"Ювентус"нинг Элдор Шомуродовга қизиқиши қанчалик ҳақиқат? Дадаси ўғлига қандай маслаҳат беряпти? Азамат Шомуродов билан суҳбат
Италия А сериясида тўп сураётган ягона ҳамюртимиз – Элдор Шомуродов атрофида қандай хабарлар тарқалаётганини энди яхши билсангиз керак. “Женоа” сафида охирги пайтларда фаол ўйин кўрсатаётгани эвазига унга “Ювентус”нинг эътибори тушиб қолгани ҳақидаги хабар биз учун муҳим. Гарчи бу тўғри ёки ҳали тасдиқланмаган бўлса ҳам. Ахир шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, деган гап бор-ку.
Айни пайтда Шомуродов ва “Женоа” “Болонья”га қарши бўлажак учрашувга жиддий тайёрланишяпти. Шомуродов билан боғлиқ янгиликлар эса унинг оиласи ва албатта ота-онасини ҳам бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз.
Шу сабабли sports.uz мухбири Элдорнинг дадаси – Азамат ака Шомуродов билан қатор қизиқарли мавзуларда суҳбатлашди. Табиийки, фарзандининг “Ювентус”га ўтиш имконияти, ўғлига қандай насиҳат қилаётгани ва яна бошқа масалалардаги фикрлари барчамиз учун қизиқ эди.
- Элдорнинг мақсади катта. У Италиянинг ўртачароқ клубда ўйнаяпти, ўзини кўрсатса янада кучли клубга ўтишига ишончим комил, - дея гап бошлади, Азамат ака. - Ҳаммасини вақт кўрсатади. Ўзига ишонмаса у ерларга бормасди. Ўзи ҳам катта ниятлар билан кетган, биздан дуо олиб. Насиб бўлса, ҳозирча ҳаммаси яхши бўляпти. “Ювентус” оладими ёки бошқасими, ҳаммасини вақ кўрсатади. Лекин, менимча “Женоа”да яна бироз тўп суриб мослашиши керак. “Ювентус”га ўтиб кетса, захирада ўтириб қолармикин, дейманда. “Женоа”нинг яхши ва ёмон кунини кўпроқ кўриши керак. Мана, ҳозир жароҳатдан қутулиб ўз устида яхши ишлаяпти. Уни ҳамма кўтар-кўтар қилиб, “Ювентус”га ўтишини олқишлашса-ю, лекин бироз ўйини чиқмай захирага ўтириб қолса, яна гап-сўз бўлади. “Ростов”да ҳам Шомуродовни у ер, бу ерларга кетади дейишганида гол ура олмай қолганди. Бу нарса миясига ўрнашиб қолиши мумкин. Ўша пайтларда шундай бўлди, бир қатор клублар чақиряпти дейишди, бу томонда уйланиш режаси ҳам бор эди. Натижада 6-7 ой гол ура олмай қолганди. Аммо Элдор аввалгидан анча улғайди. Ўйини ҳам ўзгарди. Энди бундай гаплар таъсир қилмаса керак деб ўйлайман.
- Унга “Ювентус” қизиқяпти, деган хабар чиққанидан кейин ўзи билан гаплашдингизми? Ростдан бу жиддий эканми?
- Элдор билан бу ҳақида ҳеч ким гаплашмаган. Фақат шундай мақола чиқиб кетган. Балки ростдан эътибор қаратишаётгандир, бироқ клуб билан ҳам, ўзи билан ҳам гаплашишмаган. Элдор фақат ўйин ҳақида ўйлаяпти, телефонини ҳам ўчириб қўйган.
- Элдорнинг бу хабарга муносабати қандай бўлди?
- Ҳали тўлиқ маълум бўлгани йўқ. Ўзимни ҳам бундан хабарим йўқ деди. Балки кузатишаётган бўлса керак. Моратанинг ўрнини тўлдириши мумкин деб шу хабарни ёзган ва бундан бошқалар олиб тарқатишган. Ўғлим эса ҳали бу 100 фоиз эмас деяпти.
