Замонлар ўтаверади – дардимиз эса ўша-ўша...
2019 йилнинг 23 май санасида сайтимиз “You Tube” саҳифаси орқали таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев Ўзбекистон МТЖ мағлубияти ҳақида сўз юритиб, анчагина шов-шувларга сабаб бўлган мулоҳазаларни билдирганди. Ўша даврда ушбу мурожаат турли доираларда муҳокама қилинди ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Видеомурожаатнинг иккинчи қисмида тилга олинган болалар футболи ва Суперлига регламенти борасидаги гапларни бир четга қўя турайлик. Лекин терма жамоамиз ҳақидаги фикрлар ҳамон долзарб. Яхшиси, қуйидаги ҳавола орқали ўзингиз гувоҳ бўлинг.
БУ КЕТИШДА ЖЧ БИЗГА ОРЗУ БЎЛАДИ, ФУТБОЛИМИЗДАГИ КЎЗБЎЯМАЧИЛИКЛАР ҲАҚИДА
Биз эса давом этишимиз лозим. Тиббиётда хавфсиз касал бўлмайди, деган ибора бор. Биз ўз вақтида эътибор қаратмаган тақдирда, оддий тумов ҳам жиддий асоратларни келтириб чиқаради. Ярани ўз вақтида боғлаб, унга қарши курашмас экансиз, у бутун танага зарар етказа бошлайди. Футболимиздаги муаммолар ҳам худди шу ярага ўхшаб бормоқда.
Кечаги ўйинда мураббий амалга оширган қарорларни муҳокама қилиш ва ундан хато топишга бироз ийманади киши. Очиғини айтганда, терма жамоамиз бошқарувидан Купер жаноблари кетган пайтда, шахсан, Абрамов вариантини кўпчилик қатори маъқуллаганман. Гап Вадим Карленович футболимизга тақдим этаётган услубда эмас, уни ижро этаётганларда. Кеча ярим ҳимояда майдонга тушган учала футболчини ҳам асосий таркибда кутмагандик. Азиз Ғаниев, Отабек Шукуров, Икром Алибоев каби легионерлар ва Одил Ҳамробеков, Сардор Собирхўжаев сингари миллий биринчилигимиз етакчилари турганда Лутфулла Тўраев, Аброр Исмоиловнинг асосий таркибда ўйинни бошлаши кўпчиликни ҳайратда қолдирди.
Бош мураббий ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида иккинчи таймда майдонга туширган футболчилари ўйинни кучайтира олмаганини айтиб ўтди. Аллақачон 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраётган пайтда майдонга тушган футболчидан нима кутиш мумкин?. Ҳа, ўртоқлик ўйини, бунда мураббий турфа футболчиларни синаб олиши лозим. Аммо бу ўйин барибир ФИФА рейтингига таъсир қилишини инобатга оладиган бўлсак, жиддийроқ қараш лозим эди.
Ўйин давомида эронликлар марказда кучли ўйин кўрсатди ва терма жамоамиз ҳужумлари қанотга тақалишга мажбур бўлди. Аксига олиб, шу куни Жалолиддин Машарипов умуман йўқолиб қолди. Жасур Яхшибоев эса “фақат чой дамлайдиган жин” экан! Унинг Беларусь премьер-лигасидаги трюклари, голларига маҳлиё бўлиб, ушбу лига даражаси анчагина пастлиги ва “Шахтёр” Солигорск Европа Лигаси саралашининг биринчи ўйинидаёқ турнир билан хайрлашганини унутиб қўйибмиз.
Тўп тўхтатишга футболчиларимиз керагидан кўп вақт сарфламоқда. Шунинг учун, қанотлар оша ҳужумларни кўчиришда жуда суст ҳаракат қилдик.
Элдор Шомуродовнинг иккинчи қаватдаги ўйини ҳақида форслар ҳам хабардорлиги кўриниб қолди. Аммо футболчиларимиз буни англаб ета олмади. Ҳаводан узатилган бирорта узатманинг Элдорга етиб борганини эслолмаймиз. Бошқача усуллардан фойдаланиш, марказдан кириб бориш учун эса бугунги Лутфулла Тўраевнинг даражаси пастлик қилади.
Ҳа, Остон Ўрунов ва Одил Аҳмедов терма жамоага ёрдам беролмагани бор гап. Ойбек Бозоров ҳам жароҳати сабаб йиғинга жалб этилмади. Ҳа, Лутфулла Тўраев мажбурий ҳолатда қабул қилинган қарор, дейлик. Ҳа, шунча ёшларни бошқариб туриш учун битта катта тажрибали футболчи бўлиши керакдир. Бироқ ҳамманинг хаёлига келган биринчи фикр футболчининг ўзидан ҳам ўтган ва унга қўшимча босим уюштиргандек кўринди. У тўпга эгалик қилиши билан тезроқ ундан бехато қутилишни ўйлади. Кутилмаган, креатив ҳужумларни ташкил этиш учун унинг зонасида ҳаракат қиладиган футболчи ўзига ишониши, таваккал қилишдан қўрқмаслиги керак. Бунинг учун ҳимоя ва дарвозабон ишончли бўлиши ҳам керак-да! Шу куни терма жамоамизда 2 та Элдор ҳаракат қилган бўлса, бирини мухлислар олқишлаб, иккинчисини танқид қилиб чарчади. Биринчи голда Азмуннинг бемалол мукаммал зарба йўллашига ҳимоячилар имкон бериб қўйганини кўрдик. Аммо Суюнов тўпга чиқиши оқибатида биринчи маротаба жамоамиз қийин аҳволга тушиб қолаётгани йўқ. Ҳимоячиларнинг хатога йўл қўйгани кундек равшан, аммо шундай пайтларда жамоасини қутқариб қола олмаган дарвозабон ишончли деб ҳисобланмайди. Бизда эса мураббийлар ишончни оқлай олмаётган дарвозабонни барчанинг тоқати тоқ бўлиб улгургандан кейингина алмаштиради.
Жаҳон чемпионатига 2 йил қолганда яна мураббийни алмаштириш нотўғри бўлади. Мураббийнинг селекция масалаларига аралашишга ҳаққимиз йўқ. Биз шунчаки ОАВ вакиллари сифатида ўз фикримизни билдирамиз. Масаланинг мазмуни шундаки, биз якуний саралаш босқичи аввалида Саудия Арабистони терма жамоасига қарши баҳслардаёқ катта қийинчиликка учрамоқдамиз. Мирзаҳаким Тўхтамирзаев 1 йил аввал айтган гаплар ҳали ҳам ўз кучида: “Бу ўйин билан Осиё минтақасидан мундиалга борадиган 4 та жамоа орасига кирмаймиз”.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар