Шу йил энди 19 ёшни қаршилаган Жасур Жалолиддинов ўтган вақт давомида анча-мунча кўзга ташланди-а! Ҳам ўйин томонлама ва унинг атрофида рўй берган воқеалар билан ҳам. Тан олиш керак, унда яхшигина иқтидор бор. Фақат унинг бу иқтидорини “ўғрилашмоқчи” бўлишди. Лекин футболчи бу сафар ўзи учун тўғри бўлган қарорни қабул қилди. Энди биз ортда қолиб кетган “Локомотив” ёки “Тамбов” тарихини ёдга олмоқчи эмасмиз.

Жасур шу қадар эътиборга тушиб қолганидан эндиликда унинг фаолиятида қандай ўзгариш бўлса, дарҳол муҳим воқелик сифатида қабул қилиняпти. Ёдингизда бўлса, мавсум бошида унинг қайси клубда тўп суришини кутаётган бир пайтда Жасур “Андижон”ни танлади. Очиғини тан олайлик, унинг бу борадаги танловини ҳеч ким кутмаганди. Натижада Жалолиддиновнинг “Андижон”га кўчиб ўтиши етарлича шов-шувларга сабаб бўлди. Шу тариқа, унинг “Бургутлар” сафидаги фаолияти бошланди.

жасур3_3

Унинг минглаб мухлислар қаршисида маза қилиб футбол ўйнагиси келаётганди. Бундай муҳитни эса, у кутилганидек, Андижондан топди. Маҳаллий мухлислар Жасурни жуда илиқ қарши олдилар ва қисқа фурсатлар ичида уларнинг ёқимтой ўйинчисига айланди. “Бобур арена”даги муҳит, ишқибозларнинг фаоллиги Жалолиддиновга жуда ёқаётганди. Бунинг устига “Андижон”да унга катта имконият берилди, ўйинни ўз қўлига олишга ҳам рухсат этилди. Статистикага қарасак, бу фикрларимиз ўз исботини топади. У ортда қолган 12 та учрашувнинг барчасида майдонга тушди. Шундан 11 тасида асосий таркибда ва биттасида захирадан ўйинга қўшилди. “Машъал”га қарши 1:1 ҳисобида якунланган баҳсда у пенальтидан гол урди. Шунингдек, “Қўқон-1912” билан кечган учрашувда ҳам Жасур пенальти тепди. Аммо бу сафар гол ура олмади. Ўшанда гол бўлганида ўйин 2:2 билан якун топиши мумкин эди. Хуллас, Жасур “Андижон”да етарлича ўйин амалиётига эга бўлди. Мухлислар футболчини ёқтиришганидан унга “Жесси” деб ном беришди. Натижада Жалолиддинов Андижонда "Жесси"га айланди.

Ўша “Жесси”нинг “Андижон”даги фаолияти узоқ давом этишига ишониш қийин эди. Чунки унга харидорлар кўп эди, айниқса, хориждан. Шу боис катта эҳтимол, узоғи билан биринчи даврадан кейин клубни тарк этиши кутилаётганди. “Навбаҳор”га қарши баҳс олдидан эса унинг “Андижон”даги охирги ўйини эканлиги маълум бўлди. Шунга яраша Жалолиддинов майдонда борини бериб ўйнади, гап бўлиши мумкин эмас. Бироқ бизни ҳайрон қолдирган томони шунда бўлдики, у нега “Андижон”дан кетишга шу қадар шошилди?! Чунки ўша Намангандаги ўйин тугаши биланоқ, жамоа билан Андижонга қайтмасдан тўғри Тошкентга йўл олди. Ажабланарлиси, эртасигаёқ, 4 июль куни Жасур Жалолиддиновнинг “Локомотив” клубига ўтгани эълон қилинди. Шундан билиш мумкинки, футболчи анча аввал “Локо” билан ишни пишитиб қўйган кўринади. Йўқса, “Андижон”даги охирги ўйинини ўтказиб, эртасига бошқа клубга ўтгани расман эълон қилинармиди? Бунинг устига ҳали трансфер ойнаси ҳам очилмаганди. Маълумки, чемпионатимизда 5 июлдан трансфер ойнаси очилди. Жасур эса 4 июль куни “Локо”га ўтгани кенг оммага клуб матбуот хизмати томонидан ошкор этилди.

