Эшитдингизми,

“Сурхон” клуби Суперлиганинг 19-тур қолдирилган учрашувида ўз уйида “Насаф” билан куч синашди ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб бир очкони қўлга киритди. Ўйин жараёни қандай ўтганини энди кўпчилик билади. Майдон эгалари 0:2 ҳисобида ортда қолаётиб якунда иккита гол уриб мағлубиятдан қутулиб қолдилар. Шу сабабли “Сурхон” лигада қолиш учун курашда қимматли бир очкони қўлга киритди. Термизликлар бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров Sports.uz мухбири билан мулоқотда дастлаб, ўйиндан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Биринчи таймда “Насаф” биздан кучлироқ ўйнади. Тўпни ҳам назорат қилишди. Умуман, жамоамизда кўп нарса ўхшамади. Биз бошқача ўйин услубини танлагандик, тўпни ўзимизда назорат қилмоқчи эдик, аммо бу ўзини оқламади. Рақибга тўпларни олдириб қўйдик. Иккинчи бўлимда эса ўйин услубимизни ўзгартирдик ва бу ўз натижасини берди. Фақат голларни ўз хатоларимиз эвазига ўтказиб юборганимиз ишимизни қийинлаштириб қўйди. Асосийси, футболчиларимиз “синмади”. Омадимиз ҳам келди. 0:2 дан кейин жавоб голларини вақтида уриб олдик. Битта гол урганимиздан кейин дурангга имконият бўлди, бунга эришганимиздан сўнг энди ғалаба учун ҳам имкониятимиз пайдо бўлди. Тўғри, “Насаф”да ҳам икки-учта яққол голли вазиятлар бўлди, бизда ҳам. Умумий олиб қараганда, биз мураббийлар штаби натижадан қониқиш ҳосил қилдик. Аммо у қадар хурсанд бўлиб кетмадик. Боиси, вазифамиз бажарилмади, фақат бир очко олдик. Шунчаки, “Насаф”га қарши 0:2 ни 2:2 га айлантирганимиздан мухлислар ҳам қониқдилар деб ўйлайман. Бу натижадан хафа бўлмадик.

сурхон6

Балки бу дуранг “Сурхон” учун ғалабага тенгдир. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, мезбонлар 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраётиб ўзида куч ва ирода топа олди ва иккита гол уриб қийин вазиятдан чиқиб кетди. Жамоа қандай қилиб характерини кўрсата олгани биз учун қизиқ эди. “Сурхон” устози вазиятга қуйидагича изоҳ берди.

- Ўйин пайтида ҳар хил хаёл ўтади. 0:2 бўлиб турганида ютқаздик, деб ўйлаш мумкин ёки охиригача ютуққа ишонгингиз ҳам келади. Аммо ўйинда ўйлагандимки, “Насаф” икки-учта учрашувдан бери оғир ўйинларни ўтказяпти. ОФК Кубогида ҳам қийналди. Чемпионатда ҳам қийин ўйинларда қатнашди. Сафарга бориб келишлар ҳам ўз таъсирини ўтказади. Таркибида гарчи маҳоратли ўйинчилари бўлса-да, 60-70-дақиқадан кейин жамоанинг ўйин сифати йўқолди ва биз буни кутгандик. Биринчи таймдан кейин футболчиларимизга озгина чидайлик, рақиб тўхтайди, деб айтгандик. Битта сабаби чарчоқ аломати бўлса, иккинчи сабаби уларнинг кўп ўйинчилари ёш ва ҳисоб 2:0 бўлиб турганида жамоа бўшашиб қолади. Вақтида гол урганимиз бизга қўл келди. Бундай пайтда рақиб жамоанинг ўзини тиклаб олиши қийин бўлади. Гол бизни руҳлантирди ва ўйинимиз ҳам қовушди. Захирадан майдонга тушган футболчиларимиз ўйинни кучайтирдилар.

сурхон4

Дарвоқе, иккала жамоа ўртасидаги ўзаро ўйинлар статистикаси “Сурхон” учун шунчаки дахшатли эди. Боиси, Термиз клуби 1999 йилдан бери “Насаф”ни ютолмаётгани, охирги марта 2000 йили дуранг ўйнагани ҳақида учрашувдан аввал сайтимиз орқали алоҳида мақола ҳам чоп этгандик. Бу хусусида ҳам Баҳром Ҳайдаров ўз фикрини билдирди.  

- Ўйиндан олдин статистикадан хабаримиз бор эди. Чунки 2000 йилги ўйинда мен ҳам “Насаф” таркибида “Сурхон”га қарши ўйнаганман. Ундан кейин ҳам бир неча бор “Сурхон”га қарши ўйнаганмиз ва доим ютганмиз. Ўтган йили иккала учрашувда ҳам мағлубиятга учрадик. “Сурхон”нинг “Насаф”га анча йиллардан бери ютқазаётгани ҳақидаги мақолани ўқиб чиққандик ва бу сафар яқин тарихни ўзгартириш мақсади бор эди. Бу ҳақида футболчиларга ҳам айтганмиз. Яхши, бу сафар ютқазмадик, мағлубиятни дурангга айлантира олдик.

“Сурхон” ҳам Суперлигада қолиш учун курашяпти ва аутсайдерлар орасида бу жамоанинг имкониятилари чакки эмас. Термиздаги дурангдан сўнг “Сурхон”нинг очколари 22 тага етди. Лекин Ҳайдаров жамоасининг қолиш имконияти ҳал бўлмаганини айтди.

бахром_7

- Йўқ, ҳали ҳеч нима ҳал бўлмади. Чунки таъқибчиларимиз билан ўртада ҳеч қанча фарқ йўқ. Келаётган турда кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин. Иккита клубда 19 та ва биттасида 20 очко бор. Тўғри, охирги турда “Машъал” билан ўйнаймиз. Аммо 25-турда кўп нарса ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Биз эса ҳозирча ҳеч нимани ҳал қилганимиз йўқ. Агар “Насаф”га қарши охирги дақиқаларда Холтўраев имкониятдан фойдаланганида зўр бўларди.

Шунингдек, охирги пайтларда “Сурхон” клубига янги ҳомий бириктирилиши ва бу орқали жамоа жиддий равишда кучайиши ҳақида гап-сўзлар йўқ эмас. Маълум бўлишича, бу борадаги ишлар бошлаб юборилган. Бош мураббий сўзи охирида шу масалага ҳам тўхталди.

- “Сурхон”га ҳомийлик қилмоқчи бўлган компания вакиллари клуб билан учрашди. Жамоани декабрь ойида қабул қилиб, ҳомийликни бошлаймиз, дейишяпти. Бу катта лойиҳа бўлса керак. Улар нафақат клубни, балки бутун инфратузилмани яхшиламоқчилар. Нияти катта, қолганини кўрамиз-да.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ашуров Бахтийор
13/11/2021 12:11
Олға сурхон!!!

Минбар

Барча блоглар