“Барса” енгилмас жамоага айланади. Хави тўрт суперфутболчини чақирди!

Юлдузли даврларини “Барселона”да ўтказган Хави Эрнандес тобора чўкиб бораётган жамоани қутқариш учун Каталонияга олиб келинди. Испания чемпионатининг ўртамиёна вакилига айланиб бораётган “Барселона” кейинги пайтда мураббийга ёлчимаётгани кўриниб қолди. Ҳатто “Барселона” фалсафасини яхши билган Рональд Куман ҳам ҳеч нарсани уддалай олмай, бош мураббийликдан истеъфога чиқарилди.

Энди навбат Хавига. Биринчи навбатда, янги бош  мураббий жамоада катта ислоҳотларни амалга ошириш кераклигини яхши англаб турибди. Молиявий инқироз даврида клуб раҳбарияти асосан эркин агентга айланган футболчиларни таркибга қўшиш ёки бошқа жамоалар билан ўйинчи алмашиш билан шуғулланди. Лекин бу усул кутилган натижани бермади.

Хави Эрнандес мукаммал жамоа тузиш учун маҳорат ва истеъдод бобида беназир футболчиларга эга бўлиш кераклигини яхши билади. Каталонияликлар Лионель Мессини қўлдан чиқарганидан кейин жамоани янги юлдузлар билан кучайтириши талаб этилмоқда.

111_1781

Янги бош мураббий клуб раҳбарияти олдига уч нафар суперфутболчини олиш вазифасини қўйди. Ҳозир шу номзодларни кўриб чиқамиз.

Эрлинг Холанд

Хавига зудлик билан тўпурар ҳужумчи керак. Уни Куман тўплаган нидерландиялик ўйинчилар қониқтирмайди. Шу боис, испаниялик мутахассис “Боруссия” тўпурарини Эрлинг Холандни олиб келишни сўраяпти. Хави рўйхатида биринчи ўринда турган норвегиялик ҳужумчини олиш катта маблағ ва рақобатбардошликни талаб қилади.

Холанднинг харидори жуда кўп ва уларнинг бари молиявий жиҳатдан қудратли клублар. Эрлингни оладиган жамоа унга 40-50 миллион евро атрофида йиллик маош ажратиш баробарида, футболчининг агенти Мино Райоланинг ҳам ҳакалак отган нафсини қондириши керак.

111_2692

Поль Погба

“Барселона”нинг янги бош мураббийи майдон марказидаги ишларни “Манчестер Юнайтед”дан кетишга тайёр турган Поль Погбага топширмоқчи. Каталонияликлар январдан франциялик юлдузни Хави қўл остида ўйнашга кўндирса, у мавсум якунланиши билан эркин агент сифатида жамоага бепул қўшилиши мумкин.

Бироқ, Жоан Лапорта ҳал қилиши керак бўлган бошқа масала бор. Поль Погба катта маош олиб ўрганган ўйинчи. “Барселона” хўжайинлари кейинги икки йилда барча футболчилар ва ходимлар маошини кесиш билан молиявий инқироз оқибатларини юмшатишга уринаётган бир паллада Погбага отни калласидек маош ваъда қилиши мантиқсизликдек кўринмоқда. Погба келиб, мўмай маош олиши, даромади кесилган бошқа ўйинчиларда норозилик келтириб чиқариши ва бунинг оқибатида ички муҳит бузилиши табиий.

111_3137

Дани Ольмо

Барселоналик мухлисларга шу шаҳарда вояга етган ўйинчи жамоа шарафини ҳимоя қилиши муҳим аҳамият касб этади. Ҳозир Бундеслигада “Лейпциг” шарафини ҳимоя қилаётган Испания терма жамоаси аъзоси Дани Ольмо айнан шу талабга тўғри келади. Барселона шаҳрида таваллуд топган Ольмо Хави рўйхатида учинчи қаторда қайд этилган.

Истеъдодли ярим ҳимоячи майдон марказидаги етакчилик учун Поль Погбанинг альтернативи ҳисобланади. Қолаверса, Ольмонинг ўйин услуби Погба билан бир таркибда тўп тепиш имконини ҳам беради. Бир сўз билан айтганда Дани серқирра ўйинчи.

Қоларвеса, Дани Ольмо “Барселона”нинг нозик нуқтаси – ўнг қанотига яқин зоналарни ёпиб бериши мумкин. Ҳозир бу позицияда ўйнаёган футболчиларга тажриба етишмаётгани яққол намоён бўлмоқда.

289f11

Жюль Кунде

Албатта, ҳимоя чизиғи ҳам Хави назаридан четда қолмади. 41 ёшли мураббий бу позицияга биринчи бўлиб Жюль Кундени олмоқчи. Франциялик футболчининг ўзи ҳам “Севилья”дан тезроқ қочмоқчи. Лекин уни олиш учун камида 60 миллион евро харажат қилиш керак. Даъвогарлар ҳам кам эмас.

Хави олдида турган яна бир мураккаб вазифа – жамоани Серхио Бускетс, Жерар Пике, Серхи Роберто, Жорди Альба каби тажрибали ўйинчиларидан тозалаш. Бу футболчилар ёши катталиги ва узоқ йиллардан бери “Барса” таркибида тўп сураётгани боис ёшларга ва ҳатто клуб раҳбариятига босим ўтказишга қодир. Ноқулай томони шундаки, Хави футболчилик даврида улар билан бирга ўйнаган ва “отахон”ларнинг жойини ёшларга олиб бериш учун анчагина шижоат талаб этилади.

004122_m

Хавининг режаларини ҳаётга тадбиқ этиш учун Жоан Лапортанинг тадбиркорлиги керак бўлади. Чунки буларнинг бари катта маблағ эвазига амалга ошади. Нима ҳам дердик, гранд клуб мавқеини қайтариш арзон ва осон бўлмайди. Зеро, футболни чидаганга чиқарган...

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар