Зоран Марушич: "Худо хоҳласа, мухлисларимизга Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини тортиқ этамиз, мухлисларимиз бунга лойиқ"
Ўзбекистон Суперлигаси 22-туридан ўрин олган "Нефтчи" - "Навбаҳор" (1:2) учрашувидан сўнг наманганликлар матбуот хизмати жамоанинг иккинчи голи муаллифи Зоран Марушич билан интервью уюштирди:
"Аввало “Нефтчи”га қарши кечган баҳс борасида тўхталадиган бўлсам, ўйин ўз номи, яъни, “водий дербиси”га хос равишда шиддатли ҳамда кескин курашлар остида кечди. Албатта, мезбонлар ҳам ўз майдонида, минглаб мухлислари кўз ўнгида, бундан ташқари, қайта реконструкция қилинган стадионнинг очилиш маросимида ижобий натижа қайд этиш мақсадида, майдонга тушганди ва бунинг исботи ўлароқ, илк стандарт вазиятдан кейиноқ ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Мазкур ўйинга ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай, Намангандан ҳам “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлаш ниятида кўп минглаб мухлислар ташриф буюрганди.
Бундан ташқари, ўзингизга маълум, жамоамиз жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадлар қўйган. Ушбу омилларни ҳисобга оладиган бўлсак, учрашувнинг бундай тус олиши бизни қониқтирмасди. Натижада ўтказиб юборилган тўпдан сўнг ҳужумкорликни кучайтирган ҳолда, Жамшид Искандеровнинг ажойиб тарзда амалга оширган жарима зарбасидан кейин ҳисобни тенглаштириб, танаффусга 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан чиқиб кетдик.
Учрашувнинг 2-бўлимида ҳам ҳужумкорликни сусайтирмаган, тўпни кўпроқ назорат қилган ҳолда ўйнаб, якунда ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд қилишга муяссар бўлдик.
“Нефтчи”га урган голим жорий мавсумда Ўзбекистон Cуперлигасида рақиблар дарвозасига киритган 8-тўпим эди. Ушбу гол эса жамоамизнинг Ўзбекистон миллий чемпионатларидаги 1450-голи эканлиги, мазкур гол муаллифи сифатида “Навбаҳор” тарихидан ўрин олганимдан хурсандман.
Ўзингизга маълум, жамоамиз айни пайтда иккита фронтда кураш олиб боряпти ва бу кураш охиригача давом этади деган умиддаман.
Худо хоҳласа, мухлисларимизга Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини тортиқ этамиз. Зеро, “Навбаҳор” ишқибозлари бунга лойиқлар.
Нафақат, Ўзбекистон, балки, МДҲ ва Осиё мамлакатларида ўз номи ҳамда обрўсига, ажойиб мухлисларга эга бўлган жамоада ўйнаётганимдан жуда хурсандман.
Жорий мавсум якунига қадар ҳисобимдаги голлар сонини янада ошириш, жамоамизнинг зафарларига муносиб ҳиссамни қўшиш ниятидаман.
Шунингдек, голлар уришимда менга мадад бераётган жамоадошларимга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Улар билан жорий мавсум якунида Ўзбекистон кубоги ва чемпионлик унвонини биргаликда қўлга киритиш насиб этади деган умиддаман".
“Навбаҳор” клуби матбуот хизмати
Фикрлар