Anvar Gʻofurov: "Bu magʻlubiyatni oʻz zimmamga olaman"

  • 18.04.2026 08:23
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Futbol

Суперлиганинг 8-турида "Сурхон" клуби ўз майдонида "Қизилқум"га қарши майдонга тушди. Учрашув тақдирини ягона гол ҳал қилди ва бу меҳмонлар томонидан киритилди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида "Сурхон" бош мураббийи Анвар Ғофуров қатнашди.

- Ўйин ҳақида фикрларингиз?

- "Қизилқум" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Мен кутгандим, шундай ўйин бўлишини ва катта эҳтимол билан битта гол эвазига қайсидир жамоа ғалаба қозонишини билгандим. "Қизилқум" жамоасининг ўйин услуби ўзига хос — улар тўпсиз ҳам самарали ўйнай оладиган жамоа ҳисобланади. Қарши ҳужумларда ўз имкониятларини яратиб, фурсат бўлганда ундан унумли фойдаланишини ҳам билардим ва амалда ҳам шундай бўлди. Биз тўпни кўп назорат қилдик, аммо рақиб жамоа жуда юқори зичликда ҳаракат қилди, 10 нафар бўлиб майдоннинг ўз ярмида яхши жойлашди. Бизнинг ўз ўйинимиз, ўз йўлимиз бор — бироз бошқачароқ йўналишда ҳаракат қиляпмиз ва мана шундай жамоалар билан ўйнаб ўсишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун бизда салоҳият бор, ишонаман — бунинг уддасидан чиқамиз.

- Чинедунинг бир қатор вазиятларда жаҳли чиқиши нима билан боғлиқ, психологик томондан тайёр эмасми?

- Чинедуда бундай ҳолат илк бор кузатилди. Ўзи билан суҳбатлашганимда, рақиб футболчиси унинг шахсиятига тегадиган сўзлар айтгани, ҳатто онасини ҳақорат қилгани учун қаттиқ таъсир қилганини айтди. Бу албатта, ҳар ким учун оғир ҳолат. Лекин майдонда қандай инсон ёки қандай футболчи бўлишидан қатъий назар, фақат футбол ўйнаш керак. Бундай гаплар айтилмаслиги керак, буни нотўғри деб ҳисоблайман.

- Биринчи бўлимда жамоангиз тўп назоратини яхши ушлаб турди, аммо иккинчи бўлимда "Қизилқум"да кўп вазиятлар вужудга келди, бу нима билан боғлиқ деб ўйлайсиз?

- Биринчи бўлимда биз тўпни кўпроқ назорат қилдик ва аниқ голли вазиятлар яратишга умид қилгандик. Аммо рақиб жуда зич ҳимояда ҳаракат қилди. Шу сабабли биз таваккал қилишга мажбур бўлдик. Агар таваккал қилмасак, ўйинни очиш жуда қийин эди.
Шунинг натижасида рақибга кўпроқ тўп ўта бошлади. Ҳар бир узатмада, агар Чинеду якка ҳолатда қолса ҳам, ўша жойда уч нафар марказий ҳимоячи ҳаракат қиларди. Кўпроқ тўп уларга тушди ва қарши ҳужумларда кўпроқ вазиятлар яратишди. Чунки орқада тахминан 50 метрлик масофада зич жойлашишган эди. Албатта, бўш нуқталарда ўйнаш осонроқ ва шу орқали улар имкониятлар яратишди.
Агар биз ғалаба учун ўйнамаганимизда, ўйин бошқачароқ кечиши мумкин эди. Биз ҳам орқага чекиниб ўйнардик, улар ҳам шундай қиларди. Лекин биз майдонга ғалаба учун тушгандик. Бу — футбол, биз эса ўсиш ва ўрганиш йўлидамиз. Жамоамиз ўйинини янада яхшилашга ҳаракат қиламиз.

- Абдуллажоновнинг захирага олиниши сабаби нимада?

- Албатта, биз Асад Каримовни иккинчи бўлимда захирадан майдонга туширишни режалаштиргандик. Сабаби, у якка курашларда яхшироқ ҳаракат қилади. Ўйлагандимки, у футболни соғинган ва бугунги ўйинда бор кучини беради. У жамоага керак эди — янги куч, ўзини исботлашга интилиш бор. Унинг мухлислари, яқинлари бор, унинг ўйинини кузатишади. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, у якка вазиятларда рақибни алдаб ўтиб, имкониятлардан фойдаланади деб ўйлагандик.
Шунингдек, Ричард Фрайдейнинг тезлиги ҳам муҳим эди. Бизга қанотлардан узатмалар бериш керак эди, чунки асосий мақсад — гол уриш эди. Аммо жуда кўп ва аниқ вазиятлар ярата олмадик, чунки марказда рақибнинг 6 нафар футболчиси ҳаракат қилди. Бу эса албатта қийинчилик туғдиради. Лекин бу футбол — керак бўлса, марказда 7–10 нафар рақибга қарши ҳам ҳаракат қилишга тўғри келади.
Мухлисларга катта раҳмат. Бу мағлубиятни ўз зиммамга оламан. Мен ҳам, жамоа ҳам ўсишимиз керак, деб ўйлайман. Чунки келгуси ўйинлар ҳам осон бўлмайди. Шунинг учун биз ягона мақсад йўлида бирлашиб ҳаракат қилишимиз керак.

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!