"Ювентус"да тўрт нафар дахлсиз футболчи номини маълум қилди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

"Ювентус"нинг янги бош ижрочи директори Жованни Карневали жамоа бош мураббийи Лучано Спаллетти билан илк учрашувини ўтказди. Football Italia хабарига кўра, суҳбат давомида томонлар ёзги трансфер ойнаси учун клубнинг умумий стратегиясини муҳокама қилган.

Маълумотларга қараганда, Чемпионлар лигасига чиқа олмаганидан сўнг "бьянконери" раҳбарияти молиявий кўрсаткичларни яхшилаш учун бир қатор футболчиларни, шу жумладан асосий таркиб ўйинчиларини ҳам сотишга тайёр. Тушадиган маблағлар жамоани кучайтириш, янги футболчиларни олишга йўналтирилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Карневали клубда сотувга қўйилмайдиган тўрт нафар футболчи борлигини алоҳида таъкидлаган. Уларнинг исмлари рўйхатига Кенан Йилдиз, Мануэль Локателли, Пьер Калюлю ва Уэстон Маккенни кирган. Бу футболчилар қандай шароитда бўлмасин, жамоада қолиши керак, деб ҳисобланмоқда.

Қолган барча ўйинчилар бўйича эса таклифлар кўриб чиқилади. Бу ҳолат Андреа Камбьясо, Кефрен Тюрам ва Глейсон Бремер каби футболчиларга ҳам тааллуқли.

Бундан ташқари, Карневали Душан Влахович билан алоҳида учрашиб, шартномани узайтириш бўйича музокараларни қайта бошлашни режалаштирмоқда. Илгари сербиялик ҳужумчи клубнинг собиқ раҳбари Дамьен Комолли билан келишувга эриша олмаган эди. Шу боис, ҳозирча унинг амалдаги шартнома тугагач жамоани тарк этиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!