"Ювентус" Кьеза билан келишиб олди, лекин...

«Фиорентина» ҳужумчиси Федерико Кьеза ёзги трансфер чоғида клубни тарк этиши мумкин. «La Stampa» тарқатган хабарларга қараганда, «Ювентус» клуби 22 ёшли футболчининг отаси ва агенти саналадиган Энрико Кьеза билан шахсий шартнома борасида келишиб олишга эришган.

Турин суперклуби вакиллари Кьезага йилига 5 миллион евро миқдорида маош тўлашга рози бўлганлар. Аммо муаммо шундаки, «Фиорентина» Федерикони умуман бошқа клубга сотишни истамоқда. Иқтидорли ҳужумчига даъвогарлар орасида «Интер» ҳамда «Манчестер Юнайтед» клублари ҳам тилга олинмоқда.

Жорий мавсум Кьеза барча турнирлар доирасида 26 учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол урди ва шерикларига 5 марта ассистентлик вазифасини ўтаб берди. Унинг «Фиорентина» билан имзолаган амалдаги битими 2022 йил ёзида ниҳоясига етади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!