Бу 10 йил аввалги

Бундан бир неча йил аввал Қарши клуби ўз уйида "Кувайт СК" устидан ғалаба қозониб, юртимиз клубларининг халқаро миқёсдаги илк совринига эга чиққан эди. Бугунги "Насаф"дан ҳам чемпионлик кутганимиз рост. Бунга ҳаққимиз бор эди. Баҳслашмайман. Фақат истар эдимки, 10 йил аввалги чемпионликни такрорлай олмаганларни койиманг!

Шунчаки, ўша даврдаги клуб бюджети, тўп сурган легионерлар ва "Насаф"га бўлган эътибор ҳозиргидан бир неча бор яхшироқ бўлганини эслатмоқчиман, холос. Хорижлик мураббий, ҳар бир чизиққа биттадан сифатли легионер, ўз вақтида ортиғи билан тўланган маошлар... Бу рўйхатни узоқ давом эттиришимиз мумкин.

Ҳозирги "Насаф"-чи? Моддий имкониятлари чеклангани учун кучли легионер олиб келиш уёқда турсин, ўз тарбияланувчиларини ҳам жамоада ушлаб қолишга пули етмаётган "аждарлар"дан ўпкалашга ҳаққимиз борми? Ҳар мавсум маҳаллий "болалар"дан янгидан кучли жамоа тузишга мажбур бўлса-да, юзидаги ғамни кўрсатмайдиган Рўзиқул Бердиевдан ранжидингизми? Ёки, ҳомийлар йўқлиги боис, 5-6 ойлаб маош олмаса-да, клуб логоси учун майдонда 90 дақиқа жанг қилишдан чарчамайдиган қаршилик футболчилар кайфиятингизни тушириб юбордими?

Финалдаги мағлубятлар аламли бўлади. Айқниса, бу клуб 10 йил аввал бу совринни бемалол ютганини кўрганлар учун буни ҳазм қилиш икки ҳисса оғир, бироқ вазиятга тўғри баҳо бериш учун ўлчовни тўғирлаб олиш кераклигини унутманг!

Финалга қадар босиб ўтилган мураккаб йўлдаги машаққатларни футболчилар, мураббийлар штабидагилар билади, холос. Жарималар, ҳакамлик, ички низолар, моддий муаммолар, лидерларнинг клубни тарк этиши ва бошқа тўсиқларга қарамай, "Насаф" 10 йил аввалги ўз версиясининг шаънига доғ туширмасликни муносиб уддаламоқда. Бунинг учун кўп нарса қурбон қилинаётганига қарамай, клуб ўзининг гуллаган даврларида ўрнатган "планка"дан пастга тушгани йўқ.

Аламли мағлубиятга учраганимиздан сўнг барча айбдор излашни бошлайди. Афсуски, бундан ҳеч ким наф кўрмаган. Ҳозир "Насаф"ни қўллаб-қувватлаш, йигитларни руҳлантириш лозим. Биргина бой берилган финал ўзбек футболининг келажаги бўлишга қодир йигитларни "синдириб" қўймаслиги шарт. Тошойналарни излаётган мухлислар қолдирган изоҳларни ўқиб, машҳур ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг бир сўзи ёдимга тушди.

"Ғалабангга ҳаммадан кўпроқ ва дадил қарсак чалаётганлар, йиқилганингда биринчи бўлиб унутади".

МТЖ, Абрамов, Купер ўз йўлига, "Насаф"нинг йўриғи бошқа. "Ўзимизники" бўлган йигитларни улар учун энг оғир кунида чин мухлислар ёлғизлатиб қўймайди. Ҳар ҳолда, шундан умидим бор. Унутманг, бугунги мағлубиятдан тўғри чиқарилган хулоса, эртанги улкан ғалабалар дебочасидир.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davron Jenjayev
06/11/2021 08:59
Biz nasafdan faxirlanamiz
Ulja Tojiev
06/11/2021 06:56
мен хафа эмасман йигитларга рахмат Аликулов урнинг билинди
Baxil Alihuja
06/11/2021 10:45
Насаф фахрланса арзигулик жамоа! Бошка хеч бир узбек клуби хатто финалга чикмаган. Пахта куйувчи клуб чемпион булиб, осиёда шармандаси чикиб юрибди.
Anvar Abduazizov
06/11/2021 01:18
Ha endi shu gaplar agarda NASAF g‘alaba qozonganda bormi bu gaplarni aksini aytgan bo‘lardinglar ortiqcha so‘zga o‘rin yo‘q.Nasaf yutqazdi.KIMNINGDIR MAG‘LUBIYATI KIMLARNI HAFA QILSA YANA KIMLARNIDIR HURSAND QILADI.

Минбар

Барча блоглар