 3 футболчи "Ювентус" вакили сифатида келишилган баҳсларда айбдор, деб қаралади. Аммо юқорида айтиб ўтганимиздек, бу ўз исботини топмайди.
"Калчополи" - аслида, нафақат Италия футболига, балки бутун дунё "миллионлар ўйини"га катта таъсир кўрсатган воқеа ҳисобланади. Шундан сўнг ассоциациялар келишилган ўйинлар ва ҳакамларни назорат қилиш каби масалаларга жиддий эътибор қаратиб келади. Бироқ бу муаммо тўлиқ бартараф этилди, дегани эмас.
Фикрлар