Tezkor! Shomurodovni superklub olmoqchi
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов Туркия чемпионатидаги самарали фаолиятидан кейин яна қудратли клублар таркибига қайтиш имкониятига эга бўлди.
“Истанбул Башакшеҳир” сафида Туркия Суперлигасида 22 та гол билан тўпурарлик пойгасида ғолиб чиққан 30 ёшли ҳужумчига Саудия Арабистони клубларидан қизиқш бўлаётгани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди.
Энди Туркиялик журналист Фотиҳ Демирколнинг маълум қилишича, Туркия суперклубларидан “Фенербаҳче” ҳужум чизиғини кучайтириш ва янги мавсумда чемпионлик учун курашиш мақсадида Элдор Шомуродовни трансфер қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Туркия футболини ёритаётган яна бир нуфузли манба – sporx.com сайтининг ёзишича, “Фенербаҳче” клуби президенти Азиз Йилдирим узоқ вақт – 2014 йилдан бери чемпионликдан қуруқ қолаётган қора анъанага барҳам бериш мақсадида, жамоа таркибини кучайтиришга бел боғлаган.
Азиз Йилдирим “Фенербаҳче” ҳужум чизиғи самарадорлигини лигадаги барқарор ўйини ва ҳар қандай клубга гол ура олиш қобилиятини намойиш қилган Элдор Шомуродов ёрдамида оширишни мўлжаллаяпти.
Туркия матбуотининг ёзишича, “Фенербаҳче” раҳбариятига ўзбек форвардининг ҳужум марказидан ташқари, ҳар икки қанотда самарали ўйнай олиши, турли тактик схемаларга енгил мослашиши, меҳнатсеварлиги ва ҳаракатчанлиги каби хусусиятлари ҳам қизиқтириб қўйган ва шу омиллар Элдорни “Фенербаҳче” учун биринчи рақамли трансфер нишонига айлантирган.
“Фенербаҳче” тез орада “Истанбул Башакшеҳир” мутасаддилари билан ўзбек легионерининг трансферини муҳокама қилишга тайёргарлик кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шомуродов Ўзбекистон, Россия ва Италия юқори дивизионларидаги фаолиятидан кейин 2025 йилнинг ёзида Туркияга кўчиб ўтган эди. Машҳур ҳужумчимиз “Истанбул Башакшеҳир” таркибида барча мусобақаларда 44 та учрашув ўтказиб, 23 та гол ва олтита ассист муаллифи бўлди.

Fikrlar