Ҳусановни январда олиб кетишмоқчи. Легионеримиз фаолиятини қаерда давом эттиради?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Ланс” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов фаолиятида ўзгариш бўлиши эҳтимоли ошиб бормоқда. Мавсумни ёрқин бошлаган 20 ёшли футболчимиз Европанинг бир неча клублари нишонида турибди.

“Кўҳна қитъа”нинг қатор манбалари ва экспертлари ўзбек футболчисининг келажаги ва  трансфер имкониятлари ҳақида ўз қарашларини ёзмоқда.

Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига бир неча манбаларнинг легионеримиз фаолиятига оид мулоҳазаларини ҳавола қилишни давом эттиради.

Мано Бувье, sport.fr сайти эксперти:

Абдуқодир Ҳусанов бутун Европанинг орзусига айланди. ПСЖ бош мураббийи Луис Энрикега бу ҳимоячи маъқул келди. Лекин ПСЖ ўзбек легионерини олишни истаётган ягона жамоа эмас, унинг харидорлари кўпайиб боряпти.

Бу трансферни амалга ошириш ПСЖга осон бўлмайди. Чунки рақобатга Англия Премьер-лигаси клублари ҳам қўшилган. Бу ишни мураккаблаштирди.

Бошқа томондан “Ланс” раҳбарияти ўзбек футболчисининг трансферидан мўмай даромад ишлаб олишига ишончи комил. Фақат бир масала – бу қачон амалга ошиши ҳозирча номаълум бўлиб турибди.

Леонс Сириак, foot-sur7.fr портали эксперти:

ПСЖ ва “Арсенал” навбатдаги трансфер бозорларида “Ланс”да ўйнаётган ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусановни қўлга киритиш учун анча мураккаб кураш олиб боришига тўғри келади. Рақобат кучайгани сари 20 ёшли легионернинг нархи ҳам кўтарилиб боради.

Инсайдерларга кўра, ПСЖ мутасаддилари Милан Шкриньярнинг январда ёки мавсум охирида клубдан кетиши туфайли Абдуқодир Ҳусанов хизматидан фойдаланиш имкониятини ўрганиб чиқмоқда. Парижликлар бош мураббийи Луис Энрике ўзбекистонлик марказий ҳимоячини Маркиньос ва Уильям Пачога ёрдам бериш учун олиб келишни истаяпти. Ҳусановнинг қобилияти испаниялик мутахассиснинг талабларига идеал тарзда мос тушади.

Лекин бу режани амалга ошириш учун “Арсенал” билан рақобатлашишига тўғри келади. “Канонирлар” бир неча гранд клублар олишга ҳаракат қилаётган Вильям Салибага ўринбосар қидирмоқда. Бундан ташқари, Салиба клубда қолган тақдирда ҳам лондонликлар ҳимоя марказини кучайтиришни мақсад қилган. “Арсенал” ҳар икки вазиятда ҳам Абдуқодир Ҳусановни энг мақбул номзод деб ҳисобламоқда ва трансфер ҳаракатларини январданоқ бошлашни мўлжаллаган.

ALLEZLENS.FR:

Мавсум бошидан бери “Ланс” ҳимояси марказида ўйнаб келган Абдуқодир Ҳусанов “Сент-Этьен” билан бўлган беллашувда ўнг қанотга ўтказилганди. Янги позицияда унинг янги самарали қирралари очилди. Бу ҳолат дарров экспертлар диққатини тортди.

Англия Премьер-лигаси вакилларидан “Ньюкасл” ва “Эвертон” ўзбек футболчисига энди қизиқа бошлаган бўлса, “Арсенал” январь ойида дастлабки таклифини юбориши кутиляпти.

Бироқ, сўнгги маълумотларга қараганда, “Ланс” мавсум ўртасида етакчи ўйинчисини қўйиб юбормоқчи эмас. Улар мавсум якунланишини кутадиган бўляпти. Бу трансфер кўп жиҳатдан “Ланс” чемпионатни нечанчи ўринда якунлаши, қайси Европа кубокларига йўлланма олиши, Кевин Дансонинг келажагига ойдинлик киритилиши каби бир қатор омилларга боғлиқ.

Бироқ шуниси аниқки, мавсум охирида Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”нинг энг қимматбаҳо активига айланади.

Таъкидлаш жоизки, Абдуқодир Ҳусанов футбол сир-асрорларини “Бунёдкор” клуби тизимида ўрганган. Профессионал фаолиятини Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубида бошлади. Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари иштирокидаги ўйинлари орқали қатор хорижий клублар назарига тушди.

“Ланс” уни 2023 йилнинг ёзида ўз сафига қўшиб олди. Ҳусанов Франция чемпионатида ўйнаган биринчи ва ҳозирча ягона ўзбек футболчиси ҳисобланади.

 

“Ланс” Англия грандлари кутаётган Ҳусановни қанчага баҳолаяпти?

“Реал”нинг трансфери Ҳусановнинг гранд клубга ўтишига йўл очади!

Янги позицияда рақибни титратган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?Файзуллаевнинг нархи кўтарилиб кетади!

Россияда Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишига ишонишяпти

Ўзбекистон ҳимоясини мустаҳкам ушлаб турган Ҳусановнинг ўйини Европада қандай баҳоланяпти?

Ҳусанов қачон гранд клубга ўтади?

Ҳусанов Европада чўққига кўтариляпти!

 

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию