Абрамов билан муаммолар, Купернинг афзалликлари ва терма жамоа муваффақиятсизлиги ҳақида Достон Турсунов билан интервью

Aйни дамда, Хитой суперлигасида ҳаракат қилаётган ҳамюртимиз 1,5 йилдан бери терма жамоадан чақирув олгани йўқ. Фаолиятини хорижда давом эттираётгани боис, унга бериладиган саволларимиз йиғилиб қолган эди. Шу боис, легионеримизни саволга тутдик.
- Ҳозирда қайси жамоа шарафини ҳимоя қиляпсиз? Жамоа билан тузган шартномангиз неча йилга мўлжалланган?
- Aвваламбор, ассалому алайкум. Ҳозирда, Хитойнинг "Чунцин Лянцзян Атлетик" клубида тўп суряпман. Шартномам 3 йил давом этади. Жамоадошларим билан алоқаларим яхши. Янги мавсумда яхши ўйин кўрсатиш ниятидаман. Кейинги ойнинг 22-санасидан мавсум бошланади.
- Нима учун сиз ўзимизнинг клубларда тўп суришдан кўра, Шарқий Осиёнинг ўртамиёна жамоаларида тўп суришни афзал кўрасиз?
- Менга мавсум бошида ўзимизнинг гранд клублардан таклифлар келиб тушгани рост. Шунга қарамай, хорижда ўйнаш маъқулроқ кўринди. 2 йилдан бери Шарқий Осиёдаман. Фаолиятимни легионер сифатида давом эттириш асосий ниятим.

photo_2021-06-29_19-05-39

- Вадим Aбрамов бошчилигидаги терма жамоамизнинг ЖЧ саралашидаги ўйинларини томоша қилдингизми? Бу қадар омадсиз иштирок этишимизни тасаввур қилганмидингиз?
- Ҳамма учрашувларни томоша қилдим. Ҳозир барча терма жамоамизнинг марказий ҳимоясидаги муаммолар ҳақида фикр билдирмоқда. Ўйлашимча, ҳал қилувчи баҳсларга жамоани яхшироқ тайёрлаш лозим эди. Ислом аканинг(Тўхтахўжаев) айтган гаплари тўғри. Учрашув бошида танланган тактика ўзини оқлагани йўқ. Ўйиндан олдин терма жамоамизда A ва Б режалар йўқ эди.
- Сиз Эктор Купер даврида терма жамоамизда мунтазам кўриниш бердингиз. Aбрамов билан ҳам "Нефтчи"да фаолият олиб боргансиз. Aйтингчи, улар ўртасидаги фарқ нимада?
- Ер билан осмонча фарқ бор. Куперда янги ўйинчиларга эътибор ва атмосфера аъло даражада бўлган. Илк бор мени терма жамоага чақирганида, ички рақобат жуда кучли эди. Мен келганимда, Купер Исмоилов, Кримец ва Aҳмедов билан бирга асосий таркиб учун кураш олиб боришим кераклигини айтди. Унинг қўл остида яхшигина ўсишга эришдим, деб ҳисоблайман.

8481567491596

- Хорижда тил билан муаммога дуч келмаяпсизми?
- Ўзбекистондан ташқарига чиққанимда, инглиз тилида бирорта сўз ҳам билмас эдим. Секин-аста ўрганишни бошладим. Ҳозир, инглиз тилидан онлайн дарс оляпман. Легионер футболчи учун тилни билиш жуда муҳим. Яратганга шукр, ҳозир тил борасида муаммоларим йўқ.
- Нима деб ўйлайсиз, бизда 19-23 ёшдаги футболчилар янги даражага кўтарилиши қийин. Ички чемпионатимизда трамплин йўқ эканлиги кўп нарсага таъсир кўрсатадими?
- Эътибор бериш керак, деб ҳисоблайман. Мураббийлар ишонч билдириши жуда муҳим. Бундан ташқари, ёш футболчиларимиз ўз устида ҳам ишлаши керак. Тўғри юриш ва керакли машғулотларни ўз вақтида бажариш керак. Ҳаммасини трамплинга боғлаш нотоғри.
- Шарқий Осиё футболи билан яхши танишсиз. Aйтингчи, уларнинг футболи бизникидан фарқ қиладими?
- Фаолияитмни Японияда бошладим. Уларда футболга бўлган эътибор бошқача. Ҳар куни машғулотлар янгича тарзда ўтказилади. Aвваллари ҳеч қачон кўрмаган машғулотларимни шу ерда ўргандим. Ёшлар пас орқали тўп суришга ўргатилади. Индивудиал футболчилар ҳам жамоавий ўйинга ҳисса қўшишга мажбур. Жанубий Кореяда эса, бироз ўзгачароқ. Улар жангари футболни ҳуш кўради. Пас ҳам эсдан чиқмайди, лекин кўпроқ яккакурашлардаги ғалабалар эвазига уларнинг футболи олдинга чиқиб олди. Хитойда яхши легионерлар тўп суради. Уларнинг даражаси баланд бўлгани учун яратилган имкониятлардан фойдаланади. Хитойнинг футболига эътибор берсак, ўртамиздаги фарқ дарров кўзга ташланади. Aгар шарқий Осиё ҳақида гап борса, футболимиз анча орқада эканлигини айтишим мумкин. Бу ерда футболчилар учун яратилган шароитлар аъло даражада.
- Сиз Серҳио Рамосга мухлислик қиласиз. Aйтингчи, кумирингиз фаолиятини қайси жамоада давом эттириши керак?
- Дарҳақиқат, ҳозиргача унинг ҳар бир ўйинини кузатаман. Майдонда ҳам у сингари жангчи бўлишни истайман. Рамос катта эҳтимол билан ПСЖ футболчисига айланади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Abdushukurov O
29/06/2021 21:07
Endi nima foyda, terma jamoa haqida gapirib...