Златан ва Леброн сиёсий қарашлари сабабли «жанжаллашиб» кетди! Уларнинг қай бири ҳақ?

SPORTS.uz футбол ва баскетбол юлдузлари ўртасидаги кескин муносабат борасида фикр юритади.

Барчаси Златан Лебронни ижтимоий тармоқлар орқали танқид қилишидан бошланди. «Милан» ҳужумчиси Леброн Жеймсни кўпинча спортдан четга чиқиши ва сиёсат ҳақидаги фикрларига муносабатини билдирди.

«У фантастик баскетболчи, аммо машҳур инсонларнинг сиёсат ҳақида ўз қарашларини ошкор қилишини хушламайман. Барчамиз ўз соҳамиздан келиб чиқиб, фикр билдиришимиз лозим. Мен футболда ўзимни яхши ҳис қиламан. Шу боис, асосан шу мавзуда мулоҳазаларим билан ўртоқлашаман. Сиёсатчи бўлганимда, албатта сиёсат билан шуғулланган бўлар эдим.

Ўйлашимча, ҳаётда катта ютуққа эришган инсонларнинг биринчи хатоси ҳам шунда. Улар ўз машҳурлигидан фойдаланиб, ўзлари тушунмаган воқеаларнинг қаҳрамони бўлишга интилади».

erkgerogkerokge

Златаннинг айтганлари кўпчиликда икки хил фикр уйғотгани рост. Афсонавий баскетболчи дарров жавоб қайтаришга қарор қилди. Златаннинг сўзлари омма юзини кўргач, Леброн ўз ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида кўриниш берди.

«Ҳеч қачон жим бўлмайман. Ноҳақликни кўрсам, албатта бу ҳақида ўз эътирозимни билдираман. Мен ирқчилик, ноҳақлик, сохта сайловлар ва бошқа иллатларни танқид қиламан. Афсуски, жамиятимиз бундай иллатлардан холи эмас.

Мен бу жамиятнинг бир бўлагиман. Ўз вақтида, муаммолар менда ҳам бўлган. Шу боис, оғир кунларни бошидан ўтказаётган инсонларни яхши тушунаман. Айнан шу туфайли, ўз мактабимдаги болалар номидан сўзлайман. Ҳозир, мен очган мактабда 300 та болакай таҳсил олмоқда. Мен уларнинг ҳимоячиси ва уларнинг овозиман.

Платформалардаги саҳифаларим орқали чиқишларда, қоронғи жойларга нур киритишга ҳаракат қиламан. Ўйлашимча, ҳар қандай жамиятнинг ўз муаммолари мавжуд. Уларга қарши курашиш учун яна сўзга чиқавераман. Ҳеч қачон биргина спорт билан чекланиб қолмоқчи эмасман. Менинг сўзларим манзилга етиб боришига ишончим комил.»

Леброн швециялик футболчининг ўтмишдаги интервьюларидан бирига ўз муносабатини билдириб ўтишни ҳам унутгани йўқ. Баскетболчи каттагина пост қолдиришдан аввал, ҳар бир сўзга эътибор қаратгани аниқ.

Бундан анча йиллар илгари, Ибраҳимович Швециядаги ирқчилик борасида кескин фикр билдирган эди.

«Агар менинг фамилиям Андерссон ёки Свенссон бўлганида, мени доимо ҳимоя қилишган бўлар эди. Ҳатто, банкни ўмарган тақдиримда ҳам мен давлат ҳимоясига олинар эдим.»

Бу интервью кўпчиликнинг ёдидан чиқиб кетган бўлиши мумкин, бироқ Леброн яна бир бор Златанга барчасини эслатиб қўйишга қарор қилган кўринади.

«Тўғриси, у айтган сўзларида ҳақиқат бормикан, деб ўйлаб қоламан?! 2018 йилда Ибраҳимович ўз фамилияси сабабли кўплаб муаммоларга дуч келгани ҳақида гапирган эди. Бошқа миллат вакили бўлгани учун, ирқчилик кайфиятидаги муносабатга дуч келганини айтган. Энг қизиғи шундаки, у бу сўзларни айтган бўлса ҳам, майдонга чиқишда давом этган. Мени бирор нарсада айблаши мумкин эмас. Доимо ўз ишимни пухта бажаришга ўрганганман.»

kergkoerkgoekrgokerokg_1

Аслида, бу спортчилар ўртасидаги алоқалар илиқ эди. Ибра «Лос Анжелес Гелакси» шарафини ҳимоя қилаётган пайтлари, Леброннинг «Лейкерс»га ўтгани ҳақида пост қолдирган эди. MLS юлдузининг NBA юлдузига берган таърифи кўпчиликнинг эътиборини тортгани рост. Энди эса, улар ўртасидаги кичик «тўқнашув» мухлислар армиясини иккига бўлиб қўйди. Барча изоҳлар орқали ўз фикрини билдиришга уринмоқда. Кимдир, спортчиларнинг сиёсатда ҳеч қачон улкан ғалаба қозонмагани ҳақида гапирса, яна кимдир ҳақиқат бор жойда очиқлик бўлиши тарафдори. Златан ҳозирча Жеймсга жавоб йўлламади, аммо Ибрадан ҳамма нарса кутиш мумкин. Воқеалар ривожини SPORTS.uz да кузатиб боринг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!