"Ювентус" Андре Гомеш борасида "Барселона" билан келиша олмаяпти

Кеча “Ювентус” ва “Барселона” клублари португалиялик ярим ҳимоячи Андре Гомешнинг трансфери бўйича музокаралар ўтказишди.

Бироқ, томонлар бу борада келиша олишмади. Боиси, туринликлар футболчини шунчаки ижарага олишни исташмоқда, каталонияликлар эса Гомешни ёки тўлиқ сотиб юборишни ёки кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага беришмоқчи.

Айтиш лозимки, ўтган йилнинг ёзида ҳам “Ювентус” Гомеш борасида “Барселона” билан рақобатлашган эди. Бироқ, якунда “Валенсия”га 55 млн евро (шундан 20 миллиони бонус) берган “кўк-анор ранглилар” футболчини илиб кетишган эди.

Гарчи португалиялик Европа чемпиони “Барселона”даги илк мавсумида ўзини кўрсата олмаган бўлсада, “Ювентус” ҳамон унга қизиқиш билдиришда давом этмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!