Зоир Жўрабоев: "Нефтчи" олдига юқори мақсадлар қўйилмоқда, бу жамоада қолишимга туртки бўлди"
Яқинда "Нефтчи" билан шартномасини узайтирган тажрибали ҳимоячи Зоир Жўрабоев билан мавсум якунлари бўйича фикрлари билан қизиқдик.
Эътиборингизга клуб матбуот хизмати томонидан Зоир Жўрабоев ўртасидагиги интервьюни тақдим этамиз.
- Зоиржон аввало, жамоамиз билан шартнома имзолаганлигингиз билан табриклаймиз. Янги шартномани тузишда кўпроқ нималар туртки бўлди?
- Табрик учун раҳмат. Шартномамни узайтиришимга асосий сабаблардан бири, авваламбор жамоадаги мураббийлар штаби, футболчилар ва ходимлар билан жуда ҳам яхши муносабатдалигим. Шунингдек, Фарғона шаҳрига кўникиб қолганлигим сабаб бўла олади. Бундан ташқари, клуб янги мавсумда ўз олдига юқори мақсадлар қўймоқда. Бу албатта кейинги йилда жамоада қолишимга туртки бўлди.
- Айтинг-чи, "Нефтчи" учун мавсум қандай ўтди?
- Яхши ўтди, деб ўйлайман. Лекин бундан ҳам яхши ўтиши мумкин эди. Биринчи даврадан сўнг чемпионлик учун курашмоқчи ҳам бўлдик, бироқ айрим хатолар бунга йўл бермади. Аммо сўнгги ўйинлардаги ғалабалар мавсумни яхши кайфиятда тугатишимизга сабаб бўлди, деб ўйлайман.
- Суперлига мусобақасида жамоамиз энг кам гол ўтказган клублардан бири ҳисобланади. Бу ҳолатга қандай қарайсиз?
- Бу албатта ёқимли ҳолат, айниқса ҳимоячилар учун. Лекин биласизми, биз ушбу кўрсаткич бўйича биринчи бўлмоқчи эдик. Худо хоҳласа, янги мавсумда ушбу кўрсаткични яхшилашга ҳаракат қиламиз.
- Жамоамиз сафида дебют мавсум ўтказдингиз, шунга қарамай жамоамиз сафидаги барқарор ўйин ўтказган ва майдонда энг кўп ҳаракат қилган футболчилардан бири бўлдингиз? Ўзингиздан шундай дебют кутганмидингиз?
- Жамоага янги келганимда таркибдаги рақобатни кўрдим, ҳимояда тажрибали ижрочилар йиғилган. Ўзимда ҳам ишонч бор эди. Тўғрисини айтсам, ўзим кутганимдан кўпроқ мавсумни ўтказдим.
- Мавсум давомидаги энг эсда қоларли учрашувлар ҳақида гапириб берсангиз?
- Энг эсда қоларли учрашувлар албатта амалдаги Ўзбекистон чемпиони "Пахтакор" жамоасини ҳам уйда, ҳам сафарда мағлуб қила олганимиздир. Шунингдек, "Насаф" ва "Навбаҳор" жамоаларига қарши учрашувлар ҳам анча қизиқарли кечди.
- Тожикистон миллий терма жамоасининг асосий таркибдаги энг ўзгартириб бўлмас футболчисига айландингиз. Нима деб ўйлайсиз, терма жамоангиз бу йил жаҳон чемпионатининг саралаш ўйинларини қандай ўтказмоқда?
- Терма жамоада жуда яхши таркиб йиғилган ва биз ўзимизга ишонамиз, гуруҳимизда рақибларимиздан Саудия Арабистони, Иордания каби кучли термалар йиғилган бўлишига қарамай, кейинги босқичга чиқишни мақсад қилиб қўйганмиз.
- Бу йилги мухлислик ҳақида гапирсангиз ва мухлисларимизга тилакларингизни билдирсангиз?
- "Нефтчи" жамоаси мухлислари мавсум давомида бизни уйда ҳам, сафарда ҳам доимий равишда қизғин қўллаб-қувватлаб туришди. Умуман олганда, яхши мавсум ўтказдик ва ушбу кўрсатчкичларни қайд этишимизга уларнинг ҳиссаси жуда катта. Келгуси йилда мухлислар билан бундан ҳам яхши натижаларга эришишимизга ишонаман!
“Нефтчи” матбуот хизмати.
Фикрлар