жасур1_4

Майли, футболчига омад тилаймиз. Лекин бизни бу мавзуда бироз ўйга толдирадиган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Савол туғилади: “Жесси” нега “Локомотив”га ўтди? Тўғри, бу унинг танлови, гап бўлиши мумкин эмас. Бироқ бунгача футболчи билан уюштирган суҳбатларимизда шу нарса аён эдики, у фаолиятини барибир хорижда давом эттириш ниятида эди. Янада эътиборлиси шундаки, Жасур “Андижон”га кўчиб ўтган пайтида берган илк интервьюсида шундай деган: “Бу унчалик ҳам кутилмаган бўлмади. Қайсидир маънода кутилганди ҳам. Бошқа қизиқарли чемпионатларда трансфер ойнаси ёпиқ ва бошқа таклифлар ўртамиёна даражада. Таклиф бўлди, деганда сен у ерга бориб, ўйнаб кетасан, дегани эмас. Шунинг учун шошилмасликка қарор қилдим. Кўп нарса спорт формага ҳам боғлиқ. “Андижон”да ўйнаб, ўйин амалиётимни ошираман. Раҳбарлар ва мухлисларнинг ишончини оқламоқчиман. Ҳар тарафлама ўзимга келиб, кейинчалик бошқа режалар ҳақида ўйлашим мумкин. Ҳозир у ёқдан бу ёққа кўчиб юрадиган пайт эмас. Биринчи навбатда фикримни бир жойга йиғиб, ўйиним ҳақида ўйлашим керак. Чет клублари билан келишув қийин бўлади, улар барибир ўзининг шартларини қўяди. “Андижон”да эса вазият бошқачароқ. Муҳими, улар мени эшитишяпти. Истакларимни ҳурмат қилишяпти. Аниқ айта оламанки, “Андижон”дан туриб Суперлиганинг бошқа жамоасига ўтмайман. “Андижон” менга шуни ваъда берганки, агар менга хориждан яхши таклиф тушса, беш кун ичида қўйиб юборади”.

жасур4_2

Эътибор бердингизми, “Андижон”дан туриб Суперлиганинг бошқа клубига ўтмайман, деб айтган. Кўриниб турибдики, ўтган вақт давомида футболчининг фикри ўзгариб қолган. Ёки “Локомотив” Жасурнинг қарорини ўзгартира олган ҳолда нимадир ваъда қилган. Шунингдек, футболчи билан яна бир уюштирган суҳбатимизда хориж клубларидан таклифлар давом этаётгани ҳақида сўзлаганди. Ўшанда биринчи даврадан кейин Европага кетиш имкониятини 50х50 баҳолагани ҳам ёдимизда. Балки хорижликлар билан музокаралар футболчи истагандек бўлмагандир, буниси бизга қоронғу. Қолаверса, яқинда “Андижон” спорт директори Жасур Европадан тушган таклифларни бекор қилгани ҳақида айтганди. Нима учунлигини билмаймиз.

Фақат битта масала бор: “Андижон” “Жесси”ни “Локомотив”га трансфер қилдими? Агар “Андижон” расмийларининг гапига ишонадиган бўлсак, Жасурнинг клуб билан тузган шартномаси бир йиллик бўлган. У ҳолда “Андижон” клубининг бу борада позицияси қандай? Улар футболчини “Локо”га сотдими ёки келишув бошқача бўлдими? Очиғи, мана шу жойига келганда бироз тушунарсиз вазият юз бераётгандек. “Андижон” бош мураббийи айтганидек, жамоани тарк этганлар орасида Жалолиддиновнинг кетиши жамоа учун катта йўқотиш бўлди. Қизиғи, “Андижон” клуби Жалолиддиновнинг клубдан кетганини ҳали расман эълон қилгани йўқ.   

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Rostgoy
12/07/2021 22:00
Кискаси бизда эркак футболчи кам.яна Бир гап Локо муррабийига савол беришганда Жалол локога утгани тугрисида билмиман хабарим йук деганди. Мана муррабий сурамаган клуб олиб келган. Гап йук яшасин бизнинг футбол.