Зафар Холмуродов: Мураббийда доимо заҳира тактикаси бўлиши керак

Ёшлар лигасининг 1-тур доирасидаги “Нефтчи” – “Насаф” (1:2) учрашувидан сўнг, жамоамиз устози Зафар Холмуродов ўз фиклари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда “Насаф” расмий сайти хабар бермоқда.

“Албатта лиганинг дастлабки турида ғалаба қозониш ёқимли. Барчани ушбу ғалаба билан табриклайман. Умид қиламанки, эртага асосий таркибимиз ҳам ғалабага эришади. Бугунги учрашув ажойиб бўлди. “Нефтчи” ёшлари ҳам бор кучларини ишга солишди. Таркибда ажойиб футболчилар йиғилишган. Бу ёшлар “Нефтчи” жамоасининг келажагидир.

Тўғриси, бугун бироз хавотир бор эди. Бунга сабаб, жамоамиз ҳар йили мавсумни деярли янги таркиб билан бошлайди. Дастлабки ўйиндан футболчилар бир-бирларини тушуниб кетиши қийинроқ кечади. Бугунги учрашувда ҳисобда олдинга ўтиб олганимиздан кейин, футболчиларимиз хотиржамликка берилишди, оқибатда дарвозамиздан гол ўтказиб юбордик. Танаффусда йигитларимизга керакли кўрсатмаларни бердик. Мураббийда доимо заҳира тактикаси бўлиши керак. Биз иккинчи бўлимда бошқача тактика қўлладик. Натижасини кўриб турибсиз. Албатта камчиликларимиз бор, бу камчиликлар устида ишлаймиз.

Футболчиларимизга доимо уқтиришга ҳаракат қиламиз, футболчида сафар ва уй учрашувларида фарқ бўлмаслиги керак. Яъни бўлажак профессионал футболчи сафарда ҳам, уй учрашувида ҳам бир хил ўйин намойиш қилишга ўрганиши керак. Ёшлар жамоамизда фаолият юритаётган, биз мураббийлар олдида доим бир долзарб вазифа туради. Бу ҳам бўлса, асосий таркибимизга муносиб ўйинчилар етказиб бериш. Бу биз мураббийларнинг анъанасига айланиб улгурган. Бу йил ҳам бир қанча футболчиларимиз асосий таркибга оътказилди. Умид қиламанки, бу футболчиларимиз ҳам, футбол ишқибозларининг эътиборини қозонишади”, – деб айтиб ўтди Холмуродов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!