- Азамат ака, “Женоа”нинг “Ювентус”га қарши ўйинидан кейин битта кадрга кўзиб тушиб қолганди, фақат бу Элдорми-йўқми, деб иккилангандим. Яъни, учрашув тугаганидан сўнг, Шомуродов айнан Альваро Мората билан футболка алмашгандек кўринганди, менга...
- Ҳа, тўғри, футболка алмашган. Унга нимага Роналду билан футбол алмашмадинг деб сўраганимда, буни ўзимга эп кўрмадим. Мората билан футболка алмашдим, у яхши бола экан, айтсам, рад қилмади деди.
- Қизиғи, ўша ўйинда Элдор Шомуродов Роналдудан тўпни олиб қўйган эпизоди катта воқелик сифатида қабул қилинди. Сиз қандай реакция билдирдингиз?
- Ўша вазиятни кўриб улар билан ҳам ўйнаса бўлар экан дедим. Чунки Элдор ҳам улардан қолишмаяпти-да. Тез фикрлаш керак, тўпни олиб қўйиш учун ҳам бир қадам олдин югуриш керак. Унда чопиши ҳам яхши. Агар тўпни хотиржам қабул қилиб олса, исталган рақибидан ўта олади.
- Ўғлингиз Италия ҳаётига мослашиб бўлдими? Тил масаласида қийналмаяптими?
- Яқинда Ўзбекистонга уч кунга келиб кетганди. Ўшанда ҳаммасини гаплашгандик. Айтиши бўйича ҳаммаси яхши, ўзини қониқтиряпти. Жамоадошлари билан бир-бириникига меҳмонга ҳам бориб туришар экан. У ерга кўникяпти.
- “Женоа”да бош мураббий алмашиб, Роландо Мараннинг ўрнига Баллардини келганидан кейин бу Шомуродовга имкониятларини кўрсатиш учун яхши таъсир кўрсатаётгани ҳақида ҳам эшитиб турибмиз...
- Баллардини “Женоа”га қайтгач, биринчи учрашувда уни қўймаганидан кейин Элдор машғулотларда янада қаттиқ ва чин юракдан ишлади, жиддий тайёрланди. У ерда ҳам рақобат кучли, мураббийнинг меҳрини қозониши керак бўлади. Шундан кейин яна майдонга туширишни бошлади. Бу ўғлимнинг меҳнати самараси. Оддий қилиб айтганда, ўзини исботлади. Майдонга тушиб ўйинчиларнинг орқасида яшириниб юрмаяпти, бор кучи билан ишончни қозонишга ҳаракат қиляпти. Элдор эса менга мураббийнинг фарқи йўқ, ким келса ҳам ўз ўйинимни кўрсатишда давом этавераман деяпти. Мақсади ҳам шу. Италияга шунчаки чой ичиб келиш учун кетмаган, меҳнат қилиб, ўз устида ишлаб, янада янги марраларни забт этиш учун кетган. Бу ерни соғинма, бизда ҳаммаси жойида, ўғиллик бўлдинг, энди ўша ерда бутун эътиборингни ўйинга қаратиб, ишлагин деб уқтиряпман. Фақат олдинга интил, кейинчалик дам оладиган пайтлар келади деяпман. Телефон орқали гаплашганимизда доим меҳнат қилишини такрорлайман. Муомаласи ҳам жойида. Клубида ҳамма билан илиқ муносабатда.
- Шундай бўлса ҳам “Женоа”да энг яқин дўсти ким экан?
- Номлари эсимдан чиқибди, хорватиялик футболчилар бор. Аслида-ку, барча ўйинчилар билан муносабати зўр. Фақат хорватлар билан гаплашиши, рус тилида сўзлашиши осонроқ, назаримда. Лекин итальян тилини ҳам ўрганиб боряпти. Ким унга ёмон гапирса ҳам, табассум билан жавоб қайтаради. Дарров аччиқланиб, тўнини тескари кийиб олмайди. Квартирасида ҳам бир ўзи яшаб ҳамма нарсани ўрганиб олган. Клуб машина берган, ҳамма шароитлари яхши. Россиядан ҳам кўра, бу ерда профессионализм анча кучли экан, деяпти. Ҳамма жойда савияга қараб кетади. Элдорга, жамоам охирги ўринда юрибди деб сиқилмагин, муҳими ўз ўйинингни ўйнашда давом этавер, агар “Женоа”ни сақлаб қолишга катта ҳисса қўшсанг ҳам қаҳрамонга айланасан деб тушунтиряпман. Барибир у ерда ҳамма кимнинг нима қилаётганини кўришади-ку. “Женоа”нинг охирги ўринларда юриши бу Элдорнинг айби эмас-да. Майдонда неча дақиқа ўйнасанг ҳам, яхши пас бер, очил, имконият ярат, кимдир сенга пас бермаса жахлинг чиқмасин, фақат ўйнагин, деб маслаҳат бераман. Барибир кўпроқ ўзига боғлиқ. Бу гапларни мендан ҳам кўп мураббийлари айтади.
- “Женоа”нинг ҳар бир ўйинини ким билан ва қандай хиссиёт билан кўрасиз?
- Ака-укаларим билан кўраман. Очиғи, ўйинни кўришни бошлагач, ичим сиқилади. Айниқса, гол ўтказиб юборса асабийлашиб кетаман. Яна ўзимга шунча жойга бориб ўйнаяпти-ку, деб тасалли бераман. Барибир ўйинни кўраётганимда қайғуриб ўтираман. Агар ютадиган жойида дуранг ўйнаб қўйса, керакли очколарни қўлдан чиқариб юборса, ярим соатча ўзимга кела олмайман. Кўпинча яқинларимиз билан кўраман. Элдорнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатиб, маслаҳатлашиб ўтирамиз. Ўйиндан кейин гаплашганимда айтаман, ўша вазиятда қаттиқроқ тепишинг керак, зарбаларинг кучсиз, дарвозабонлар бемалол қайтаряпти, шуларни устида ҳам кўпроқ ишла деб айтаман. Ахир у ердаги дарвозабонлар биздаги каби эмас-да. Шунинг учун қаттиқроқ тепиш керак.
- Ўғлингиз “Женоа” сафида иккита гол урди, “Парма” ҳамда “Сассуоло” дарвозаларига. Бироқ иккала учрашувда ҳам унинг жамоаси 1:2 ҳисобида ютқазди...
- Мен ҳам айтяпман, нимага сизларда хато қилган ҳимоячини яна майдонга тушираверади? Гол ургач, ҳамма ҳимояга ўтиб олади, нима учун, деб ундан сўрайман. Ахир ҳужум қилмаса гол ҳам бўлмайди-ку, тўғрими? Элдор ҳам, билмасам, голдан кейин ҳамма орқага чекинади, ўзим ҳам хавотирда бўлиб тураман дейди. Шунча меҳнат қилсангу, аммо натижа бўлмаса алам қилади-да. “Ростов”да ҳам ғалаба қозонаётган пайтида уч дақиқа ичида “Краснодар”дан учта гол ўтказиб юборганди. Ўшанда жуда аламли бўлган. Бу ерда дуо қилиб турамиз. Италия А сериясига боришни ўзи катта гап.
- Ўғли Мустафо яхшими?
- Ҳа, кўз тегмасин яхши. Мен ҳам Тошкентга келганман, ҳаммамиз биргамиз. Мустафо Элдорнинг ўзи.
Фикрлар
Футбол сайтлари ичида хозирча
Футбол сайтлари ичида хозирча