Zarba yegan Husanovning ahvoli qanday?

  • 09.02.2026 19:27
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Futbol

Англия Премьер-лигасининг 25-туридан ўрин олган марказий учрашув – амалдаги чемпион “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” ўртасидаги баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов кутилмаган вазиятга тушиб қолди.

Ўйининг 60-дақиқасида мезбонлар ҳужумчиси Коди Гакпонинг гол уришига тўсқинлик қилган Абдуқодир жароҳат олди. 21 ёшли ҳимоячи орқасига Гапо урилди, аммо тўпга ташланган баҳайбат дарвозабон  Жанлуижи Доннарумманинг тиззаси Ҳусановнинг юзига тегди. Италиялик голкипер вазиятни тез баҳолаб, шошилинч тарзда майдонга шифокорларни чорлади.

Тиббий ёрдамдан кейин Абдуқодир Ҳусанов бош мураббий Хосеп Гвардиолага ўйинни давом эттиришга тайёрлигини билдирса-да, клубнинг тиббиёт хизмати вакиллари унинг майдонга қайтишига йўл қўймади.

Айни пайтда Абдуқодир Ҳусановнинг аҳволи қандай экани ҳақидаги маълумотлар нафақат ўзбекистонлик мухлисларни, балки легионеримизни турли мамлакатлардан туриб қўллаб-қувватлаётган ишқибозларни ҳам хавотирда ушлаб турибди.

Sports.uz портали Англиядаги нуфузли манбаларнинг Ҳусановнинг аҳволи бўйича ўз инсайдерларига таянган ҳолда эълон қилиган дастлабки маълумотлари ўқувчилар эътиборига ҳавола қилади.

CITYXTRA.CO.UK:

“Ливерпуль”га қарши ўйинда ҳимоя чизиғи яна катта босимга дуч келди, айниқса танаффусдан кейин, ва айнан шундай ҳимоявий вазиятлардан бири охир-оқибат клубнинг энг истиқболли футболчиларидан бири иштирокида хавотирли ҳолат юзага келишига сабаб бўлди.

Мерсисайдликларнинг гол уриш имкониятини бартараф этган муҳим ҳимоявий ҳаракат пайтида ўзини тўпга ташлаган Абдуқодир Ҳусанов икки футболчи орасида қолиб кетди. Дарвозабон Жанлуижи Доннарумманинг тиззаси ҳимоячининг юзига тегди. Ҳусанов тиббиёт ходимлари тавсияси билан захирага олинди.

Бош мураббий Пеп Гвардиола ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ўзбекистонлик ҳимоячининг аҳволи ҳақида янгиланган маълумот бера олмаган бўлса-да, у марказий ҳимоячининг ўйинини жуда юқори баҳолади.

- Ҳусанов… “Энфилд”да илк бор ўйнади. Ўзбекистондан келган, ярим йил Францияда ўтказган, кейин бизга қўшилди, бу ерда илк бор, Уго Экитике, Муҳаммад Салоҳга қарши ўйнади… Бу йигит ҚАНДАЙ ЗЎР ЎЙИН КЎРСАТДИ, - деди Гвардиола.

“Манчестер Сити”нинг тиббий штаби шу кунларда ўзбекистонлик ҳимоячини чуқурлаштирилган текширувдан ўтказади. Бу чора-тадбирлар, бош жароҳатлари ва эҳтимолий мия чайқалиши билан боғлиқ протоколлар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади. Ҳусановнинг ўйинларда иштирок этиши бўйича қарорлар эҳтиёткорлик билан қабул қилинади.

STANDARD.CO.UK:

“Манчестер Сити” якшанба куни қўшимча дақиқаларда “Ливерпуль” устидан ғалаба қозонди ва Премьер-лига чемпионлиги учун курашда “Арсенал”га босим ўтказишни давом эттирмоқда.

Шунга қарамай, жамоа ҳали ҳам жамоада жароҳат олган футболчиларнинг кенг рўйхати сабабли Хосеп Гвардиола таркиб танлашда қийинчиликларга дуч келмоқда. Жароҳатланганлар рўйхатида бир қатор муҳим ўйинчилар ҳам бор.

“Энфилд” стадионида ўтган ўйинда Хосеп Гвардиола жароҳатдан тикланган Рубен Диашдан кўра, Абдуқодир Ҳусановни илк дақиқалардан майдонга туширишни маъқул топди.  Бироқ “Ливерпуль”га қарши учрашувнинг 60-дақиқасида у майдонни тарк этишга мажбур бўлди.

Ўзбекистонлик ҳимоячининг юзига ўз жамоадоши Жанлуижи Доннарумманинг тиззаси тегди.

“Ливерпуль”га қарши ажойиб ўйин кўрсатган Абдуқодир Ҳусановнинг сафга қайтиш муддати 11 февраль куни “Этихад” аренада “Фулхэм”га қарши учрашувга тўғри келиши кутилмоқда.

MANCHESTEREVENINGNEWS.CO.UK:

“Манчестер Сити” футболчилари “Ливерпуль” устидан драматик ғалабани қўлга киритди. Пеп Гвардиола шогирдлари учрашув давомида ҳисобда ортда қолганига қарамай, “Энфилд”да ғалаба қозонишн уддалади.

Муҳим уч очкодан ташқари, “Сити” жароҳатдан сўнг сафга қайтган Рубен Диаш тимсолида таркибини кучайтириб олди.  Бироқ Абдуқодир Хусанов “Энфильд”даги ўйинда мия чайқалиши сабаб майдонни тарк этишга мажбур бўлди.

Ҳусанов “Ливерпуль”га қарши ўйинда жуда таъсирли ҳаракат қилди, мезбонларнинг ҳисобда олдинга чиқишига йўл қўймаслик учун ўз жонини ҳам аямади. У жарима майдонида тўпни қайтариш жараёнида рақиб ҳужумчиси Коди Гакпо ва дарвозабон Жанлуижи Доннарумма орасида қолиб кетди. Абдуқодирнинг юзига Доннурамманинг тиззаси тегди, шундан сўнг Ҳусановнинг ўрнига Рубен Диаш майдонга туширилди.

Энди Ҳусановнинг майдонга эҳтимолий қайтиш санаси “Салфорд Сити”га қарши Манчестердаги ўйинга тўғри келиши мумкин. Бу баҳс 14 февраль куни бўлади.

Таъкидлаш жоизки, инсайдерларнинг Ҳусановни сафга қайтиш санаси тўғрисидаги маълумотлари бир-биридан фарқ қилмоқда. “Манчестер Сити” клуби ҳали ўзбек футболчисининг аҳволи бўйича расмий маълумот чиқаргани йўқ. Нима бўлган тақдирда ҳам, Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳати жиддий эмаслигига умид қиламиз ва тез орада яна майдонда жавлон уришини кутиб қоламиз.

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!