Бабаян Регламентга беписандлик учун “Турон”га қарши учрашув техник зонасига киритилмайди

“Навбаҳор лочинлари” футбол клуби бош мураббийи маслаҳатчиси Самвел Бабаян Суперлиганинг 17-тури доирасидаги “Навбаҳор лочинлари” — АГМК футбол клублари ўртасидаги учрашув давомида “2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти”нинг 18.20-бандини бузганлиги учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитаси 2021 йил 10 сентябрь кунги 17-сонли қарори билан мутахассисга нисбатан жарима интизом чорасини қўллаган эди.

Шунга қарамай, Самвел Бабаян Суперлига 18-тури доирасидаги “Пахтакор” — “Навбаҳор лочинлари” футбол клублари иштирокидаги учрашув давомида ҳам техник зона учун амалда бўлган Регламент талабларини қўпол равишда бузди ҳамда ЎзПФЛ комиссарига нисбатан беписанд муомалада бўлди.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “Навбаҳор лочинлари” мутахассиси Самвел Бабаяннинг Суперлига 19-туридан ўрин олган “Турон” – “Навбаҳор лочинлари” ўйини вақтида техник зонада ҳаракатланишига нисбатан чеклов қўяди ва унинг лицензиясини 1 та тур учун бекор қилади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатди.

Шунингдек, Самвел Бабаянга нисбатан белгиланган жарима тўлови тўлиқ тўлаб берилмагунига қадар, у ЎзПФЛ байроғи остида ўтадиган мусобақаларда техник зонага киритилмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Металлург” бош мураббийи Жасур Абдураимов Регламент талабларини икки қайта бузгани учун шундай жазога лойиқ кўрилганди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар