“Ланс” Англия грандлари кутаётган Ҳусановни қанчага баҳолаяпти?
Европа манбаларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Ланс” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг келажаги кўп муҳокама қилинмоқда.
Кейинги пайтда ўзбек футболчисига Англия Премьер-лигасининг “Арсенал”, “Эвертон” ва “Ньюкасл” каби клублари қизиқиш билдираётгани ҳақида маълум қилинди.
Бу бежиз эмас, албатта. 20 ёшли легионеримиз мавсум бошидан бери “Ланс”нинг УЕФА конференциялар лигаси ва Франция чемпионатидаги барча ўйинларининг аксариятида учрашувларида жамоасининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этиб келинмоқда.
Табиийки, ёрқин ва шиддатли ўйини билан кўзга ташаланаётган Абдуқодир Ҳусановнинг истеъдоди Европада ҳам эътироф этила бошланди.
- Ҳимоядаги хотиржамлиги, яккакурашлардаги устунлиги, майдонни кўра олиш қобилияти, узун ва аниқ паслари билан танилган Абдуқодир Ҳусанов энг рақиб дарвозасига ҳам хавф солишга уринмоқда. Кейинги ўйинларда ўзбек футболчисининг гол уриш учун ҳаракат қилаётгани ҳам кузатиляпти.
“Ланс”нинг ҳимоя қўрғонига айланиб қолган Абдуқодир Ҳусанов жамоасининг ўнта учрашувидан олтитасида, яъни УЕФА Конференциялар лигасида “Панатинаикос”, Лига 1 турларида “Монако”, “Лион”, “Ницца”, “Страсбур” ва “Сент-Этьен” билан бўлган беллашувларда энг яхши футболчи, деб топилди. Қолган баҳсларда Брис Самба, Уэсли Саид, Кевин Дансо ва Йоаннер Чавес бир маротабадан ана шу номга лойиқ кўрилди, - деб ёзмоқда le11hdf.fr сайти.
Францияда мавсум кашфиёти бўлган Абдуқодир Ҳусановга Англия Премьер-лигаси вакилларининг қизиқиш билдираётгани “Ланс”нинг трансфер сиёсатига таъсир кўрсатади.
- Кўплаб манбалар томонидан учрашувларда энг яхши ўйинчи сифатида эътироф тошкентлик ҳимоячига Англия Премьер-лигасидан қизиқиш бўлаётгани ҳақида маълумотлар тарқатилаётгани асосли.
20 ёшли Ҳусановни бошқа лигалардаги клублар ҳам кузатиб бораётганбўлса, ажаб эмас.
Маълумотларга қараганда, Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубидан 100 минг еврога трансфер қилинган ўзбек футболчисини “Ланс” раҳбарияти 30 миллион евро атрофида баҳоламоқда. Шу сумма атрофидаги нархга “Ланс” бош мураббийи Уилл Стилл ва бош директор Пьер Дреосси иқтидорли ёш ўйинчини қўйиб юборишга қаршилик қилмади.
Айни пайтда легионернинг лансликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ярмигача давом этиши белгиланган, - деб ёзди jeunesfooteux.com сайти эксперти Лоик Жего.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов футболнинг илк сабоқларини “Бунёдкор” академиясида олган. Профессионал фаолиятини Белурснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида олди. Бу клуб сафида жами 37 та учрашувда иштирок этиб, тўрттадан гол ва ассист муаллифи бўлган.
Бир йилдан ортиқроқ вақт давомида Франция чемпионати, Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигаси мусобақаларида “Ланс” учун жами 25 та учрашув ўтказишга муваффақ бўлди.
Ҳусанов 2023 йилнинг июнь ойидан бери Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб қилинмоқда. Халқаро миқёсда ҳозиргача 16 та учрашувда иштирок этди.
Фикрлар