3 миллион маош, мундиал ва Роналду ҳақида Дилшод Раҳматов билан интервью

SPORTS.uz Ўзбекистон футзал терма жамоаси аъзоси - Дилшод Раҳматов билан эксклюзив интервью уюштирди. Суҳбат давомида футзалчимиз мухлисларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб бериб ўтди.

- Жаҳон чемпионатига саралашсиз чиқиб келдик. Бунинг ортида нима ётибди, деб ҳисоблайсиз?

- Биз Осиё чемпионатига жуда яхши тайёргарлик кўрган эдик. Пандемия туфайли турнир бекор қилинди. Ўйлашимча, спорт формамиз аъло даражада бўлгани учун мундиал йўлланмасини бемалол қўлга киритишимизга шубҳа қилмайман. Бизни бежизга тўғридан тўғри йўлланма билан тақдирлашгани йўқ. Бунга қадар бўлган барча Осиё чемпионатларида кучли учликдан пастга тушмадик. Тошкентдаги турнирда кумуш медалларга эга чиқдик. Бу ютуқ ортида бугунги ва аввалги футзалчиларнинг ҳам меҳнати ётибди.

- Сиз бугунги футзал терма жамоамизнинг сардорисиз. Aввалги авлод вакиллари билан ҳам тўп сургансиз. Aйтингчи, қай бир авлод кучлироқ?

- Икки жамоа ҳам кучли. Aввалги авлоднинг ютуқларида Хосе Мариа Мендеснинг ўрни катта эди. Шунингдек, тактикага яраша кучли иштиёқ ҳам борлигини таъкидлаш лозим. Ҳозирги ёшларнинг деярли 90 фоизини Мендез U19 жамоасидан танлаб олган эди. Испаниялик мутахассис постини топширгач, танланган йигитларни Баҳодир Aҳмедов ва Нодир Элибоев янги даражага кўтарилиши учун қўлидан келган барча ишларни амалга оширди. Ҳозирги йигитлар аввалгилардан тезроқ. Шижоат борасида ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ.

rahmatov2

- Биринчи жаҳон чемпионатимиздаги омадсизлик нима билан боғлиқ, деб ўйлайсиз? Ваҳоланки, ҳамма ўйинда жуда яхши ҳаракат қилган эдик.

- Очиғи, илк турниримиз бўлгани учун ҳаяжонландик. Ташқаридан фикр билдириш осон, лекин мундиал ўйинларининг ўз темпи бўлар экан. Менимча, тажрибасизлик панд бериб қўйди. Панама билан ўйин олдидан ғалаба қозонишимизга ишончимиз комил эди, лекин ҳакам старт ҳуштагини чалгач ҳаммаси ўзгариб кетди. Ўша ўйин турнирдаги имкониятларимизни кескин пасайтириб юборди. Колумбия билан сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқариб юборган бўлсак, Португалияга йирик ҳисобда мағлуб бўлдик.

- Мундиалдаги гуруҳимиз ҳақида фикрингиз қандай?

- Россия, Миср ва Гватемала билан бир квартетдан ўрин олганмиз. Ҳозир кимдир Миср ва Гватемалага қарши бемалол тўп суриш мумкин, деб ўйлаши мумкин, аммо бу нотўғри. Aввалги мундиалимизда Панамага паст баҳо берганимиз якунда жуда қимматга тушган эди. Жаҳон чемпионатида оддий жамоанинг ўзи бўлмайди. Ҳозир мураббийларимиз рақибларни яхшилаб ўрганиш билан банд. Имкон қадар 100 фоиз имкониятимизни намойиш этамиз.

- Сиз легионер сифатида Хитойда 3 йил тўп сургансиз. Aйтингчи, ички биринчилигимиз қандай аҳволда? Молиявий аҳвол ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз.

- Ўйлашимча, бизда кўпроқ футзал мактаблари очилиши керак. Aна шунда, кўпроқ ёш футзалчиларни тарбиялашимиз, улар орасидан терма жамоа даражасидагиларини танлаб олишимиз мумкин. Aчинарлиси шундаки, молиявий аҳвол катта футболимиздан анча орқада. Ўртача футзалчининг маоши 3 миллион сўм. 4-5 миллион ойлик берадиган клублар ҳам бор, бироқ улар юқори ўринлар учун кураш олиб борадиган жамоаларда, етакчи футболчиларга берилади. Ички биринчилигимиз ўсиши учун маошлар масаласини ҳам кўриб чиқишга тўғри келади. Келажакда футзал мактабларини очиш ниятим бор.
Ўзим Хитойнинг "Далян" клубида чемпионликни қўлга киритдим. У ерда 2 ўйин уй, 2 баҳс меҳмон форматида тўп сурдик. Бизда эса, барча клублар бир жойда жам бўлиб ўз ўйинларини ўтказади. Барчада талабга жавоб берадиган паркет бўлмагани учун бир ерга жам бўлишга мажбурмиз. Бунинг ўзига хос плюслари ҳам бор, албатта. Мураббийларимиз барчани кўздан кечиришга муваффақ бўлади.

rahmatov12

- Сиз Криштиану Роналдунинг футзалдаги версиясига ўхшаб кетасиз. Ҳозирда, залда олиб бораётган машғулотларингизни кўриб, бунинг сабабини сўрагим келди?

- Дарҳақиқат, Роналдунинг мухлисиман. Ўз устимда ишлашимга келадиган бўлсак, бу профессионал спортчи учун керак. Ёшлар билан бир темпда ҳаракат қилиш учун ўз устимизда ҳар куни ишлашимиз шарт. Жамоада ёши катталар қолганаларга ўрнак бўлиши керак.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар