Абдумалик Ҳалаков: "Бизга берилган ваъдалар амалга оширилгани йўқ"

  • 31 декабрь, 2021, 20:00
  • 3
  • Бокс

Sports.uz эксклюзив интервьюларни тақдим этишда давом этади. Ортда қолган бокс бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медалга эга чиққан Абдумалик Ҳалаковни суҳбатга "тортдик". Ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишга ўрганган спортчи саволларимизнинг барчасига тўлиқ жавоб берди.

Сербияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг, ҳаётингиз ўзгариб кетдими?

- Мусобақадан кейин, ҳаётим ўзгариб кетди деб ўйламайман. Худди аввалгидек, машғулотларда зўр бериб ишлаяпман. Бироз машҳурликни инобатга олмаса, қолган барчаси жой-жойида.

Финалда нима етмай қолди, деб ўйлайсиз?

- Афсуски, тажриба етмай қолди. Рақиб бу борада анча кучли бўлгани боис, финалда мендан доимо бир қадам олдинда бўлди. Бошқа бирор аспектда унга имкониятни бой берганим йўқ. Шунчаки, керакли паллада ҳаяжонларимни жиловлай олмадим холос. Шунга қарамай, кайфиятимни туширмоқчи эмасман. Менда ҳали, яна имконият мавжуд. Насиб қилса, кейинги катта мусобақада албатта олтин медални қўлга киритишга ҳаракат қиламан.

Ўзбекистон бокс терма жамоасини кескин танқид қилинди. Бунга муносабатингиз қандай?

- Бу нормал ҳолат. Айниқса, мухлислар бизни натижамизни ҳазм қила олишмайди. Сабаби, доимо биринчи ўринга уларни ўргатиб қўйганмиз. Ғалаба қозонсак, мақтаб кўкларга кўтаришади. Агар омадсизликка учрасак, ер билан битта қилиб ташлашади. Афсуски, бизнинг мухлислар мана шундай. Уларни кескин танқидларига эътибор бермасдан, янги марралар сари ҳаракат қилиш шарт. Агар яна шоҳсупага кўтарилсак, улар бизни мақташни бошлашади.

Дадангиз сизни спортга қайтаргани ҳақида фикр билдирган эдингиз. Айтингчи, жаҳон чемпионати финалидан сўнг, дадангиз иштирокингизни қандай баҳолади?

- Улар ўзлари ҳам яхши боксчи бўлганлар. Мени жуда яхши тушуна оладилар. Финал жангимдан сўнг, қўнғироқ қилдилар. Кайфиятимни кўтардилар ва келажакда бундан ҳам яхшироқ натижага эришишим мумкинлигини айтдилар. Хатоларимни айтдилар ва улар устида ишлашим кераклигини уқтирдилар. Энг муҳими, ўша пайтда кучли мотивация олдим. Ваҳоланки, ўша ерда ичимдан нима ўтганини ўзим биламан. Финалда енгилдим. Жанг тугагач, бирорта мураббий олдимга келгани йўқ. Агар олтин медални олганимда, барча олдимда бўлар эди. Устозим Даврон акадан бошқа ҳеч ким ёнимда турмади.
Мусобақа якунлангач, ижтимоий тармоқларда сизнинг фикрларингиз кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Айтингчи, ЖЧ якунида сизга ваъда қилинган пуллар берилмагани кайфиятга таъсир қилдими?

- Афсуски, бизга берилган ваъдалар амалга оширилгани йўқ. Биз уларга ишонган ҳолда, юртимизга қайтиб келдик. Майли натижалар кўнгилдагидек бўлмаган бўлиши мумкин, бироқ эркак киши айтган гапини устидан чиқиши шарт. Эркак киши бир сўзли бўлиши лозим. Бизга катта пулларни ваъда берганларни аслида қандай инсон эканлигини билиб олдим. Ундайларни эркак, деб ҳам бўлмайди. Шунга қарамай, юртимизда гапини устидан чиқадиган инсонлар ҳам бор. Бухоро шаҳри ҳокими жаҳон чемпионатидан қайтганимиздан сўнг, ваъда қилинган барча нарсани тақдим этди.

34з34ле34ле

Боксимизнинг аввалги авлод вакиллари ҳозиргисидан кучлироқ эди, деган фикрга қандай муносабат билдирасиз?

- Аввалги авлод ҳозир бир хил даражада. Уларни босиб ўтаётган йўли ҳам ўхшаш. Натижа борасида фарқ катта бўлишига қарамай, келажакда тажриба тўплаб уларни даражасига чиқиш. Бу мақсад сари ҳаракат қилишда давом этамиз. Бизни танлаган йўлимиз аниқ. Натижалар вақти-соати келганида албатта бўлади.

Ҳозир режаларингиз қандай? Профессионал боксга ўтишга тайёргарлик кўряпсизми?

- Ҳозирча, ҳеч қандай таклифни кўриб чиқмоқчи эмасман. Асосий мақсадим машғулотларда ишлаб, Олимпиадада иштирок этиш. Олтин медални қўлга киритгач, кейин бошқа мақсадлар сари ҳаракат қилиш мумкин. Ўйлашимча, профессионал боксда дебют қилишга улгураман. Балки, ундан аввалроқ профессионал боксга ўтарман. Барчаси, менга таклиф этиладиган контрактга боғлиқ.

Белграддаги бокс бўйича ўтган жаҳон чемпионатидаги ҳакамлик борасидаги фикрингиз қандай?

- Тўғриси, бизни деярли барча спортчиларимиз рақиб билан эмас, ҳакамлар билан жанг қилди. Шундай вазиятлар бўлди-ки, ҳатто барча кўриб турган ғолибни қўли кўтарилмади. Шунга қарамай, бу ёш боксчилар учун яхшигина мотивация бўлиб хизмат қилиши керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Joʻrabek Boymatov
05/01/2022 18:04
Sen hali yoshsan hammasiga ulgurasan kayfoyatni tushirma muximi xatolar ustida ishlasang bas taland bor hammasi yaxshi boʼlasi
Baxil Alihuja
01/01/2022 13:34
Кадрли Абдумалик, кунглингни чуктирма! Сен жуда хам яхши харакат килдинг! Финалда хеч ким йук эди дема, сени хамма куриб куллаб кувватлади! Сен бундан хам купрогига лойиксан ва эришасан хам!
Ал-химик
01/01/2022 00:13
"Ўсирақ эшакка арпа уни баҳона" зўри ютаверсин, зўрдан зўри чиқади