"Захира дарвозабонимиз касал бўлиб қолди, таваккал қилдик, Кубокда жиддий вазифа қўйилмаган" - Жамшид Саидов

Ўзбекистон Кубоги нимчорак финалида “Қизилқум” клуби сафарда “Машъал”ни 3:1 ҳисобида таслим қилди ва чорак финалга йўлланмани қўлга киритди. Учрашувдан кейин “Қизилқум” бош мураббийи Жамшид Саидов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Биринчи ўринда ғалаба қозонганимиз хурсанд қилди. Йигитлар ўз олдига қўйилган вазифани тўлиқ бажаришди. Бунинг учун раҳмат айтаман. “Машъал” жамоаси бизга қарши жиддий тайёргарлик кўрганлигини билардик. Бундай жамоа билан ўйнаш жуда оғир кечади. Чунки уларда кучли мотивация бор. Бизга нисбатан биринчи давра оғир ўтди. Шунинг учун легионерларга уйга бориб келишга рухсат бердик. Иккинчи таркиб, асосан ёшлар билан ҳаракат қилдик. Улар ўзларини кўрсата олишди. Олис йўлни босиб келган мухлисларимизга ҳам раҳмат айтаман.

- Иккита таймда ҳам иккала жамоа тенгма-тенг ўйнаганини кўрдик. Қўшимча бўлимларда “Қизилқум” ғалабани осон қўлга киритди. “Машъал”ни сўнгги дақиқаларда жамоангизга кучи етмадими ёки “Қизилқум” қўшимча бўлимларга ҳам алоҳида тайёргарлик кўрганмиди?

- Биринчи бўлимда вазиятлар яратдик. Лекин иккинчи бўлимда бироз ўйинни ташлаб юбордик. Тактикани ўзгартирдик, ҳимоядан қайта ҳужум тактикасида ўйнашга ўтдик. Экстра таймларга ўтишимизни кутмаган эдим. Қўшимча таймларда жамоалар чарчаганди. “Машъал”да ҳам вазиятлар бўлди, лекин амалга ошмади, бизда эса вазиятлар кўпроқ бўлди.

- “Қизилқум” захира дарвозабонисиз ҳаракат қилди. Дарвозабонингиз жароҳат олишидан ўчимадингизми?

- Бу ҳам бир таваккал. Учинчи дарвозабон касал бўлиб қолди. Бугунги ўйинда асосий таркибда ўйнаган посбонимизга иккинчи дарвозабон йўқ эди, таваккал қилдик. Шундай бўлиб қолди.

- Легионерларга рухсат бериб юборилганми? Кубок баҳсларида уларнинг хизматидан фойдаланишни мақсад қилмаганмидингиз?

- Кубок баҳсларида жиддий вазифа қўйилмаган. Асосий эътибор чемпионат ўйинларига қаратилган. Эътибор берган бўлсангиз, гуруҳ ўйинларида ҳам асосан иккинчи таркибни ўйнатгандик. Сабаби, Кубок баҳсларида охирги босқичга топ клублар йўлланма олади. Хурсандман, ҳар қандай мураббий ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишни хоҳлайди. Ўйиндан олдин йигитларга мана имконият сизларга ўзингларни кўрсатиб, асосий таркибга интилиш учун, деб айтдим.

- “Машъал” Суперлигага муносибми ёки про лигагами?

- “Машъал” - бу буюк тарих. Мен ўзим ҳам бу ерда 5-6 йил ишлаганман. Қадрдон бўлиб қолган. Ҳар бир ишлаган жамоаларимда маҳаллий инсонлар билан доим илиқ муносабатда бўлганман. 2008 йилда “Машъал” академиясида ишлаганман. Ўзбекистондаги ягона юқори савиядаги академиялардан бири бўлган. Биринчи мураббийлик фаолиятим шу ердан бошланган. Бунинг учун клубга миннатдорчилик билдираман. У пайтлари Баҳром Байжанович фаолият олиб борарди. У кишига ҳам раҳмат айтаман. Футбол мураббийси сир-асрорларини шу ерда ўрганганман. Ҳозир ўтириб эсламоқдаман, музейдаги расмлар ҳам кўп нарсаларни эслатмоқда. Шомуродов, Шукуров сингари кўплаб таниқли номлар шуғулланишган. Ҳозирги кўплаб футболчилар “Машъал” тарбияланувчилари бўлишган. “Бухоро” ва “Машъал” жамоаларида потенциал жуда юқори, Суперлигада ўйнаш учун. “Машъал” жамоаси учун катта футбол керак, кўплаб катта жамоалар келган бу ерга, ОФК мусобақасида ўйнашган. 2009 йили Ривалдо биринчи маротаба шу ерда ўйнаган, иккита гол урган. Ҳавас қилиб томоша қилганмиз. “Машъал” жамоасига омад тилайман, улар учун қайғураман, мухлислик қиламан. Уларни Суперлигага чиқишини хоҳлайман.

- Иккинчи даврани “Қизилқум” қаерда ўтказади? Самарқанддами?

- Очиғи, билмайман. Ҳозир майдонимиз йўқ. У ёқдан, бу ёққа бориб ўйнаш, машғулот ўтказиш жуда оғир. Умид қиламизки, Самарқанд бизга яқинроқ, раҳбарият ҳозир гаплашишяпти. Агар ПФЛ рухсат берса Самарқандда ўйнашимизга умид қиламан. Қаршида муаммо йўқ, ҳаммаси яхши. Фақат йўл узоқлиги ноқулайлик туғдиряпти. Бу нафақат футболчилар, балки мухлисларга ҳам ноқулай бўлмоқда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!